Мақолалар

Олимлар аниқлашди: Эътиқодлилар узоқ умр кўради

Америка Соғлиқ тадқиқотлари миллий марказида Давид Ларсон томонидан америкалик диндор ва эътиқодсиз кишилар ўртасида қилинган қиёсламалар натижасида жуда ҳайратланарли маълумотлар тақдим этилди. Жумладан, диндорлар умуман эътиқодсиз кишиларга қараганда юрак касаллигига 60 фоиз кам учрар экан. Ўз жонига қасд қилиш ҳодисалари диндорлар орасида умуман йўқ. Қон босимининг хавфли кўринишлари ҳам жуда паст даражада экан.

Мазкур ҳолат фанда “The psychological impact” яъни “психологик таъсир” деб аталади. Эътиқодли кишининг шукроналик кайфияти руҳиятига ижобий таъсир кўрсатиши натижасида, соғлиғи учун катта фойда келтирар экан. Аллоҳга бўлган эътиқод бошқа ҳар қандай кайфиятни кўтарувчи хусусиятлардан кўра, таъсири анча кучли экани тасдиқланди.

Харвард Тиббиёт факультетидан доктор Херберт Бенсоннинг диний эътиқод ва вужуднинг соғлиғи ўртасидаги бошқа тадқиқотларида ҳам диққатга сазовор натижалар юзага чиққан. Бенсон эътиқодсиз киши бўлишига қарамасдан, Аллоҳга бўлган эътиқод ва ибодатлар инсон соғлиғи учун бетакрор даражада ижобий таъсир кўрсатади, деган фикрга келган. Бенсон “бошқа ҳеч қандай эътиқод Аллоҳга бўлган эътиқод каби зеҳн ва қалбга ҳузур бермаган”, деган хулосага келган.    

Медицина дунёси аста-секин тушуна бошлаган бу ҳақиқат Қуръонда “Огоҳ бўлинглар, қалблар фақат Аллоҳнинг зикри билан хотиржам бўлади” (Раъд, 28) ояти билан таъкидланган. Аллоҳга ишонган, У Зотга дуо қилган инсонларнинг бошқалардан ҳам руҳий, ҳам жисмоний жиҳатдан соғлом эканларининг сабаби яратилишларига мос ҳаракат қилишларидадир.  

Малайзия ва Сингапурлик бир гуруҳ олимлар узоқ йиллар давомида ҳамкорликда олиб орган тажрибалари натижасида эътиқодли инсонларнинг соғлиғига ижобий тасир кўрсатувчи бир қанча омилларни санаб ўтган. Қуйида, мазкур омилларнинг фақатгина инсон танасидан ишлаб чиқарувчи айрим гормонлар хусусидаги фикрларини ҳавола этамиз. Аввало гормонлар ҳақида қисқача тўхталсак. Гормонлар — ички секресия безлари (эндокрин безлар)да ишлаб чиқилиб, қонга ва тўқима суюқлигига ўтадиган биологик фаол моддалар ҳисобланади. Улар бутун организмга тарқалиб, турли аъзо ҳамда тўқималарнинг фаолиятини бошқаради.

Серотонин – “Бахт гормони”. Серотонин бош мия нейромедиатори бўлиб, кўпроқ гормон деб аталади. Бош мия марказидаги ғуддасимон безда ишлаб чиқарилади. Инсоннинг психологик ва жисмоний фаолияти билан боғлиқ бўлиб, иштаҳа, кайфият, ижтимоий хулқ-атвор, когнитив фикрлашга таъсир кўрсатади. Серотонин миқдори ақлий салоҳият, организмга бевосита таъсир кўрсатади. Унинг миқдори қанчалик кўп бўлса, шунча яхши, дейилади тиббий мақолаларда.

Олимларнинг тадқиқотлари натижаси шуни кўрсатмоқдаки, эътиқодли (мусулмонлар) бажарадиган ҳар қандай ибодат (фарз, суннат, нафл ва бошқа) ёки дуо, нафақат серотонин, балки допамин ва бошқа кўплаб фойдали гормонларнинг ишлаб чиқарилишига сабаб бўлар экан. Тадқиқотчилар биргина намознинг ўзида инсон ҳар томонлама – ақлан, қалбан ва жисмонан ибодат қилиши натижасида тана ва саломатлик учун керакли бўлган деярли барча фойдали моддалар ишлаб чиқарилишини таъкидлашмоқда.

“Эй Раббим! Мен сенга дуо қилиб (ҳеч қачон) бахтсиз бўлган эмасман”. (Марям, 4)

Эндорфин – инсон танасида эндокрин безларнинг фаолиятини назорат қилади. Мазкур модданинг кўп миқдорда ишлаб чиқарилиши инсонда бахтиёрлик ҳисси ва аъло кайфиятини кафолатлайди. Шунинг учун улар “бахтиёрлик гормонлари” ёки “ҳурсандчилик гормонлари” деб аталади.      Эндорфинлар танада стрессга жавоб сифатида яъни, руҳий чарчоқ, тушкунлик, депрессия ва бошқа асаб тизимига боғлиқ касалликларга қарши курашиш шунингдек, физиологик ҳимояни таъминлаш учун адаптацияни бузмасдан, турли касалликлар ва уларнинг шаклланишидан танани асраш мақсадида ҳимоя реакцияси сифатида ишлаб чиқарилади.

“Бас, сизларга Мен (тараф)дан ҳидоят келганида ким Менинг ҳидоятимга эргашса, йўлдан озмас ва бахтсиз бўлмас”. (Тоҳо, 123)

Бас, (у учтанинг биринчиси) ўнг томон эгаларидир. Ўнг томон эгалари (бўлмоқ) не (саодат)дир!(Воқеа, 8)

Окситотсин — меҳр ва муҳаббат гормони. Мазкур гормоннинг етишмаслиги ғам-қайғуни (баъзан мутлақо бесабаб кайфият тушиб кетиши) келтириб чиқаради, хавотир даражасини ошириб юборади. Инсон ўзини бахтли ҳис қилганда, кимгадир ёки нимагадир меҳри уйғонганда, қалбида хотиржамлик сезганда, эзгу ниятлари амалга ошганда ҳамда фарзанди кулган вақтда ота‑она ва энг қизиғи ибодат қилаётган инсон қонида кўп миқдорда мазкур гормон ишлаб чиқарила бошлар экан. Олимлар эътиқодлилар эътиқодсизлардан кўра кўпроқ ўзларини бахтиёр ҳис қилишини исботлашган. Чунки, инсоннинг Худога бўлган ишончи, мухаббати ва тақдирига розилиги инсон танасида окситотсин гармонининг фаол ишлаб чиқарилишига сабаб бўлар экан.

“...уларни Аллоҳ севадиган ва улар ҳам Уни севадиган, мўминларга...” (Моида, 54)

“Имон келтирганларнинг Аллоҳга бўлган севгилари эса (уларникидан) кучлироқдир”. (Бақара, 165)

Тироксин. Яна бир муҳим гормон ҳисобланган тироксин қад‑қомат гўзаллиги ва ақл‑идрокнинг шаклланишига жавобгар саналади. Қалқонсимон безларда ишлаб чиқарилувчи ушбу гормон организмда моддалар алмашинуви, ҳаракатлар координацияси ва тана тузилишини бошқаришда иштирок этади. Бу модда денгиз карами, денгиз маҳсулотлари ёки ёдланган туз, нон ва сут маҳсулотларида яхши сақланади. 

“У сени яратиб, сўнг (барча аъзоларингни) тиклаб, сўнг (қоматингни) рост қилиб қўйган зот-ку!” (Инфитор, 7)

“Ҳақиқатан, Биз инсонни хушбичим ва хушсурат (шаклда) яратдик”. (Тин, 4)

Биз уларни яратдик ва (барча) аъзоларини мустаҳкам қилдик”. (Инсон, 28)

Норадреналин ўз‑ўзини ҳимоя қилиш гормони бўлиб, буйрак усти безларида ишлаб чиқарилади. Стресс ҳолатида ушбу гормон бутун организмни “уруш ҳолати”га тайёрлайди. Бу вақтда кучсизланган организмни инфекциялардан ҳимоялайди, иммунитет ишини мувофиқлаштиради. Ушбу гормоннинг меъёрида эканини юзимиздаги соғлом қизилликдан билиш мумкин. Янги сабзи ва ёгуртда мазкур модда кўп миқдорда сақланади.

“Аллоҳга таваккул қилинг! Аллоҳнинг Ўзи етарли вакил (ҳимоячи)дир”. (Аҳзоб, 48)

Ёки улар учун Биздан ўзга ҳимоя қиладиган «илоҳлар» борми?! (Анбиё, 43)

“Аслида Аллоҳ ҳимоячингиздир ва У ёрдам берувчиларнинг яхшисидир”. (Оли Имрон, 150)

Инсулин – ширинлик гормони. Ошқозон ости безида ишлаб чиқарилади. Айни шу гормон биз истеъмол қилган ширинликларни парчалаб, организмимиз учун зарур бўлган энергия, қувватга айлантириб беради. Инсулиннинг нотўғри ишлаб чиқарилиши қандли диабет ҳамда юрак қон‑томир тизими хасталикларининг ривожланишига олиб келади. Инсулин – ҳаракат гормони ҳамдир. Бир соатлик фитнес машғулотларидан сўнг унинг миқдори 6‑7 фоизга ортиши, 5 маҳал намозни ўз вақтида тўкис адо этувчиларда эса бу миқдор ундан ҳам юқори бўлиши исботланган.

“Сўнгра турли мевалардан еб, Парвардигорингиз (сиз учун) қулай қилиб қўйган йўллардан юрингиз!» Уларнинг қоринларидан одамлар учун шифо бўлган турли рангдаги шарбат (асал) чиқур. Албатта, бунда фикр юритадиган қавм учун аломат бордир”. (Наҳл,69)

“Зеро, (У) уларни очликдан (қутқариб) тўйдирди ва хавф (ва хатар)дан хотиржам қилди”. (Қурайш, 4)

“(Бу) Бизнинг ҳузуримиздан бўлмиш неъматдир. Шукр қилганларни мана шундай мукофотлаймиз”. (Қамар, 35)

Вазопрессин – ишонч гормони. Гипофизда ишлаб чиқарилади. Молекуляр тузилиши окситотсинни эслатади. Мазкур гормон яқинлик (дўстлик, меҳрибонлик), ғамхўрлик ва эр-хотин ўртасидаги ўзаро ишончнинг пайдо бўлишига кўмаклашади. Ислом дини эса инсонларни ўзаро меҳр-муҳаббат, дўстлик, оилага садоқат ва инсонпарварликка чорлайди.

“Ўзаро бир-бирингизга фазл (мурувват) қилишни унутмангиз. Албатта, Аллоҳ қилаётган амалларингизни кўриб турувчидир”.

(Бақара. 237)

“Аллоҳ эса тақводорларнинг дўстидир”. (Жосия, 19)

“У (мўминларга нисбатан) Ғафур (кечиримли) ва Вадуд (дўст)” (Буруж,14)

Мелатонин – уйқу гормони. “Ёшлик гормони” деб ҳам номланади. Инсон миясининг марказий қисмидаги эпифиз марказида (ғуддасимон без) ишлаб чиқарилади. Ёруғликка ўта таъсирчан гормон. Унинг суткалик миқдорини инсон биологик соати белгилайди. Яъни, кундуз куни мелотонин миқдори камайиб, кеч тушиши билан орта бошлайди. Унинг ишлаб чиқарилиши ярим тунда чўққисига етади. Бир оз энг кўп миқдори ушлаб турилади сўнгра аста секинлик билан пасая боради. Мелотонин ишлаб чиқарилиши ёруғлик даражасига бевосита боғлиқ. Мелотонин ўзига хос антиоксидант ҳисобланиб, баъзи касалликлар, масалан, саратоннинг айрим турлари (кўкрак бези саратони)га қарши курашда унинг ўрни беқиёс. Мелотонин етишмовчилиги ҳам айрим хасталикларнинг (невроз, асаб касалликларининг турли хиллари, тана холсизлиги ва бошқа хасталиклар) кучайишига олиб келиши мумкин. Зеро, мухтарам ўқувчиларимизга уйқусизлик қанчалик оғир асоратларга олиб келиши яхшигина маълум бўлса керак. Мазкур гормоннинг яна бир қизиқарли томони шундаки, у овқат ҳазм қилиш жараёнида ҳам иштирок этади. Шу сабабдан меъёридан ортиқча овқат истеъмол қилганимизда, ортиқча таомни ҳазм қилиш учун кўпроқ мелатонин ишлаб чиқарилади ва бизни уйқу босади. Мусулмонлар тушдан кейин одат қилган қайлула – бироз ором уйқуси шунингдек, мусулмонларга одат бўлган эрта ётиб эрта туриш ҳам юқорида қайд этилганидек айни мелотонинга бўлган эҳтиёжни қондиради.

“Уйқуларингизни (баданларингиз ва асабларингиз учун) ором қилдик”.(Наба, 9)

“У сиз учун кечани либос, уйқуни истироҳат қилган ва кундузни тирилиш (замони) қилган Зотдир”. (Фурқон, 47)

“Унинг тарафидан хотиржамлик учун сизларни мудроқ бостиргани”. нфол, 11)

Инсон, Яратганнинг буюк мўъжизаси. Табиатда эса биз ҳали англаб етмаган сир-синоатлар сероб. Биз юқорида айрим гормонларнинг асосий хусусиятларини тилга олган бўлсак ҳам, уларнинг вазифалари шулар билангина чекланиб қолмайди. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

“...Агар Аллоҳнинг неъмат(лар)ини санасангиз, саноғига ета олмайсиз. Ҳақиқатан, инсон (ўзига) ўта золим ва (Раббига) жуда ношукрдир”.

(Иброҳим, 34-оят)

“Аллоҳдан сизларга Нур ва равшан Китоб келдики, у билан Аллоҳ ризосини топишга интилганларни (У) тинчлик ва саломатлик йўлларига йўллаб, Ўз изни билан уларни зулматлардан нурга чиқарур ва тўғри йўлга ҳидоят қилур”.

(Моида, 15-16)

Интернет манбалари асосида Саидаброр Умаров тайёрлади

1057 марта ўқилди

Мақолалар

Top