Мақолалар

Бадбахт 8 тоифанинг бири бўлиб қолманг

Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): «Саккиз тоифа киши қиёмат куни Аллоҳ таоло махлуқлари ичида энг ёмон ҳисобланади ва азобга қолади», деганлар.
Биринчиси тоифа – ёлғончилар.        

Бу тоифадаги кишилар фақат жамиятга, оиласига зарар етказади. Ёлғончи кимса гуноҳ қилиб, «Қилганим йўқ», дейди. Оиласига хиёнат қилади, ишхонада бошлиғига ёлғон гапиради, хуллас, сувдан қуруқ чиқиш учун бебаҳо имонини ёлғонга сотади. Шунинг учун Сарвари олам (алайҳиссалом): «Ёлғончи жаннатга кирмайди», деганлар. Ёлғон сўз имонга уради ва соҳибининг юзидан нурни кетказади. Ёлғончиликнинг ёмон оқибатларидан яна бири — у жамиятга фитна солиб, одамлар орасини бузишидир. Cодир бўлган бузғунчиликнинг гуноҳи ёлғон гапирганнинг бўйнида бўлади. Фақат эр-хотинни, қариндош-уруғларни, дўстларни бир-бирига яраштириш мақсадида айтилган ёлғон сўз учун азоб қилинмайди. Чунки бунда ният тамоман бошқачадир.

Иккинчи тоифа кишилар мутакаббирлардир. 

Яъни, манмансираган, озгина амал учун «Мен фалонийман», деб ўзини кўз-кўз қиладиган ёки озгина бойлик қўлга кириб қолса, кечаги кунини унутиб, катта гапирадиганлар. Ҳар бир ишнинг ўртача бўлгани яхши, ҳар бир сўзнинг тавозе, камтарона айтилгани ундан ҳам яхши. Мутакаббирлик фарзандлар тарбиясига жуда катта зарар етказади. Борлигида ҳамма нарса исрофи билан сарфланса, болалар бундай исрофга ўрганиб қолишади. Озгина қийинчиликка чидаёлмай «дод-вой» қилади, қиз бўлса, турмушидан ажраб, ўғил бўлса, жиноят қилиб, ота-она бошига турли кулфатлар келтириши мумкин. Шунинг учун Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) доимо камтарликка, ҳар ишда ўртача йўл тутишга чақирганлар.

Учинчи тоифақалбларида мўмин биродарларига нисбатан буғзу адоват сақлаган ҳолда уларни кўрганларида мулозамат қилувчи кимсалар.

Бу тоифадаги кишилар кўрганида яхши гапириб, сизни мақтаб, йўғингизда ёмонлаб, одамлар кўзига сизни ёмон кўрсатади. Бундайларни иккиюзламачи, мунофиқ деб аташ мумкин. Чунки сизга бир юз, бошқага бир юз билан қарайди. Қалби тоза-пок эмас, сиздаги ишчанликни, тадбиркорликни кўролмайди. Ғийбатингизни қилиб, девор орқасидан тош отади. Сизни кўриб қолса, тошни ташлаб мулозамат қилади. Баъзилар одамларнинг амалига, мансабига, бойлигига қараб муомала қилишади. Куни келиб, ўша одам мансабдан кетса, тескари қараб кетаверади. Бу иш исломиятга мутлақо тўғри келмайди.

Тўртинчиси, Аллоҳ ва расулининг даъватини секин, шайтоннинг буйруғини эса тез бажарувчилардир.

Одам (а.с.)дан то Ҳазрати Муҳаммад (с.а.в.)гача барча пайғамбарлар (алайҳимуссалом) инсонларни фақат ҳидоятга чорлашган. Залолат, қон тўкиш, ўғрилик, зинони қаттиқ қоралашган. Жумладан, Қуръон ва ҳадис таълимоти мўмин-мусулмонларни тинчликка, аҳил бўлиб яшашга, ҳалол меҳнат қилишга ундаб, бировнинг ҳақидан қўрқишга буюриб туради. Шайтон эса тамомила бунинг акси, инсониятни доимо ёмонликка чақиради.
Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): «Мўмин бешта кулфат орасида бўлади. Бир мўмин унга ҳасад қилади. Мунофиқ уни ёмон кўради. Душман у билан урушади. Шайтон уни адаштиради. Нафси уни саргардон қилади» (Анас ибн Молик ривояти), деганлар. Ароқ ичиб, зино қилиб юрадиган одамнинг кўзига шайтон гуноҳни жилвалантириб, зийнатлаб кўрсатиб қўйган. Шунинг учун Аллоҳ ва расулининг даъватини секин, шайтон даъватини тез бажаради.

Бешинчи тоифа ноҳақ бўлсин қасам ичиб, дунёдан тама қиладиган кишилар. 

Бундай кишилар қасам ичиб мол ўтказади ёки озгина фойда пули учун ёлғон гувоҳлик беради. «Мен бу нарсанинг тозалигига кафолат бераман», деб қасам ичадида, фойдани олиб кетаверади. Эртаси куни учратиб: «Берган молингда нуқсон бор экан», десангиз, қасам ичиб, мен сени биринчи бор кўриб турибман, деб яна ўзини оқлаб тураверади.
Бундай кимсалар жамият бошига тушган қуртнинг ўзи, аста ўрмалаб асабингизга тегиб, роҳат қилишади. Сарвари олам бир ҳадисларида бундай деганлар: «Қасам молни ўтказади, аммо баракасини кетказади».
Бозорларда савдо-сотиқ қилаётган айримлар тош-тарозидан уриб қолади, харидор ҳақига хиёнат қилади, назоратчиларнинг қўлига тушса, қасам ичиб, тўртта болам етим, шуларни боқаман деб, яна ёлғон гапиради. Абдуллоҳ Тустарий деган зот бундай дейдилар: «Ҳаром ейдиган одамнинг тана аъзолари хоҳласа-хоҳламаса гуноҳга, ҳалол ейдиган одамники тоатга бораверади. Демак, жамиятнинг соғлом бўлишида, фарзандлар етук инсон бўлиб камолга етишида ҳалол луқмага эътибор бериш жуда муҳимдир».

Олтинчи тоифадаги кимсалар чақимчилардир.

Чақимчилик энг ёмон иллатлардан ҳисобланади. «Чақимчи жаннатга кирмайди», деган ҳадис бор. Демак, одамларнинг ўртасини бузувчи фитнагар одамдан жаннат ҳазар қилади. Чақимчи сеҳр- гардан ёмон, деган ибора ҳам бежиз айтилмаган. Сеҳргар сеҳри билан одамларнинг кўзини бўяса, чақимчи гапи билан одамлар қалбини тирнайди. Сеҳргар кўрсатган сеҳр томошагоҳда қолади, чақимчилик билан узилган дўстлик, қариндошлик ришталарини улашга кўп вақт ва ҳаракат керак. Демак, чақимчи жаннатга кирмаслигининг сабаби одамлар ва жамиятни бузишидир.      Аммо, бирор кимса адашиб гуноҳ қилаётган бўлса ёки жиноятга қўл ураётган бўлса, бунинг олдини олиш ва тарбия бериш учун унинг яқинларини огоҳ этиш чақимчиликка кирмайди. Чунки бу ерда ният томоман бошқача.

Еттинчи тоифадаги кимсалар дўст-биродар кишиларни бир-биридан айиришга ҳаракат қилиб юрувчилардир. 

Бундай ҳолат юз берса, қариндош-уруғ, биродарлар ўртасида нохушлик пайдо бўлади. Бу иш билан фақат қалбида ҳасад касаллиги бор одамларгина шуғулланади. Юқорида айтиб ўтганимиздек, чақимчилар шундай ҳол юз берса, роҳатланади.        

Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) айтадилар: Аллоҳнинг нусрати аҳил бўлган жамоат устидадир». Бир маҳалла бир жамоат ҳисобланади, маҳалланинг одамлари иттифоқ бўлса, ҳар бир ишни маслаҳат билан, тўй ва дафн маросимларини ихчам ўтказишга ҳаракат қилса, бундай жамоа Аллоҳнинг раҳматига лойиқ бўлади. Шундай иноқ-аҳил одамларнинг орасини фақат диндан хабари йўқ кимсаларгина бузишга ҳаракат қилишади.

Саккизинчи тоифа гуноҳсиз одамларга ноҳақ бўҳтон қилувчилар.

Бирор воқеани кўзи билан кўрмасдан бировдан гумон қилиб гапириш жамият ёки оила ичига раҳна солади. Туҳмат қилиш энг оғир гуноҳлардан ҳисобланади. Чунки туҳмат орқасида жуда катта фожеа туради. Арзимаган бир гап учун одамнинг тақдири ёмон тарафга ўзгариши мумкин. Бу борада жуда кўп ҳадислар, кўрсатмалар бор. Туҳматчилик ахлоққа, эътиқодга зид амал экани исботланган. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) саҳобалардан: «Умматнинг муфлисини биласизларми?» деб сўрадилар. Улар: «Муфлис динори ҳам, моли ҳам бўлмаган кишидир», дейишди. У зот: «Умматимнинг муфлиси қиёмат куни намоз, рўза, закот билан келади. Аммо у бировни сўккан, бировнинг молини еган, бировни зинокор деб айблаган, бировнинг қонини тўккан, бировни урганлар. Шу ишлари учун унинг яхшиликларидан олинади. Агар яхшиликлари тўловларига етмаса, уларнинг хатолари олиниб, муфлисга берилади, сўнг дўзахга улоқтирилади».

Мазкур муборак пандларни ҳаётга татбиқ қилиб, иложи борича яхши ишлар қилишга, яхши ном қолдиришга, покиза зурриёт тарбиялашга ҳаракат қилсак, Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) насиҳатларига, кўрсатмаларига мувофиқ иш тутсак хақиқий мўмин сифатига эришамиз.

Юқорида баён этилган бадбахт саккиз тоифа кишилар гуруҳига кириб қолишдан Аллоҳ таолодан паноҳ тилаймиз.

 

Саидаброр Умаров

 

681 марта ўқилди

Мақолалар

Top