Мақолалар

Ирим ва хурофотларга ишoнманг!

ЁМОН БЎЛМАЙДИ...

Супургини тик қилиб қўйса, қиблага қаратса;

Меҳмон кетгандан кейин орқасидан супурилса;

Қалампир, супурги каби нарсаларни қўлдан қўлга берса;

Олдидан қора мушук кесиб ўтса;

Остонада кўришилса ёки ўтирилса;

Чап қовоқ учса;

Чап кафт қичиса;

Хўроз бемаҳал қичқирса;

Бир кунда икки келин туширган ҳовлига иккала келин бир вақтда, битта дарвозадан кириб борса;

Бойўғли сайраса;

Дуо қилинаётганда дастурхон устида қалампир ёки пичоқ турган бўлса;

Ҳовлига мажнунтол экилса;

Сафар ойида тўй қилинса;

Анжир дарахтининг ўтини ёқилса;

Супрадаги унни кафтининг орқаси билан тўпласа;

Супрани ёзган одамдан бошқаси йиғиштирса;

Шомдан кейин сўраб чиққанга сигир сути берилса;

Биров тишлаган нарсани еса;

Пиёладаги чой тугамасдан, устига чой қуйилса... ҲЕЧ НАРСА БЎЛМАЙДИ!

* * *

БАХТ ЁКИ БАХТСИЗЛИК...

Пешонанинг кенглиги;

Қўлнинг узунлиги;

Тана аъзоларининг шакли, ҳажми;

Кўзнинг ранги;

Чиптадаги рақамларнинг мутаносиблиги;

Синиқ ойнага қараш;

Хонтахта ёки столнинг бурчагига ўтириш;

Супурги ёки ўқлов учида туртиш БИЛАН ЮЗАГА КЕЛМАЙДИ!

* * *

ДАРОМАД ВА БАРАКАГА...

Чойнинг устидаги пуфакчаларни сочга суртиш;

Ўнг кафт қичиши;

Биринчи сотилган нарсанинг пулини барча матоларга теккизиб чиқиш;

Дам урилган пулни ҳамёнда асраш;

Эрталабда ҳеч кимга, ҳатто оила аъзоларига ҳам пул бермаслик

АСОС БЎЛМАЙДИ!

* * *

ТУҒРУҚНИНГ ОҒИР ЁКИ ЕНГИЛ КЕЧИШИ...

Кўрпа-тўшакларнинг астар томони билан тахланганига;

Ҳомиладорлик даврида ғўзапоя ўтини тандирга илдиз томони билан солинганига;

Касалхонага кетаётиб, кийимларни илгичлардан чиқариб ёки кир ёйиш учун боғланган дорларни ечиб ёхуд шкаф каби жиҳозларнинг эшикларини очишга;

Сувда қайнатилган мошнинг тез очилишига БОҒЛИҚ ЭМАС!

* * *

НАЗАР ВА КЎЗ ТЕГИШИДАН...

Дарвоза тепасига, ҳовлидаги устунларга осиладиган ҳайвон калла суяги, тақа, исириқ, қалампир каби нарсалар;

Буржга қараб тавсия қилинадиган турли рангли тошлар;

Қўлга, бўйинга осилган кўзмунчоқ, кийимга қадаб қўйилган дўлана КАБИ НАРСАЛАР САҚЛАМАЙДИ!

* * *

КИМНИНГДИР ЎЛИМИГА...

Юлдуз учиши;

Идиш-товоқларни қозоннинг ичига солиб ювиш;

Гўдакни деразадан узатиш, олиш;

Бешикни икки киши кўтариши;

Пичоқ дамининг тепага қараб туриб қолиши;

Одамнинг эгнида кийим чатилиши, тикилиши

САБАБ БЎЛМАЙДИ!

* * *

БУЛАРГА ИШОНСАНГИЗ АДАШАСИЗ!

Кечқурун тирноқ олса (ёки сешанба, шанба ва ҳоказо кунлари) тирноқ олса, бир ёмонлик келади;

Чақалоқни жума куни чўмилтириб бўлмайди, савобини кўтара олмайди;

Дуо қилинаётганда дастурхон устида пичоқ турса, уйдан барака учади;

Шомдан кейин сут, қатиқ сотилса ёки берилса, сигирнинг сути камаяди;

Азали хонадон аъзолари марҳумнинг “қирқи чиққунича” тухум ейишлари гуноҳ;

Таом аввалини гўшт билан бошласа, бош фарзанди ўғил бўлади;

Таомнинг қирмочини еган ёки қозон тагини ялаган қизнинг тўйида ёмғир ёғади;

Эркак киши уйдан чиқаркан, йўлини аёл киши кесиб ўтса ўша куни иши юришмайди;

Тирик одамнинг бўйини қаричлаб ёки бошдан оёғигача метрлаб ўлчаб бўлмайди, ўликни ўлчагандек бўлади;

Янги туғилган чақалоқни “қирқи чиқмасдан” ювинтириб, соч ва тирноқларини олиб бўлмайди;

Шанба куни қўлдан пул кетса, фақирлик келади, аксинча, пул келса, бойлик келади;

Супургини қўшнига бериб бўлмайди, уйдан барака қочади;

Қўшнидан супурги, игна сўраб бўлмайди, йўқсиллик келтиради;

Нонни дастурхонга тоқ қўйиб бўлмайди, азали жойда тоқ қўйилади;

Чоршанба куни соч-соқол олиб бўлмайди, чунки у куни ҳатто тўнғиз ҳам тук ташламас экан;

Тўқ кўк рангли либосни кийиб бўлмайди, чунки у азадорларнинг либоси ҳисобланади 

 

4982 марта ўқилди

Мақолалар

Top