Мақолалар

Нишонга урилган гаплар: “Қандай иш қилган бўлсанг ҳам, унинг мукофот ёки жазосини оласан”

Қуйида келтириладиган фикрлар, ҳикматлар ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган. Бундан ташқари саҳобаи киромлар, улуғ олимлар, Яқин Шарқ, Осиё, Европа ва Америка мутафаккирларининг бир қатор фикрлари ҳам берилган.

*****

Уйингнинг ҳажми ҳар қанча катта бўлса ҳам, машинанг ҳар қанча янги бўлса ҳам, банкдаги ҳисоб рақамингдаги пулинг ҳар қанча кўп бўлса ҳам, қабрларимиз доимо бир хил узунликда ва бир хил кенгликда қилиб кавланади. Шундай экан, ТАВОЗЕЪЛИ БЎЛ!

“Ховатир роқия журнали”

*****

Буюк тобеин Маймун ибн Меҳрон раҳимаҳуллоҳ: “Мен садақа қиламан ва молимнинг зиёда бўлганини кўраман” дедилар. Бу гапни эшитган дўстлари ҳам садақа қилди ва Маймун ибн Меҳронга: “Мен ҳам садақа қилдим. Аммо молим камайганини кўрдим” деди. Шунда буюк тобеин “Мен Роббимнинг марҳаматига кучли ишонч билан садақа қиламан. Сен эса тажриба қилиб кўриш учун садақа бергансан” дедилар.

*****

Энг оғир хиёнат – душманинг сенга хиёнат қилиши эмас, балки қалбинг калитларини топширган яқин инсонингнинг сенга қилган хиёнатидир.

“Ҳикмат дурдоналари”

*****

Дўстнинг хиёнати қиличнинг мингта зарбасидан оғирроқдир.

“Ҳикмат дурдоналари”

*****

Жамиятимизда бир шахснинг яхшиликлари эсга олинса, ҳамма жим туради. Лекин ўша шахснинг битта ёмонлиги эсланса, бу гапга ҳамма шерик бўлади.

“Ҳикмат дурдоналари”

*****

Сиз бир гапни қабул қилишингиз керак: ҳамма ҳам сизга бахтиёр ҳаёт тилайвермайди. Баъзилар сизни йиқитиш учун қулай фурсатни кутиб яшайди.

“Ҳикмат дурдоналари”

*****

Одамларни пойлама. Уларнинг хато қилишларини кутма. Пардаларини йиртма. Жосуслик қилма. Унинг ўрнига ўзинг билан машғул бўл. Нафсингни ислоҳ қил. Чунки охиратда ўзинг ҳақингда сўраласан, улар ҳақида эмас. Улар ҳам сен ҳақингда сўралмайдилар.

“Ҳикмат дурдоналари”

*****

Ақл умрга қиёс қилинмайди. Қанчадан-қанча кичик болалар бор, агар гапирсалар, катталар ҳам жим туриб қулоқ солади. Қанчадан-қанча катта одамлар бор, агар гапирсалар, кичиклар ҳам кулиб ўтиради.

“Ҳикмат дурдоналари”

*****

Кимга тўрт нарса берилган бўлса, тўрт нарсадан маҳрум бўлмайди:

Кимга шукр берилган бўлса, неъматнинг зиёда бўлишидан маҳрум бўлмайди.

Кимга тавба берилган бўлса, унинг қабул бўлишидан маҳрум бўлмайди.

Кимга истихора берилган бўлса, яхши ишга йўлланишдан маҳрум бўлмайди.

Кимга маслаҳат қилиш неъмати берилган бўлса, тўғри иш қилишдан маҳрум бўлмайди.

“Ҳикмат дурдоналари”

*****

Ўч олишнинг энг афзал кўриниши – бахтли бўлиб яшашингдир. Сени бахтли ҳолда кўришдан кўра ёмонлик қилганларнинг мазасини қочирадиган нарса йўқ.

“Ҳикмат дурдоналари”

*****

“Қандай иш қилган бўлсанг ҳам, унинг мукофот ёки жазосини оласан”

Бу золимларни қўрқитадиган, мазлумларни эса хурсанд қиладиган гапдир.

“Ҳикмат дурдоналари”

*****

Кўзи ожиз одам дарёдан сув ичгани йўлга чиқди. Атроф қоронғу эди. У қўлида чироқ кўтариб олганди. Йўловчилардан бири ундан “Нега чироқ кўтариб олдингиз. Ахир сиз барибир кўрмайсиз-ку?!” деб сўради. Шунда у: “Кўзи кўрадиганлар менга урилиб кетмасликлари учун чироқ кўтариб олдим” дея жавоб берди.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи

 Нозимжон Иминжонов

228 марта ўқилди

Мақолалар

Top