Мақолалар

Шайх Ҳасан ибн Аммор ибн Али Ширинбулолийнинг ҳаёти ва ижоди

(Ҳижрий 994-1069, милодий 1585-1659)

Ширинбулолий ўз замонасининг фиқҳ фанида энг етукларидан ва мутааххир олимларнинг машҳур фақиҳларидан бўлган Мисрлик олимдир. Мисрни Мануфа вилоятининг Ширинбулол қишлоғида туғилиб, олти ёшида отаси Қоҳира шаҳридаги ал-Азҳар университетига олиб келди. Азҳарда аввал Қуръони каримни ёд олиб, кейин илм ўрганишни бошлади. Азҳарни аъло баҳоларга тамомлагач энг намунали мударрислардан бўлиб, дарс бера бошлади. Шайх Ширинбулолийга фиқҳ ва усулул фиқҳ фанларида кўпчилик мурожаат қиладиган ва асосан, қийин ва мушкил бўлган масалалар бу зотни ҳузурида ечиладиган бўлди. Натижада, фатво бериш борасида ўз замонасида  энг етук инсонга айланди. Аллома ҳанафий фиқҳида қалам тебратиб, мотуридий эътиқода бўлган.

“Раддул муҳтор” китобининг муаллифи машҳур аллома Ибн Обидин раҳматуллоҳи алайҳ Ширинбулолий ҳақларида шундай деган: “Муҳаққиқ олимларнинг таянчи, етук фақиҳ, бир қанча машҳур китоблар соҳиби”.

Имом Абдулҳай Лакнавий ҳам Ширинбулолий ҳазратларини мақтаб ва эътироф қилиб қуйидаги сўзларни айтганлар: “Имом Ширинбулолий аъло даражада ёзилган қимматбаҳо китоблар соҳибидир”.

Бу икки буюк  зотлардан бошқа бир қанча забардаст олимлар аллома Ширинбулолийнинг илмларини ва ёзган китобларини мақтаб, тасаннолар айтганлар. Демак, бу зотнинг нақадар етук ва буюк шахс бўлганлари олимларнинг эътирофларидан маълум бўлди.

Бу кишининг фиқҳ фанида мазҳаббошимиз Имом Аъзам раҳматуллоҳи алайҳга боғланадиган машҳур санади бор эди. Шайх Муҳаммад Толҳа ўзининг “Таржаматуш Ширинбулолий”  номли қўл ёзма асарини 51 саҳифасида Ширинбулолийнинг Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳгача бўлган санадини тўлиқ келтирган.

Ширинбулолий ҳазратлари бир неча шаҳарларга сафар қилган. Жумладан, устози Абу Исъод Юсуф ибн Абдураззоқ ал-Вафоий билан ҳижрий 1035 йилда Қуддуси шарифга сафар қилганлар. Ҳаж ибодатини бажариш мақсадида бир неча марта Маккаи мукаррама ва Мадинаи мунавварага боришга муяссар бўлган. Охирги ҳаж ибодатини  ҳижрий 1058 йилда бажарган.

Имом Ширинбулолий ҳижрий 1069 йили, Рамазон ойининг ўн биринчиси, жума кунида, асрдан кейин 75 ёшларида фоний дунёдан абадий дунёга риҳлат қилганлар.    

Устозлари: Аллома Ширинбулолий бир қанча тажрибали устозларнинг илмлари ва одобларидан баҳраманд бўлиб, ўзлари ҳам етук устозлар қаторидан жой олган. Қуйида улардан машҳурларини санаб ўтамиз:

Шайх, фақиҳ, муҳаддис, “Канзуд дақоиқ” асарига “Табйинул ҳақоиқ” номли шарҳ ёзган имом Аҳмад ибн Муҳаммад аз-Зайлаъий (ҳижрий 1025 йили вафот этган).

Аллома Муҳаммад ибн Абдураҳмон ал-Ҳамавий (ҳижрий 1017 йили вафот этган).

Имом, аллома Муҳаммад ибн Муҳиббий ал-Мисрий ҳижрий 1045 йили вафот этган).

Фиқҳ ва бошқа фанларни эса, Имом Абдуллоҳ Неҳририй, аллома Муҳаммад Шамсуддин Маҳбубий ва шайх Али ибн Ғоним Мақдисийлардан ўрганганлар.

 Қуръони каримни шайх Муҳаммад Ҳамавий ва шайх Абдураҳмон Мусайриларнинг ҳузурларида ёд олдилар.

Бу алломанинг бир нечта машҳур шогирдлари бўлиб, улар ҳам устозларига ўхшаган бир нечта китоблар ёзганлар. Аллома Исмоил Нобулусий ва шайх Муҳаммад ибн Тожуддин ар-Рамлийлар шулар жумласидандир.

Китоблари: Шайх Ширинбулолий ҳаётлари давомида бир қанча илмий мажлислар ва талабаларга дарс бериш билан бирга 60 тадан ортиқ китоб ва рисолалар ёзган. Жумладан: “Нурул ийзоҳ ва нажотул арвоҳ”, “Мароқул фалаҳ шарҳи нурул ийзоҳ”, “Ҳошиятун алад дурар вал-ғурар”, Шарҳу манзумату ибн Ваҳбон”, “Мароқус саодат фий илмай ат-тавҳид вал-ибада”, “Ғуняту завил аҳком”, “Фатҳул-алтоф бижадвали тобақоти мустаҳиқил авқоф”, “Иттиҳафу завил итқон биҳукмир-руҳбан”, “Ал-Истифода мин китабиш шаҳада”, “Туҳфатул акмал”, “Ал-ақдул фарид фит тақлид”.

Алломанинг энг аҳамиятли ва машҳур китоби Мулла Хисравнинг “ад-Дурар вал ғурар” китобига ёзган “Ҳошиятуд дурар вал ғурар” китобларидир. Бу ҳошия Ширинбулолий ҳаётлик даврларидаёқ машҳур ва кўпчилик фойдаланадиган китоб бўлиб улгурган. Бу ҳам бўлса, Ширинбулолийнинг илми чуқур ва пухта эканига яққол далил бўла олади.

 Олимнинг машҳур китобларидан яна бири “Нурул ийзоҳ ва нажотул арвоҳ” бўлиб, унда таҳорат, намоз, рўза, закот ва ҳаж ибодатларига тегишли масалаларнинг энг саҳиҳлари қисқа ва лўнда шаклда, далилларисиз баён қилинган. Биринчи бўлиб, китобнинг аввалидаги таҳорат, намоз ва рўза боблари ҳижрий 1032 йили ёзилиб, сўнгра мусаннифнинг ўзи томонидан буларга иккита шарҳ ёзилади. Биринчиси “Имдодул-фаттоҳ” деб номланса, иккинчиси “Мароқул фалаҳ”дир. Улардан “Имдодул-фаттоҳ” ҳажми жиҳатдан каттароқ бўлиб,  ҳижрий 1046 йили ёзилган ва 360 бетдан иборат. Етти йилдан кейин эса иккинчи шарҳ ёзилган ва у 145 бетдан иборатдир. Аллома ҳижрий 1054 йили китобнинг закот ва ҳаж бобларини ҳам ёзиб, уни аввалги уч бобга қўшадилар. Натижада, “Нурул ийзоҳ ва нажотул арвоҳ” китоби беш бобли бўлди. Китобнинг учдан икки қисмида таҳорат ва намоз масалалари баён қилинган, учдан бир қисмида эса, рўза, закот ва ҳаж масалалари зикр қилингандир. Мазкур китоб дунё юзини кўрганидан бошлаб, ҳозирги кунимизгача дунёдаги кўплаб мадраса ва олийгоҳларда ўқитиб келинмоқда.

 Алломанинг “Мароқул фалаҳ” китоби олимлар ўртасида машҳур бўлиб, кўпчилик фуқаҳоларимиз ўз китобларида ундан иқтибослар келтиришган.

Асарнинг ҳажми кичкина, маълумоти кўп, ҳукмлари тўғри бўлиб, ниҳоятда осон ва равон услубда баён қилинган. Шунингдек, Қуръони карим, ҳадиси шариф, ижмо, ва қиёслардан иборат бўлган далилларини ҳам зикр қилиб ўтилган. Ҳозирда кўпчилик олимлар ибодатга тегишли масалаларга мана шу китоб асосида жавоб берадилар.

 “Мароқул фалаҳ” китобига шайх Аҳмад ат-Таҳтовий “Ҳошиятут Таҳтовий ъала мароқил фалаҳ шарҳи нурил ийзоҳ” номли ҳошия ёзганлар. Хуллас, “Нурул ийзоҳ нажотул арвоҳ” ва “Мароқул фалаҳ” китобларига машҳур олимлар томонидан кўплаб шарҳ ва ҳошиялар ёзилган. Бу ҳам бўлса, мазкур китобларнинг нақадар юксак аҳамиятга эга эканига далолат қилади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси кутубхонасида Имом Ширинбулолийнинг “Мароқул фалаҳ” асарини иккита тошбосма нусхаси: 2132 инвентар рақами остида ҳамда 707 интенвар рақами остида Шайх Аҳмад Таҳтовийнинг ҳошияси билан бирга ёзилган нусхалари сақланмоқда.

Мазкур манбалар ҳанафий фиқҳи бўйича илмий тадқиқот ишларини олиб борувчилар учун фойдали асарлардан ҳисобланади.

 

ЎМИ Фатво бўлими мутахассиси,

Тошкент ислом институти ўқитувчиси

Ғуломиддин Холбоев

3573 марта ўқилди

Мақолалар

Top