Мақолалар

Юрак ва мия ҳужайралари ўзгармасдир!

Аллоҳ таоло яратган махлуқотлар ичида энг мукаррами ва ажойиби инсондир. Ушбу мақолада ана шу мукаррам мавжудот бўлган инсоннинг ҳужайраларидаги ўзгаришлар ҳақида сўз юритамиз.

Ҳозирги инсон 5-6 йил олдинги инсон эмас. Чунки унинг ҳужайралари ҳар беш-олти йилда янгиланиб туради. Ҳар сонияда инсон танаси 25 миллион янги ҳужайра ишлаб чиқаради. Олимларнинг ўрганишлари натижасида шу нарса маълум бўлдики, инсон танасидаги умри энг қисқа ҳужайралар, бу – ичакларнинг ҳужайраси экан. Улар ҳар икки кунда янгиланиб турар экан. Инсон танасидаги энг узоқ умр кўрувчи ҳужайралар, бу – суяклар ҳужайраси экан. Улар тўлалигича беш-олти йилда янгиланар экан. Ана шу янгиланишлар натижасида инсон умри давомида соғлом, бақувват ва фаол ҳолда яшайди.

Маслан, жигар ва буйрак ҳужайралари алмашиб, янгиланиб турмаса, улардаги тўпланган заҳарлар инсоннинг узоқ умр кўришига тўсқинлик қилар экан. Чунки, жигар қонни фильтрлайди. Инсон заҳарланганда, унинг қонида заҳарлар, токсинлар бўлади. Бу заҳарлар ўз-ўзидан жигар ҳужайраларига ўрнашади. Буйрак ҳақида ҳам шу гапларни айтиш мумкин. Шунинг учун уларнинг заҳарланган ҳужайралари янгиланиши натижасида инсоннинг ҳаёти бир маромда давом этади.

Аммо танада шундай аъзолар борки, уларнинг ҳужайраси ўзгармас, янгиланмас экан. Булар – юрак ва мия ҳужайралари. Булардаги ҳужайраларнинг ўзгармаслиги Аллоҳ таолонинг раҳматидир.  

Агар миянинг ҳужайралари янгиланганда, инсон барча маълумотларини, илмини йўқотар экан. Ҳатто у ўз она тилини ҳар 5-6 йилда янгидан ўрганишга мажбур бўлар экан. Мия ҳужайраларининг ўзгармаслиги, собитлиги улкан неъматдир. Миянинг ҳужайралари ўзгармаслигига яна сабаблар жуда кўп. Уларни айтилса, жилд-жилд китоб бўлади.

Юракнинг ҳужайралари ўзгармаслигига ҳам сабаблар кўп. Юракда миядагидан ҳам кўпроқ ҳужайралар бор экан. Майл, ҳиссиёт каби нарсалар айнан юрак ҳужайралари билан боғлиқ.

Ҳозирги кунда юракни кўчириб ўтказиш кенг ривожланиб бормоқда. Европанинг ўзида 70 марта атрофида юрак кўчириш жарроҳлик амалиёти ўтказилган.

Фалон таомни яхши кўрадиган кишига бошқа одамнинг юраги қўйилгандан сўнг у ўша таомни ёқтирмайдиган бўлиб қолган.

Мумтоз куйларни ёқтирадиган одамга ёш инсоннинг юраги кўчириб ўтказилгач, у шўх мусиқаларни эшитадиган бўлиб қолган.

Соҳа олимлари бундан шуни хулоса қилишдики, юрак ўтказилганда, у билан бирга ўша юракдаги сезгилар, ҳиссиётлар ҳам бирга ўтар экан.

Агар миямиз маълумотлар, фикрлар ва хабарларнинг маркази бўлса, юрагимиз ҳис-туйғулар, сезгилар ва бошқа нарсаларнинг маркази ҳисобланади.

Юқорида инсон Аллоҳ таоло яратган махлуқотлар ичидаги энг ажойиби дедик. Аллоҳ таоло инсонни ана шундай ақлни шоширадиган, лол қолдирадиган қилиб яратган. У Зот ҳар бир нарсани аниқ ўлчов ва юксак ҳикмат билан яратган. Сўзимизни мана бу оят билан якунлаймиз:

 

 هَذَا خَلْقُ اللَّهِ فَأَرُونِي مَاذَا خَلَقَ الَّذِينَ مِن دُونِهِ بَلِ الظَّالِمُونَ فِي ضَلَالٍ مُّبِينٍ

 

“Бу Аллоҳнинг яратганидир. Қани менга кўрсатинг-чи, Ундан бошқалар нимани яратдилар. Йўқ! Золимлар очиқ-ойдин адашувдадирлар” (Луқмон сураси, 11-оят).

 

 

Интернет маълумотлари асосида

Нозимжон Иминжонов тайёрлади

3314 марта ўқилди

Мақолалар

Top