Мақолалар

Мусо алайҳиссалом ва солиҳ банда қиссалари

Биз муҳаддисларнинг имоми, мўминларнинг ҳадис илмидаги амри, Имом Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий раҳматуллоҳи алайҳи ўзларининг “Саҳиҳ” китобларида келтирган ривоятлардан бирини келтирамиз.

У киши «Китобут Тафсир»да Аллоҳ таолонинг: «Бир куни Мусо ўз йигитига: «То икки денгиз қўшиладиган ерга етмагунимча ёки узоқ муддат кезмагунимча юришдан тўхтамайман», деганини эсла» – деган қовли ҳақидаги Боб» сарлавҳаси остида қуйидагиларни ривоят қиладилар:

Саъид ибн Жубайрдан ривоят қилинади: «Мен ибн Аббосдан: «Навфал ал-Баколий: «Ҳизр алайҳиссаломга ҳамсуҳбат бўлган Мусо Баний Исроилга Пайғамбар бўлган Мусо эмас»–демоқда, шу тўғрими?»–деб сўрадим. Ибн Аббос (ғазабланиб): «Аллоҳнинг душмани ёлғон гапирибди, менга Убай ибн Каъб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги ривоятларини айтиб берган эди»,–деди.

«Мусо алай-ҳиссалом Баний Исроилга хутба қилиб турган эканлар, шунда у кишидан: «Одамларнинг орасида энг билимдони ким?»– деб сўрашди. Мусо алайхиссалом: «Мен»–деб жавоб бердилар. Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломга танбеҳ берди, чунки у киши «Аллоҳ билимдонроқ», демадилар. Кейин, Аллоҳ таоло: «Икки денгиз қўшилган жойда Менинг бир бандам яшайди, у сендан билимдонроқ», деб ваҳий қилди. Мусо алайҳиссалом: «Эй Роббим, мен ул зотни қандай топаман?»–дедилар.

Аллоҳ таоло: «Бир балиқни саватга солиб, кўтариб оласан, қаерда ўша балиқни йўқотсанг, шу жойда Хизрни кўрасан»,– деди.

Мусо алайҳиссалом бир балиқни саватга солиб, йулга тушдилар, хизматкорлари Йушаъ ҳам бирга эди. Юра-юра бир тепалик ёнига келиб, бошларини ерга қўйдилар-да, уйқуга кетдилар. Саватдаги балиқ эса тирилиб, ҳаракатга келди-да, денгизга тушиб, сузиб кетди. Аллоҳ таоло балиқ сузиб ўтган йўналишдаги сувни оқишдан тўхтатиб, бинонинг йўлагига ўхшатиб қотириб куйди. Хизматкор йигит Мусо алайҳиссалом уйғонганларида балиқнинг йўқолганини айтишни унутди. Улар яна бир кеча-кундуз йўл юришди. Эртаси куни Мусо алайҳиссалом ҳамроҳларига: «Егулигимизни келтир, сафаримизда бироз машаққат тортдик»,–дедилар.

Дарҳақиқат, Мусо алайҳиссалом Аллоҳ таоло боришни буюрган ўша балиқ йўқолган жойгача ҳеч машаққат чекмаган эдилар, аммо кейинги бир кечаю-кундузда қаттиқ қийналдилар. Мусо алайҳиссаломнинг ҳамроҳлари: «Эсингиздами, бир тепалик олдида ухлаган эдик. Ўша ерда мен балиқни йўқотган эдим, лекин сизга айтишни унутибман. Албатта, буни менга шайтон унуттирган»,– деди. Балиқ эса сирли суратда денгизга тушиб ғойиб бўлган эди. Мусо алайҳиссалом ва у кишининг хизматкорлари унинг қандай қилиб ғоиб бўлганини билолмай таажжубда қолишди. Кейин, Мусо алайҳиссалом: «Мана шу биз истаган нарсадур»,– дедилар-да, Хизр алайҳиссаломни излаб хизматкорлари билан орқаларига қайтдилар. Улар юра-юра ниҳоят икки денгиз бирлашган жойдаги тепалик ёнига келишди. Шу ерда кийимига уралиб олган бир кишини учратишди. Мусо алайҳиссалом салом бердилар. Хизр алайҳиссалом у кишига жавобан: «Сизнинг ерингизда қаердан ҳам тинчлик (салом) булсин?!»–дедилар. «Meн Мусоман», дедилар, Мусо алайҳиссалом. «Баний Исроилнинг Мусосимисан?» дедилар Хизр алайҳиссалом. «Ҳа, ўзингиз билган илмдан менга ҳам ўргатсангиз, деб келдим», дедилар Мусо алайҳиссалом. Хизр алийхиссалом: «Сен мен билан сабр қилиб юра олмайсан. Эй Мусо, менда Аллоҳ таоло билдирган шундай илм борки, уни сен билолмайсан ва сенда Аллоҳ таоло билдирган шундай илм борки, уни мен билолмайман», дедилар. Мусо алайҳиссалом: «Худо хоҳласа, менинг сабрли эканлигимни кўрасиз, сизга осийлик қилмайман», дедилар. Хизр алайҳиссалом: «Ундоқ бўлса, мен билан юргин-да, то ўзим айтмагунимча бирор нарсанинг сабабини сўрама», дедилар. Сўнг, икковлари денгиз соҳили бўйлаб юриб кетишди. Иттифоқо бир кема соҳилга келиб тўхтади. Улар кемачи билан гаплашиб, ўзларини бирга олиб кетишга уни кўндиришди. Аммо, кемадагилар Хизр алайҳиссаломни таниб қолиб, бепул олиб кетишга рози бўлишди. Кема йўлга чиққач, кўп ўтмай Хизр алайҳиссалом болта билан кеманинг бир ёғочини кўчириб олдилар. Мусо алайҳиссалом у кишига: «Бу қавм-ку, бизни бепул кемаларига чиқариб олдилар, сиз бўлсангиз кемаларини чўктириш учун уни тешиб қўйдингиз, таажжуб иш қилдингиз», дедилар. Шунда Хизр алайҳиссалом: «Мен сенга мен билан бирга сабр қилиб юра олмайсан, деб айтувдим-ку!», дедилар. Мусо алайҳиссалом дарҳол узр айтиб: «Унутган нарсам учун менга тинбеҳ бериб, кўзлаган ишимни қийинлаштирманг», дедилар.

(Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мусо алайҳиссаломдан содир бўлган дастлабки хато эсдан чиқариш сабабли эди», дедилар).

Кейин, бир чумчуқ келиб кема четига қўнди-да, тумшуғи билан денгиздан бир томчи сув олди. Шунда Хизр алайҳиссалом Мусо алайҳиссаломга: «Аллоҳнинг илми олдида мен билан сеннинг илминг мана шу чумчуқ денгиздан олган бир қатрачаликдур, холос!» дедилар.

Кейин, икковлари кемадан тушиб соҳил бўйлаб кетаётган эдилар, ногаҳон Хизр алайҳиссаломнинг кўзлари ўртоқлари билан ўйнаб юрган бир болага тушиб, уни бориб ўлдирдилар. Мусо алайҳиссалом Хизр алайҳиссаломга: «Бегуноҳ бир покиза болани ўлдирдингиз, қандай ёмон иш қилдингиз!» дедилар. Хизр алайҳиссалом: «Мен сенга мен билан юришга ҳеч тоқат қилолмайсан, деб айтмаганмидим!» дедилар. Бу танбеҳ аввалгисидан қаттиқроқ ва таҳдидлироқ эди. Мусо алайҳиссалом: «Агар яна бирор нарса ҳақида сиздан сўрасам, майли мени ўзингиз билан олиб юрманг, унда айб ўзимда бўлади» деб илтимос қилдилар.

Икковлари йўлда давом этиб бир қишлоққа киришди, қишлоқ аҳлидан таом сўрашган эди, улар меҳмон қилишдан бош тортишди. Хизр алайҳиссалом ўша ерда йиқилай деб турган бир деворни кўриб, қайта тиклаб қўйдилар. Буни кўриб Мусо алайҳиссалом: «Бу қавмнинг ҳузурига келиб таом сўрадик, беришмади, меҳмон ҳам қилишмади, агар хоҳласангиз, мана шу ишингизга ҳақ олишингиз мумкин эди», деб куюндилар. Хизр алайхиссалом: «Мана бу энди сен билан менинг фироғимиз сабабидур! Лекин мен, сенга ўзим айтиб бергунимгача сен сабр қилолмаган ишларнинг маъносини айтиб берайин: бояги кема хусусига келсак, у бечораҳол кишиларники бўлиб, улар борадиган жойда яроқли кемаларни тортиб оладиган золим подшоҳ бор эди. Ҳалиги боланинг ота-онаси эса мўмин кишилар бўлиб, куфр ва осийлик билан уларга кўп озор берар эрди. Шу сабабдан Аллоҳ таоло унинг ўрнига покиза ва меҳрибон фарзанд ато қилишни ирода қилди. Мана бу девор масаласига келсак, унинг остида хазина бор, у икки етим болага тегишли. Уларнинг марҳум оталари солиҳ киши бўлган бўлиб, ундан қолган ушбу хазинани Аллоҳ таоло улар вояга етгач, юзага чиқармоқни ирода қилди. Мен бу ишларни ўзим учун қилганим йўқ. Мана шулар сен сабр қилишга тоқатинг етмаган нарсаларнинг таъвилидур», дедилар.

Расулуллоҳ алайҳиссалом: «Қани энди, Мусо алайҳиссалом сабр қилган бўлсалар, Аллоҳ таоло бизга икковлари ҳақидаги қиссаларни баён қилиб берар эди», дедилар».

Уламоларимиз бу қиссадан кўплаб ҳикматлар, ибратлар чиқарганлар.

Биринчиси, дунёдаги ҳар қандай инсон илмининг чекланганидир. Мусо алайҳиссалом улул азм Пайғамбарлардан бўлишларига қарамай, Калимуллоҳ – Аллоҳ билан бевосита каломлашган - сўзлашган зот бўлишларига қарамай, ўз замонларидаги бандалардан бири билганларини билмадилар. Унга шогирд тушдилар.

Иккинчиси, бу дунёда содир бўладиган ишларнинг асл моҳиятини фақат Аллоҳ таолонинг Ўзигина билади.

Учинчиси, мўмин банда ўзига етган, сиртдан баъзан мусибат бўлиб кўринаётган ишлардан сабрсиз бўлмаслиги лозим. Кейин ўша иш унинг ўзи учун фойдали бўлиб чиқиши эҳтимоли борлигини унутмаслиги керак.

Тўртинчиси, ўтган қиссада, яъни, икки боғ эгаси ва унинг мўмин дўсти қиссасида ҳаёти дунё матоҳлари кишини фитнага учратиб, йўлдан оздириши мумкинлиги айтилган эди. Мусо алайҳиссалом ва солиҳ банда қиссалари эса, ҳаёти дунёдаги баъзи бир ҳодисалар ҳам кишини фитнага учратиб йўлдан оздириши мумкинлигига ишора қилмоқда.

 

 

Ҳадичаи Кубро аёл-қизлар

ўрта махсус ислом билим юрти

М. Саиджалолова

 

6954 марта ўқилди

Мақолалар

Top