Мақолалар

Исломда суннатга эътибор.

         Маълумки,  динимизда шариат манбалари 4 та ҳисобланади:

  1. Қуръони карийм
  2. Суннати Набавийя
  3. Ижмоъ
  4. Қиёс

Биз бу манбаларнинг иккинчиси ҳособланган суннати Набавийя ҳақида тўхталмоқчимиз.

Аввало бу илмни ўрганиш Аллоҳ таолонинг розилигига эришишимиз учун сабаб бўлса, ундан кейин қилаётган амалларимиз, ибодатларимизнинг мукаммал бўлишлиги учун пойдевор бўлади. Чунки шариатимизнинг жудаям кўп буйруқлари ва қайтариқлари Қуръони каримда қисқача буюриб кетилган бўлса, Расулуллоҳ с.а.в. уларни ўз суннатлари орқали шархлаб қачон ва қандай ҳолатда бажарилишини таълим бериб кетганлар. Ислом дини икки қоида асосига бино қилинган: 1)Аллоҳга ибодат қилиш ҳамда 2)шу ибодат жараёнида Расулуллоҳ с.а.в.га итоат қилиш. У зотга эргашиш бўлмаган ва суннатга хилоф бўлган ҳар қандай амал рад этиладиган бидъатдир.

Пайғамбар с.а.в.нинг саҳобалари ҳар бир ишларида у зотга тақлид қилишар эди.

Аллоҳ таолодан фармон бўлган амалларни Расулуллоҳ с.а.в.га хос эмаслигини билган заҳоти ўша амални ҳаётларига тадбиқ қилиш учун мусобақалашар эдилар.

Лекин Расулуллоҳ с.а.в.нинг вафотларидан кейин Рофизийлар каби турли хил бидъатчи адашган тоифалар у зотнинг суннатларини инкор қилиб, фақатгина Қуръони карим шаръий далил бўла олади деган ботил даъволар билан чиқдилар. Бу ҳақида Сарвари коинот с.а.в. олдиндан хабар бериб: “Шундай кунлар келадики, бирортангиз мендан бир ҳадисни эшитганда: ““Биз фақат Қуръонни биламиз, унда нима ҳалол дейилган бўлса ўшани ҳалол деймиз. Унда нима харом дейилган бўлса ўшанигина харом деймиз” – деб айтади” – деганлар.

Шиалар, хорижийлар ва уларнинг маслакдошлари суннатни чалкаштириш, бузиш, динда фасодни кўпайтиришга қанчалик уринмасинлар қалби пок мусулмонларнинг “Жумҳури аъзам”и суннати Набавийни маҳкам ушлаган ҳолда уни бузғунчилардан ҳимоя қилдилар. Имом Бухорий, Имом Ат-Термизий каби ватандош алломаларимиз умрларини Расулуллоҳ с.а.в.нинг суннатларини қоим қилишга сарфладилар.

Дархақиқат, Расулуллоҳ с.а.в. Аллоҳ таолонинг каломи ҳамда ўз суннатлари орқали инсониятни ҳидоят йўлига бошлаш учун келдилар. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай баён қилинган: “Батаҳқиқ, Аллоҳ мўминларга ўзларидан Пайғамбар юбориб, неъмат берди. У уларга Аллоҳнинг оятларини тиловат қилиб берадир, уларни поклайдир, китоб ва ҳикматни ўргатур. Гарчи олдин очиқ-ойдин адашувда бўлсалар ҳам” (Оли-имрон, 164) Муфассирларимиз оятдаги “ҳикмат”дан мурод суннатдир деб айтганлар.

Расулуллоҳ с.а.в.нинг суннатлари у зотнинг ҳаёт тарзларидан иборат бўлиб, уларга амал қилиш Пайғамбар с.а.в.нинг шафоатларига дохил бўлишга сабабдир. Беэътиборлик натижасида унутилган бирор суннатни қайтадан амалга татбиқ қилиш у зотнинг ўзларини ҳаётга қайтариш билан баробар ажрга эга эканлиги ҳақида ҳам ҳадислар мавжуд.

Аллоҳ таоло ўзининг муборак Каломида ўттиздан ортиқ ўринда Расуллуллох с.а.в. га итоат қилишга буюрганлигининг ўзи суннатнинг аҳамиятини белгилаб беради. Қолаверса, бир неча ўринларда Пайғамбар с.а.в.га эргашмаганларни қаттиқ огоҳлантиради. Жумладан, Нур сурасининг 63-оятида шундай марҳамат қилади: “....Пайғамбаримизнинг амрига хилоф иш тутадиган кимсалар ўзларига бирор кулфат етиб қолишидан ёки аламли азоб етиб қолишидан сақлансинлар!”

Демак Расулуллоҳ с.а.в. нинг суннатларига хилоф иш тутган кишига бу дунёнинг ўзида ҳам турли хил мусибатлар, қийинчиликлар етиши аниқ экан. Бунинг мисолини ҳозирги хаётимизга ибрат кўзи билан қарасак жудаям кўпларини кўришимиз мумкин.

Суннатнинг долзарблигини биз шариат  ҳукмларида кўрамиз. Муҳаммад с.а.в.нинг суннатлари гўё Қуръони каримнинг шарҳи бўлиб у Қуръон оятларининг маъноларини янада кенгроқ тушунишга, ундаги аҳкомларни батафсил идрок этишга хизмат қилади.Суннат Қуръони каримда умумий тарзда баён қилинган хабарларга тафсилотлар киритади ва уларни бойитади. Масалан: намознинг вақтлари, ракаатлари, ўқилиш тартиби, рўза, закот, ҳаж, никоҳ, талоқ, ҳалол ва харомни белгилашдаги мезонлар каби ҳаётимизнинг бир бўлагига айланиб  кетган ибодатларнинг  барчасининг  адо қилиниш кайфияти фақатгина суннат орқали жорий бўлган.

Шунинг учун уламоларимиз суннатни таърифлаб айтишадики : “Суннатнинг маъноси Аллоҳ ҳузуридан нозил бўлган, лафзи эса Расулуллоҳ с.а.в.га мансубдир. Шу сабабли суннатнинг маъносини ривоят  тариқасида  келтириш мумкин. Унинг арабча лафзини  келтирсалар ҳам бўлади, келтирмасалар ҳам бўлади. Суннат фаришта воситаси билан уйқуда ҳам, уйғоқликда ҳам нозил бўлгани учун, унинг лафзи мўъжиза эмас, тиловати ибодат эмас”

Улар ўзларининг ушбу сўзларига Аллоҳ таолонинг: “Ботаётган юлдуз билан қасам, Сизнинг биродарингиз адашгани ҳам йўқ, йўлдан озгани ҳам  йўқ. У ҳаводан нутқ қилмас” (Нажм,1,2,3) – деган  сўзини ҳужжат қиладилар. Шунинг учун Суннат Қуръондан кейинги муҳим манбадир. Ривоят қилинишича бир куни Имрон ибн Ҳусайн (р.а) жамоатга шафоат масаласига доир ҳадисни  айтиб бераётганларида, ўша ерда ўтирган кишилардан бири: “Эй Абу Нажийд, нега сен бизларга Қуръонда айтилмаган нарса  хақида гапиряпсан?”-деди. Шунда Имрон ибн Ҳусайннинг (р.а) жаҳли чиқиб: “Сен ўзинг Қуръон ўқиганмисан ?-дедилар. У: “Ҳа” – деди. “Ўқиган бўлсанг, унда хуфтон намозининг фарзи тўрт ракаат, Шом  уч ракаат, бомдод намози икки раккат, пешин ва аср намозларининг фарзи тўрт ракаат деб ёзилганини кўрганмисан?” – дедилар. У: “йўқ” – деди. “Ундай бўлса сен буларни қаердан билдинг, биз Расулуллоҳ с.а.в.дан ривоят қилиб айтган ҳадислардан эмасми?!” – деб  Қуръонда тафсилоти берилмаган нарсалар суннат орқали билинишига ишора қилдилар. (Байҳақий)

 Манбаалар асосида Олмазор туманидаги "Мевазор” масжиди ноиб имоми Исломов Ёрбек тайёрлади.

421 марта ўқилди
Другие материалы в этой категории: « Ой балқиган тун Тавозелик фазилати »

Мақолалар

Top