Мақолалар

33 йилда ўрганилган илм

Буюк олим, тасаввуфнинг улуғ вакилларидан бири Шақиқ Балхий раҳимаҳуллоҳ билан унинг шогирди Ҳотамул Асом раҳимаҳуллоҳ ўртасида савол-жавоб тарзида ажойиб суҳбат бўлиб ўтган. Қуйида ана шу суҳбатни эътиборингизга ҳавола этамиз.

  • Менинг ёнимда неча йилдан бери юрибсан?
  • Ўттиз уч йилдан бери.
  • Шу муддат ичида мендан нималарни ўргандинг?
  • Саккизта масала ўргандим.
  • Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун. Умримнинг кўп қисми сен билан ўтди, аммо сен фақат саккизта масала ўргандингми?
  • Устоз, ёлғон гапиришни ёқтирмайман, ҳа, шундай, ўша саккизтадан бошқа нарса ўрганмадим.
  • Қани, ўша ўрганганларингни айтчи, эшитайчи. 
  • Биринчиси, мен одамларга назар солсам, ҳар бирлари бирор шахсни яхши кўришар, вафот этиб, қабрга боришганда эса ўша яхши кўрганларидан ажралишар экан. Шунинг учун мен ўзимнинг ҳасанотларимни яхши кўрдим. Қабрга кирганимда ҳам ўша ҳасанотларим мен билан бирга киради. 

Иккинчиси, мен Аллоҳ таолонинг “Ва, аммо ким Роббисининг мақомидан қўрққан ва ўз нафсини ҳаволаниб кетишидан қайтарган бўлса. Бас, албатта, жаннат ўрин бўладир” (Назиат, 40-41-оятлар) деган оятига назар солдим ва нафсимни ҳавойи нарсаларни даф қилишга мажбур этдим. Охири у Аллоҳнинг тоатини қиладиган бўлди. 

Учинчиси, қарасам, ҳар бир одам ўзи учун қадрли бўлган бирор нарсани ўзида сақлаб, эҳтиётлаб юрар экан. Кейин Аллоҳ таолонинг “Сизнинг ҳузурингиздаги нарса тугайдир. Аллоҳнинг ҳузуридаги нарса эса, боқийдир” (Наҳл, 96-оят) деган оятига назар солдим ва ҳар сафар қўлимга қадрли, қимматли нарса (пул, мол) тушса, уни Аллоҳ таолонинг йўлида ишлатиб, охиратимга захира қилиб қўявердим. 

Тўртинчиси, инсонларга назар солдим ва уларнинг ҳар бирлари ўзининг моли, насаби, аждодлари билан мақтанишини кўрдим. Кейин Аллоҳ таолонинг “Албатта, Аллоҳнинг ҳузурида энг ҳурматлигингиз энг тақводорингиздир” (Ҳужурот, 13-оят) деган оятига аҳамият қаратдим ва Аллоҳ таолонинг наздида ҳурматли бўлиш учун тақвога қаттиқ эътибор бердим. 

Бешинчиси, инсонларга назар солдим ва уларнинг бир-бирларига таъна қилишларини, бир-бирларини лаънатлашларини кўрдим. Буларнинг ҳаммаси ҳасад туфайли эканини тушундим. Кейин Аллоҳ таолонинг “Биз ҳаёти дунёда уларнинг ораларида маишатларини тақсимладик” (Зухруф, 32-оят) деган оятига назар солдим ва ҳасадни тарк этдим, одамлардан четландим. Билдимки, ризқ борасидаги тақсимот Аллоҳ таолонинг ҳузуридан экан. 

Олтинчиси, инсонларга назар солдим ва уларнинг бир-бирларига душманлик қилишларини, бир-бирлари билан урушишларини кўрдим. Кейин Аллоҳ таолонинг “Албатта, шайтон сизга душмандир. Бас, уни душман тутинг” (Фотир, 6-оят) деган оятига аҳамият қаратдим ва одамларнинг душманчилигини тарк этиб, шайтоннинг ўзини душман тутиб, ундан эҳтиёт бўлдим. 

Еттинчиси, инсонларга назар солдим ва уларнинг ризқ талабида ўзларини қийнаб, хор қилиб, ҳалол бўлмаган йўлларга ҳам кириб кетишларини кўрдим. Кейин Аллоҳ таолонинг “Ер юзида ўрмалаган нарса борки, уларнинг ризқи Аллоҳнинг зиммасидадир” (Ҳуд, 6-ояти) деган оятига назар солдим ва мен ҳам ўша ўрмалаганларнинг бири эканимни англаб етдим. Шунинг учун Аллоҳ таолонинг менга юклаган нарсалари (ибодат) билан машғул бўлдим, У ўз зиммасига олган нарса (ризқ) учун ғам қилишни тарк этдим. 

Саккизинчиси, инсонларга назар солдим ва уларнинг ўзларига ўхшаган махлуққа суянишларини кўрдим. Бири дала-ҳовлисига суянади, бошқаси тижоратига суянади, яна бири қўлидаги ҳунарига суянади, буниси эса танасининг соғломлигига суянади. Кейин Аллоҳ таолонинг “Ким Аллоҳга таваккал қилса, бас, унга У зотнинг Ўзи кифоядир” (Талоқ сураси, 3-оят) деган оятига назар солдим ва одамларга суяниш, таваккул қилишни тарк этиб, Аллоҳ таолога таваккул қилиб, У зотга суянишга жидду-жаҳд қилдим, бас, Унинг Ўзи менга кифоядир. 

  • Аллоҳ сенинг илмингга, умрингга, ризқингга барака берсин!  

 

Манбалар асосида Нозимжон Иминжонов тайёрлади

3744 марта ўқилди

Мақолалар

Top