Мақолалар

Буни қила оласиз

Юртимизга қиш фасли келиб, ҳаво совий бошлаши билан хонадонларни иститиш масаласи ўртага чиқади.

Ҳамманинг фикри-ёди қишдан эсон-омон чиқиб олиш, шамолламаслик, совуқ қотмаслик бўлиб қолади.

Айниқса, кекса отахону онахонлар, чақалоқлар истиқомат қиладиган хонадонларда бу нарса анча муҳим ҳисобланади.

Қаранг, дўстим, ён қўшнингиз уйини иситиш борасида қўли калталик қиляпти. Уйида гази йўқ. Ўтин ёқиб иситиладиган печкасига эса ўтин керак. Ўтин олишга моддий имконияти етмайди. Унинг устига ёш боласи ҳам бор. Совуқ уйда қийналиб ўтиришибди. Сизда эса бир машина ёки бир арава ўтин олиб беришга маблағингиз бор. Фақат сизда ўша ўтинни олиб беришга хоҳиш, ҳиммат бўлса бас.

Агар шу масалада ёрдам берсангиз, қўшнингиз иссиқ уйда ўтиради. Чақалоғи шамолламайди. Болалари хурсанд бўлади. Ҳаққингизга хонадон аҳли дуо қилишади. Биласизми, иссиқ уйда ўйнаб ўтирган болакайнинг юзидаги табассуми, миннатдорлиги, кўзларидаги қувончи сизнинг кўп ажру савоб олишингизга сабаб бўлади.

Ҳадиси шарифлардан бирида “Фарз амаллардан кейин Аллоҳ таолога энг маҳбуб амал мусулмоннинг қалбига хурсандчилик киритишдир” дейилган.

Тасаввур қиляпсизми, сиз фарз амаллардан кейинги ўринда турувчи энг буюк ишни, Аллоҳ таолога ёқадиган ишни амалга оширган бўласиз.

Аллоҳ таоло мўмин бандасининг қалбини шодликка тўлдирган кишини қуруқ қўймайди.    

Яна бир ҳадисда “Модомики банда биродарига ёрдам бериш ҳаракатида юрар экан, Аллоҳ таоло ҳам ўша бандасига ёрдам беради” дейилган.

Ҳа, Аллоҳ таоло сизга ёрдам беради. Чунки сиз қўшнингизнинг оғирини енгил қилишга, уйини иссиқлик ва нурга тўлдиришга уриняпсиз.

Бир ҳолатни тасаввур қилиб кўринг: сиз иссиқ уйингизда ўтирибсиз, шу уйда ухламоқчисиз, аммо ён қўшнингиз совуқ уйда қалтираб ўтирибди, бечора чарчаган бўлса ҳам совуқнинг таъсирида ухлолмаяпти. Шундай вазиятда сизнинг кўзингизга уйқу келадими?! Келмайди, тўғрими? Ахир сиз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Ён қўшниси очлигини била туриб, қорни тўқ ҳолда тунаган киши менга иймон келтирмабди” деган ҳадисларини яхши билганингиз учун қўшнингиз оч бўла туриб ўзингиз тўқ ҳолда, қўшнингизнинг уйи совуқ бўла туриб, сиз иссиқ уйда бемалол ухлолмайсиз. Бунга виждонингиз йўл қўймайди.

Ўтмишда ўтган солиҳ инсонлар қўшниларидан хабар олиб, уларнинг ҳожатларини раво қилишга шошардилар.

Қадрдоним! Биз бир диндош биродаримиз, қўшнимизнинг кўнглини кўтара оламиз. Бу иш қўлимиздан келади. Қиш кунларида қўлимиздан келганича шу ишларни бажариб, улкан савобларни қўлга киритиш пайидан бўлайлик!

Аллоҳ таоло барчамизни қўшнисига яхшилик қиладиганлардан айласин!

 

 

Нозимжон Иминжонов

301 марта ўқилди

Мақолалар

Top