Версия для печати

Мақолалар

Тилга осон, тарозуда оғир

Узоқ йиллардан бири комил устозлар шогирдларга ҳаёт ҳикматларини улашиб келадилар. Вақти вақти билан ўша маъно дурларини ўзаро ёдга олиб турсак, фойдадан холи бўлмайди. Бизга устозлардан қолган насиҳатлардан бири, балки энг муҳими, умрни ғанимат билиш, вақтдан унумли фойдаланишдир.  

Аллоҳ таоло Қуръони каримда инсонга бериладиган умр ҳақида шундай дейди:

أَوَلَمْ نُعَمِّرْكُمْ مَا يَتَذَكَّرُ فِيهِ مَنْ تَذَكَّرَ

 (سورة الفاطر الاية-37)

яъни: “Ахир, Биз сизларга эслатма оладиган киши эслатма олгудек узун умр бермаганмидик?!” (Фотир сураси, 37-оят. Оятлар таржимаси Шайх Абдулазиз  Мансурники).

Демак, Аллоҳ таоло бандаларига тўғри йўлни топиши, абадий саодатга эришиши учун етарли бўладиган умр беради, лекин банда уни бекорчи ишларга сарфлаб қўяди.

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадиси шарифларида:

أعْذَرَ الله إِلَى امْرِئٍ أَخَّرَ أجَلَهُ حَتَّى بَلَغَ سِتِّينَ سَنَةً

  (رواه الامام البخاري)

яъни: “Аллоҳ, ажалини олтмиш ёшигача кечиктирган кишига, узр қолдирмади” (Имом Бухорий Абу Ҳурайрадан ривоят қилган).

Ҳадиси шарифнинг маъноси, Аллоҳ таоло бандаларига, эй Раббим, агар умримни узайтирсанг сен айтган буйруқларни қилардим, деб узр айтишига имкон қолдирмади. Олтмиш йил умр кўрган киши, энди тавба тазарру ва таотга юзланиши лозим. Ҳадиси шарифда олтмиш ёш айтилгани, бу ёшда қувват кетиб, қариликка юз тутади, эллик, қирқ ёшга кирган кишилар ҳам умрларини шунча муддат тавба қилишга  имкон деб билишлари керак.  

Кунларнинг бирида Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам таҳорат қилаётган Саъд ибн Абу Ваққоснинг ёнидан ўтиб қолдилар ва: “Бу нима исроф?!” – дедилар. У киши: “Таҳоратда ҳам исроф бўладими?” – деб сўраганида  Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳа, оқар дарёнинг ёнида бўлсанг ҳам”, – деб жавоб қилдилар (Имом Ибн Можа Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос р.а.дан ривоят қилган). Ҳақли савол туғилади, сувни исроф қилиш макруҳ экан, умрни исроф қилишнинг ҳукми нима бўлади?! Унинг ҳукми абадий бахт саодатдан ажралишдир. Халқимизда:   “Охирги пушаймон ўзингга душман”, деган мақол бор. Умрнинг исрофи қаттиқ пушаймонлик билан тугайди.

Уламоларимиз инсон умрини учга бўладилар: бир қисми ибодатга, бир қисми тирикчиликка, яна бир қисми дам олиш, еб-ичиш ва ҳаказолар. Мана шу энг мўътадил тақсим ҳисобланади. Бу нисбатни ҳар ким ўз имкониятига қараб ўзгартириши мумкин. Энди ўзимизга савол бериб кўрамиз: “Биз кунимизнинг учдан бири, аниқроғи саккиз соатини ибодатга, илм-маърифатга ва савобли ишларга сарфладикми, ёки кунимизни соатлаб қўл телефонимиздаги ёхуд телевизордаги баъзи беҳуда нарсаларни кўриб ўтказдикми, ёки на дунёга, на охиратга фойдаси бўлмаган ишлар билан кунни кеч қилдикми?”

         Умрнинг охирига келганда пушаймон бўлмаслик учун бизга қисқа пайтда кўп фойда, натижа берадиган амаллар керак бўлади. Булар нималар? 1. Авваломбор, фарз ибодатларни ихлос билан ўз вақтида бажариш. Фарзлардан кўра савобли амаллар бўлмайди, чунки фарзлар айнан Аллоҳ таолонинг буйруқларидир. Албатта, тўлдирувчи сифатида суннат амалларга ҳам риоя қилиб борилади.

  1. Барча ишларда ниятни тўғрилаш. Яхши ният билан дунё амали бўлиб кўринган ишлар ҳам савобли ишларга айланади. Масалан, савоб умидида, оила-аҳли учун ҳаракат қилиш, йўлдаги одамларга халақит бераётган нарсани олиб ташлаш ҳам ибодатдир.
  2. Инсон вафотидан кейин ҳам савоб бориб турадиган садақаи жориялар қилиши (кўпчилик узоқ йиллар фойдаланадиган йўл, кўприк, мактаб-мадраса бино қилиш ва шунга ўхшаш ишлар), фойдали (хоҳ дунёвий, хоҳ диний) илм қолдириш, китоб ёзиш ва солиҳ фарзандлар тарбиялаш.
  3. Шу ўринда урғу бериш керак бўлган муҳим нуқта мусулмон киши доимий равишда тасбеҳ, таҳлил, истиғфор ва салавотлар айтиб юришга одатланиши керак. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда:

ألا بذكر الله تطمئن القلوب

  (سورة الرعد الاية-28 )

яъни: “Огоҳ бўлингизки, Аллоҳни зикр этиш билан қалблар ором олур (ва таскин топур)”, – деб марҳамат қилади.  (Раъд сураси, 28-оят).

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам:

إني لأستغفر الله وأتوب إليه في اليوم مائة مرة

(رواه الامام إبن ماجه)

яъни: “Мен бир кунда Аллоҳ таолога юз марта истиғфор айтаман ва тавба қиламан”, – дедилар (Имом Ибн Можа Абу Ҳурайрадан ривоят қилган).

Зикру тасбеҳлар тилга осон, ҳар қандай ҳолатларда (юрганда ҳам, ўтирганда ҳам, ҳатто куни бўйи ҳам айтиб юриб) амал қилинадиган савоб ишдир. Бунга Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам ишора қиладилар:

كَلِمَتَانِ خَفِيفَتَانِ عَلَى اللِّسَانِ ثَقِيلَتَانِ فِي الْمِيزَانِ حَبِيبَتَانِ إِلَى الرَّحْمَنِ سُبْحَانَ اللَّهِ الْعَظِيمِ سُبْحَانَ اللَّهِ وَبِحَمْدِهِ

(رواه الامام البخاري )

яъни: “Икки калима борки улар тилга осон, тарозуда оғир ва Раҳмонга севимлидир: “Субҳаналлоҳил аъзим” ҳамда “Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳ”” (Имом Бухорий Абу Ҳурайрадан ривоят қилган).

Демак, ҳар куни ўзимизни тергаб, бекор ўтказаётган вақтларимизни камайтириб, дунё ва охиратимиз учун фойдали бўлган соатларимизни кўпайтириш пайида бўлишимиз керак. Ҳар куни камида бир соат китоб (хоҳ мутахассислигимиз бўйича, хоҳ динимизни ўрганишга) ўқишга ажратсак ҳам йиллар давомида яхши натижага эришамиз. Зеро, дона халқимиз: “Тома-тома кўл бўлур”, – дейди.  

    

Тоштемиров Ҳикматуллоҳ,

ЎМИ Фатво бўлими ходими

4343 марта ўқилди