Мақолалар

Қабрда ҳам рашк қиламан (Ҳаётий ҳикоя)

Бир йигит дину диёнатли ва гўзал хулқли қизга уйланди. Икки ёш бахтли ҳаёт кечира бошлади...

Орадан уч йил ўтди. Аммо тақдир тақозоси билан Аллоҳ таоло фарзанд бермади. Қатор шифокорлар ҳузурига боришди. Охир оқибат текширувлар хулосасига кўра аёл фарзанд кўра олмаслиги маълум бўлди. Бундан хабар топган куёвнинг яқинлари унга оиласи билан ажрашиб, бошқа бир аёл ила ҳаёт кечириши зарурлигини айтишди.

Икки ўт орасида қолган йигит онаси ва яқинларига қатъият ила: “Аёлимни туғмайдиган пуштсиз деб ўйлайсизми? Аслида, ҳақиқий бепуштлик фарзанд кўрмасликда эмас, балки эр-хотин ўртасида мустаҳкам туйғу ва покиза муҳаббатнинг йўқлигидадир. Мен ундан розиман. У ҳам мендан рози. Бошқа бу мавзу ҳақида сўз очманглар”, деди. Орада фарзанд бўлмаслиги икки ёшнинг бир-бирига нисбатан меҳр-муҳаббатнинг янада зиёда бўлишига сабаб бўлди.

Шу зайлда орадан тўққиз йил ўтди. Кунларнинг бирида аёл ўзида баъзи бир ўзгаришларни сезди. Шифокорга мурожаат қилишганда, унда оғир ҳасталик борлиги, узоғи билан яна беш йил умри қолганини айтишди. Аёлнинг ҳолати борган сари оғирлашиб борарди. Шифокорлар аёлнинг турмуш ўртоғига: “Аёлингиз шифохонада бўлгани яхши. Доимо шифокорлар назоратида бўлади дейишди”. Бироқ эр бу таклифга рози бўлмасдан, тиббий муолажа учун керак бўладиган барча нарсани уйда муҳайё қилишини айтди. Уйида аёлининг тиббий даволаниши учун зарур бўлган барча нарсаларни тайёрлади ва битта ҳамширани унга қараши учун ёллади.

Йигит ишхонасининг раҳбари мазкур воқеадан хабар топиб, унга ҳар куни ишга икки соатга келиб, қолган вақтда эса, оиласига қараши учун рухсат берди. Эр ишдан қайтгандан сўнг аёлига таом пишириб, унга ўз қўли билан едирар, сўнгра уни бағрига босиб, кўнлини кўтарадиган нарсалар айтиб берарди.

Аёли вафотидан олдин бирор кишига билдирмасдан ҳамширага кичкина қути бериб, уни фақатгина оламдан ўтганидан кейингина эрига беришини тайинлади.

Аёлнинг аҳволи оғирлашиб, ҳаётдан кўз юмди. Эртаси куни ҳамшира келиб, ўзига топширилган омонатни йигитга топширди.

Эр қутини очганда унинг ичида тўйдан кейин аёлига ҳадя қилган атирнинг бўш идиши, тўй куни бирга тушган расми ва сизни Аллоҳ учун яхши кўраман деб ёзилган кумуш узук турарди.

Унинг остида хат бўлиб унда қуйидагилар ёзилган эди: “Суюкли меҳрибон жуфти ҳалолим! Мендан айрилиб қолганизга маҳзун бўлманг. Аллоҳга қасамки, агар менга иккинчи маротаба умр берилганида ҳам ҳеч иккиланмасдан албатта сиз билан яшашни танлардим. Лекин сиз хоҳлайсиз, мен ҳам хоҳлайман. Бироқ, Аллоҳ таоло нимани хоҳласа шу бўлади. Суюкли меҳрибоним! Сизга мени охирги айтадиган сўзим, вафотимдан кейин бирор солиҳа аёлга уйланинг. Сиз вазифангизни аъло даражада бажардингиз. Умид қиламанки, қиз фарзанд кўрсангиз мени исмимни қўясиз. Шуни билинг-ки, қабрда бўлсам ҳам сизни янги оилангиздан рашк қиламан!...”.

 

Доктор Ҳасан Бошанинг “Эр-хотин иккисига айтиладиган насиҳатлар” китобидан

Абдушукур МУРАДОВ таржимаси

3493 марта ўқилди

Мақолалар

Top