Мақолалар

Сохта шуҳрат – келтирар офат!

Пиар деган нарса бор. Бу кўпроқ ўзини реклама қилишга уриниш, рейтингини кўтаришга чираниш маъноларига яқин келади.

Бу нарса кўпроқ оммавий ахборот воситалари, интернет сайтлари, телеграм, инстаграм каналлари, фейсбук саҳифалари ва газеталарда учрайди.

Пиар – бирор воқеани беришда, унинг сарлавҳасини “ўзига тортадиган”, “жарангдор”, “жимжимадор”, “ҳеч қаерда учрамаган”, “ўқисанг ҳам ўқийсан, ўқимасанг ҳам ўқийсан” қабилида бериш орқали кўзга ташланади.

Бундан эса фақат обуначиларнинг сонини кўпайтириш, ўз рейтингини ошириш, машҳурликка эришиш, шов-шув кўтариш каби нарсалар мақсад қилинган бўлади. Яна бошқа бирор мақсад ҳам кўзда тутилган бўлиши мумкин.

Шунингдек, маълум гуруҳларнинг ёки шахсларнинг манфаатини кўзлаб, ахборотни яхши текширмай ёки атайин бузиб тарқатиш, бунинг ортидан келадиган ижтимоий, ҳуқуқий, руҳий-маънавий ва бошқа оқибатларини ўйламаслик ҳоллари учрамоқда. Буларнинг барчаси амалдаги қонун нормаларига зиддир.

Динимизда шуҳратга интилишдан қайтарилади. Шуҳратнинг офати ҳақида кўплаб кўрсатмалар келган.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда айтади: “Кимки бу дунё ҳаётини ва унинг зийнатини хоҳласа, бу борадаги амалларининг (самараси)ни тўлиқ берурмиз. Улар бунда камситилмаслар. Ана ўшаларга охиратда дўзах оловидан бошқа ҳеч вақо йўқдир. Бу дунёда қилган ишлари ҳабата бўлди ва қилган амаллари ботил бўлди” (Ҳуд сураси, 15-16-оятлар).

Оятда бир ишни дунё ва унинг зийнатига эришиш учун қилган кимсаларга охиратда насиба бўлмаслиги, аксинча, дўзах олови уларни кутиб тургани баён этилмоқда.  

 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганларини эшитганман:

“Қиёмат куни ҳисоб-китоб қилинувчи инсонларнинг аввалгиси шаҳид бўлган инсондир. Уни келтирилади ва Аллоҳ унга неъматларини танитади. У уларни тан олади. Аллоҳ унга: “Неъматларга эга бўлиб нима амал қилдинг?” деб сўрайди. У: “Сенинг йўлингда курашдим, ҳатто шаҳид бўлдим” дейди. Аллоҳ айтади: “Ёлғон айтдинг. Сен “Бу одам ўта журъатли” дейишлари учун курашга кирдинг ва бу гап айтилди” дейди. Сўнгра буюрилади ва уни юзи билан судраб олиб бориб жаҳаннамга ташланади.

Кейин илм ўрганиб ўргатган, Қуръон ўқиган одам келтирилади. Аллоҳ унга неъматларини танитади, у уларни тан олади. Аллоҳ унга: “Неъматларга эга бўлиб нима амал қилдинг?” деб сўрайди. У: “Сен учун илм ўрганиб, ўргатдим, Сен учун Қуръон ўқидим” дейди. Аллоҳ айтади: “Ёлғон айтдинг. Сен “Бу одам олим” дейишлари учун илм билан шуғилландинг, “Бу одам қори” дейишлари учун Қуръон ўқидинг ва бу гап айтилди” дейди. Сўнгра буюрилади ва уни юзи билан судраб олиб бориб жаҳаннамга ташланади.

Кейин Аллоҳ унга кенгчилик бериб, турли моллар ато қилган киши келтирилади. Аллоҳ унга неъматларини танитади, у уларни тан олади. Аллоҳ унга: “Неъматларга эга бўлиб нима амал қилдинг?” деб сўрайди. У: “Сенинг йўлингда Сен рози бўладиган нима иш бўлса, барчасини қолдирмай садақа қилдим” дейди. Аллоҳ айтади: “Ёлғон айтдинг. Сен “Бу одам жуда сахий” дейишлари учун садақа қилдинг ва бу гап айтилди” дейди. Сўнгра буюрилади ва уни юзи билан судраб олиб бориб жаҳаннамга ташланади”.

      Муовия розияллоҳу анҳуга ушбу ҳадис айтилганда қаттиқ йиғлаган эканлар, ҳатто ҳушларидан кетиб қолган эканлар. Ўзларига келгач: “Аллоҳ ва Расули рост айтадилар” деган эканлар.

Уламолар, буюк устозлар ҳам шуҳратнинг офати ҳақида кўп таъкидлаганлар.

Жумладан, Суфён Саврий роҳимаҳуллоҳ “Шуҳратдан эҳтиёт бўлинг! Кимнинг олдига борган бўлсам мени шуҳратдан қайтарди” деганлар.

Бишр ибн Ҳорис раҳимаҳуллоҳ эса “Шуҳратни яхши кўрган кимса Аллоҳга тақво қилмабди” деганлар.

Яъни шуҳратни яхши кўрган одам Аллоҳга тақво қилмаган ҳисобланади.

Жалолиддин Суютий раҳимаҳуллоҳ “Шуҳрат офатдир!” деган ҳикматни ривоят қилганлар.

Баъзида шу пиар қилиш, шуҳратга интилиш, аниқроғи, айрим кўнгли ўксик инсонлар ҳақидаги мақоланинг сарлавҳасини “теша тегмаган” тарзда бериш юракни оғритадиган, қўпол ва ҳақиқатдан узоқ мазмунда бўлиб қолади. Бунинг ортидан ўша мақолада тилга олинган инсонларнинг дилига озор етиши, қалблари “синиши” мумкин.

Бир одамга ёрдам бераман деб ҳаракат бошланади. Аммо ўша ҳаракат нотўғри услубда ва шуҳратни кўзлаб олиб борилгани учун кўзланган натижага эришилса-да, савобдан қуруқ қолинади. Бордию мақолада эслаб ўтилган бемор, қалби ўксик инсоннинг дили оғриса, шунча қилинган меҳнат ортидан гуноҳ ҳам орттириб олинган бўлади.

Ҳозирги кунда мамлакатимизда интернетдан фойдаланувчилар сони 20 миллионга етди. Ижтимоий тармоқлар (“Facebook”, “Instagram”, “Telegram”)да бир кунда 1,6 миллион фойдаланувчи фаолдир. Бунинг ижобий жиҳатлари кўп. Лекин шуниси ҳам борки, ижтимоий тармоқ — бу оғизга келганини айтаверадиган, истаган ахборотини тарқатаверадиган жой эмас. Ундан фойдаланишнинг ҳам ўз қонун-қоидаси бор. Афсуски, айримлар бунга амал қилмаяпти. Сабабсиз агрессия, оммавий ҳақорат ва туҳмат қилиш ҳолатлари ортиб бормоқда. Натижада 2017 йилда 37 минг 805, 2018 йилнинг биринчи ярмида эса 41 минг 841 нафар фуқаро оммавий туҳмат ва ҳақоратда айбланиб, маъмурий жавобгарликка тортилди. Бундан тўғри хулоса чиқариш керак.

Ҳа, ҳозирги кунда айрим кишилар, хусусан, баъзи ёшлар кўчада, ошхонада ёки бирор жойда содир бўлган оғриқли воқеани телефонларига фото ва видеотасвирга олиб, фейсбук, телеграм, инстаграм, одноклассники каби ижтимоий тармоқларда тарқатишга, шу орқали кўп “лайк”, “класс” йиғишга интилмоқдалар. Бировларнинг мусибати устидан шуҳрат қозонишга ҳаракат қилмоқдалар. Бу мусулмончиликка мутлақо тўғри келмайдиган ҳолатдир. Аслида мусулмон одам бир диндош биродарининг бошига мушкул иш тушганини кўрса, суннатда келган дуоларни ўқиб, ўша биродари учраган мусибатдан уни сақлагани учун Аллоҳга ҳамд айтиб, у биродарига соғлик тилаши керак эди.

Хуллас, пиар қиламан, машҳурликка эришаман деб бир инсоннинг қалбини оғритиб, ўзингиз гуноҳкор бўлиб қолманг!

Қилмоқчи бўлган ишингизни тўғри ният ва охиратдаги савоб умидида амалга оширинг. Дунёнинг матоҳини, шуҳратини кўзламанг!

Аллоҳ таоло барчамизни нияти соф, қалби пок, ишлари шариатга мувофиқ бўладиган бандаларидан қилсин!

 

  

Интернет маълумотлари асосида

Нозимжон Иминжонов тайёрлади

3105 марта ўқилди

Мақолалар

Top