Мақолалар

Муносабат: Қўлларингиз фақат дуога кўтарилсин!

Дунёдаги энг буюк устозлар – пайғамбарлар ва уларнинг энг улуғи – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдир. Устозларга қандай ҳурмат кўрсатиш масаласида эса бизга саҳоби киромлар, салафи солиҳлар, шарафли аждодларимиз ибрат бўлганлар.
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳудан дарс олар эдилар. Бир сафар Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу отга минмоқчи бўлганларида Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо у кишининг отининг жиловидан ушлаб турганини кўриб, ҳижолат бўлдилар. Шунда Ибн Аббос розияллоҳу анҳу: «Уламоларимизни шундай ҳурмат қилишга буюрилганмиз», дедилар.
Ана шу биргина ривоятдаги “буюрилганмиз” лафзининг ўзиданоқ устозга ҳурмат кўрсатиш, инсоний туйғу бўлиши билан бирга динимиз амри ҳам экани аён бўлади. Ушбу амрга ҳаёти давомида қатъиян амр қилган Имом Бухорий ҳазратлари устозидан келган хатни ўрнидан туриб, устозлари турган манзил – Бухорои шарифга юзланиб ўқиганлар, Амир Темур Кўрагон ўз васиятига кўра устози Саид Бараканинг пойига қўйилган. Алишер Навоий ҳазратлари эса устозининг кўчада ўйнаб юрган набирасини бағрига босиб унга ҳурмат кўрсатганлар.
Устозини улуғлаган зотларни шу тартибда санаб бораверсангиз, уларнинг айнан ана шу ишлари, яъни устозларини ҳурматлаб, уларнинг дуоларини олгани боис юксак мартабаларга эришганига гувоҳ бўласиз.
“Устоз отангдек улуғ” деган ҳикматнинг яна бир маъноси шуки, отасининг дуосини олган фарзанд кам бўлмагани каби устозининг дуосини олган кишининг ҳам мартабасини баланд қилиб қўяр экан.
Шунинг учун ҳам устозни эъзозлаб айтилган ҳикматлар, халқ мақоллари, шеърлар жуда ҳам кўп, Бизнинг юртда улар ҳар йили “Ўқитувчи ва мураббийлар куни”да айтилади.
Кейинги йилларда устоз бўлишни, айниқса, мактаб ўқитувчиси бўлишни истовчи ёшлар сони кескин камайиб кетди.
Бунинг сабаби аён: истиқлолнинг дастлабки йилларида ўқитувчиларнинг маоши кам бўлгани, уларнинг жамоат ишларига, мавсумий ишларга тинимсиз жалб этилгани ва ҳоказолар. Шундай йиллар ҳам бўлдики, куннинг биринчи ярмида мактабда дарс берган ўқитувчи пешиндан кейин асбоб-анжомини кўтариб устачилик қилишга борди. Боиси тирикчилик. Ёзги каникулда ҳам шу аҳвол такрорланди. Ўқитувчисини бу ҳолда кўрган ўқувчи тирикчилик ғамида юрган, фарзандларига ҳалол ризқ топиш ниятида устачилик қилаётган устозини янада кўпроқ ҳурмат қилиши учун камида Навоийдек фаросат эгаси бўлмоғи лозим эди.
Бироқ шундай сабаблар йиғилиб келиб, ўқитувчи обрўсига жиддий путур етказди. Мактаб ўқувчиларининг айримларида ўз ўқитувчисини менсимаслик иллати илдиз отди.
Бу – масаланинг бир жиҳати, иккинчи тарафи эса Интернетда ўта фаоллик билан тарғиб этилаётган ахлоқсизлик, зўравонликдир. Аммо зўравонлик ижтимоий тармоқларда тўғридан-тўғри ташвиқ қилинмайди. Асл мақсад турли “жозибакор” нарсалар замирида зимдан илгари сурилади.
Натижа нима бўлди? Самарқанд вилоятида 15-умумтаълим мактаби директори Анвар Юнусов калтаклаб ўлдирилди; пойтахтимизнинг Учтепа туманидаги 236-мактаб ўқувчилари тарих фани ўқитувчисини дўппослашди; Яккасарой туманидаги 163-умумтаълим мактабининг физика фани ўқитувчисини ўз ўқувчиси калтаклади.
Устозни ҳурмат қилиш, уларнинг жамиятдаги мавқеини тиклаш борасида Давлатимиз раҳбари кўрсатмалари билан бир қанча амалий ишлар қилинаётганидан барчанинг хабари бор. Жумладан, Президентимизнинг 2017 йилнинг 8 августида эълон қилинган “Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги; ўша йилнинг 21 августидаги “Таълим ва тиббиёт муассасаларини молиялаштириш механизмини ҳамда давлат молиявий назорати тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорлари, шунингдек, ўқитувчилар ойлик маошларини кўтаришга доир фармонлари ўқитувчиларнинг жамиятдаги мавқеи юксалишига, уларнинг чинакам маънода обрў-эътибор топишига хизмат қилади, албатта.

Лекин ана шу кечаётган кунларимизда уларни эъзозлаш, ҳатто уларнинг хавфсизлигини таъминлаш – жамият аъзоларининг зиммасидаги вазифадир. “Қуш уясида кўрганини қилади”, дейди доно халқимиз. Ўқитувчини ота-она ҳурмат қилса, ота-она устознинг орқасидан гапирганида ҳам унинг ҳурматини сақласа, ота-она фарзандларининг ҳам худди устозлари каби инсонлар бўлиб етишишини орзу қилиб, бу истагини фарзандлари олдида бот-бот такрорлаб турса... бола ўз-ўзидан устозига ҳурмат кўрсатиб унга ҳавас қила бошлайди.
Мутафаккир бобомиз Абдулла Авлоний: “Ҳар бир миллатнинг саодати, давлатнинг тинчи ва роҳати ёшларнинг яхши тарбиясига боғлиқ”, деб ёзган эди. Ёшларнинг тарбияси эса айтиб ўтганимиздек, оилада шаклланади. Ота-оналар фарзандлари қалбида илм олишга иштиёқ уйғотиб, бу ишда ўқитувчининг ҳиссаси беқиёс эканини, устозини рози қилган, устозининг дуосини олган киши ҳеч қачон, ҳеч кимдан кам бўлмаслигини тушунтира олса, бола ҳеч қачон устозининг кўзига тик қарамайди, унга қўл кўтармайди. Аксинча, устози шогирдининг камолини тилаб дуога қўл очади.


Дамин ЖУМАҚУЛ
ЎМИ Матбуот хизмати

3008 марта ўқилди

Мақолалар

Top