Мақолалар

Нишонга урилган гаплар: “Бир инсоннинг қандайлигини билмоқчи бўлсанг, унга кўп пул ёки мансаб бериб кўр”

 Қуйида келтириладиган фикрлар, ҳикматлар ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган. Бундан ташқари саҳобаи киромлар, улуғ олимлар, Яқин Шарқ, Осиё, Европа ва Америка мутафаккирларининг бир қатор фикрлари ҳам берилган. 

 

*****

ТАВАККУЛ ВА ИШОНЧ

Доллар ошди ва нархлар қимматлади. Лекин ризқ Воҳид, Қаҳҳор бўлган Зотнинг зиммасида.

Салафи солиҳларнинг бирларига: “Нархлар қимматлади” дейилди. Шунда у киши: “Уни истиғфор билан туширинглар!” дедилар.

Бир аъробийга: “Бир бурда нон бир динор бўлибди” дейилганда, у: “Аллоҳга қасамки, агар буғдой дони бир динор бўлса ҳам, бу мени ташвишга солмайди. Мен Аллоҳга, У Зот менга буюрганидек ибодат қиламан. У Ўзи ваъда қилганидек менга ризқ беради” деди.

Инсонлар Салама ибн Динорнинг олдига бориб, унга: “Эй Абу Ҳозим! Кўрмайсизми, нарх-наво қимматлабди” дейишди. Шунда у киши: “Бундан нега ташвишланяпсизлар?!! Нарх-наво арзонлигида бизга ризқ берган Зот нарх-наво қимматлаганда ҳам бизга ризқ беради” дедилар.

Ховатир роқия журнали

*****

Кучли бўлмоқчи бўлсанг, бирор киши сени яхши кўришини кутмаслигинг керак.

Лев Толстой

*****

Ким мол-дунё ҳамма нарсани қила олади деб ишонса, ўша кимсанинг ўзи ҳам мол-дунё учун ҳамма ишни қилади.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Мол-дунё гапираётганда, ростгўйлик жим турадиган бўлиб қолди.

 “Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Бўш ҳамёнлар муваффақиятга эришишдан тўсолмайди. Балк бўш ақллар ва бўш қалблар тўсади.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Инсоннинг ҳамма аъзосига оғриқ, зулм етиши мумкин, аммо тилига эмас.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Илм қанча кўп бўлса, “мен” деган тушунча камайиб боради. Илм қанча оз бўлса, “мен” деган тушунча кўпайиб боради.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Инсон ҳар қанча ёлғон гапирмасин, бир кун келиб ҳамма ёлғонлари фош бўлади.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Яхшилик уч нарса билан чиройли бўлади:

  1. Сўрамасдан қилиш билан.
  2. Пайсалга солмасдан, тез қилиш билан.
  3. Миннатсиз қилиш билан.

Мустафо Сибоий

Ховатир роқия журнали

*****

Бошқаларнинг дўзахга тушишини исботлашдан кўра, ўзингни жаннатга киритишга уриниб яшашинг афзалдир.

Али Шариатий

*****

Кўплаб фақир одамлар умр бўйи ғамгин ҳолда яшашади. Бир марта кулганларида эса ҳамма унларни расмга олади-да, остига «Мол-дунё бахтнинг пайдо бўлишига сабаб бўлмайди» деб ёзиб қўйишади.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Баъзи одамларнинг «Ватан» деб жар солиши сени алдаб қўймасин. Айримлар ташқаридан қараганда ватанпарвар бўлиб кўринса-да, махфий равишда порахўрлик билан шуғулланувчи ва халқнинг мулкини талон-тарож қилувчи хоинлардир.

«Тарих муҳрлаган сўзлар»

*****

Ҳаётнинг ҳаммаси фейсбукдан иборат эмас. Ота-онамиз ёнимизда, бизнинг суҳбатимизга муштоқ бўлиб ўтиришибди. Биз эса телефондан бош кўтармаяпмиз.

*****

Бирор шахсга бўлган ишончнинг кетиши ўша шахснинг ўзининг кетишидан ҳам оғирроқдир.

Вилям Шекспир

*****

Бир инсоннинг қандайлигини билмоқчи бўлсанг, унга кўп пул ёки мансаб бериб кўр.

«Тарих муҳрлаган сўзлар»

*****

Жоҳилнинг учта аломати:

  1. Ужб (ўзидан қойил қолиш);
  2. Бефойда гап гапириб, маҳмадоналик қилиш;
  3. Бир ишдан қайтариб туриб, ўша ишни ўзи қилиш.

Абу Дардо розияллоҳу анҳу

*****

 

 

Тўплаб, таржима қилувчи Нозимжон Иминжонов

 

 

779 марта ўқилди
Мавзулар

Мақолалар

Top