Мақолалар

Аллоҳ билан шартнома тузган киши

Одамзот мақтовга, олқишга, ўзгаларни ажаблантиришга ўч. Шу сабабли инсон қўлидаги бир мулки ёки  қилган амали билан фахрланишни, мақтанишни яхши кўради. Кимдир амалини, кимдир мол-дунёсини, яна кимдир эса қилган яхши ва хайрли ишларини гапирганча ҳузур қилади. Одамларнинг ҳавас ва ҳасад ила унинг оғзига термулишидан роҳатланади.   Албатта бу яхши одат эмас.

Бироқ, ичимизда шундай одамлар ҳам борки, улар на амали билан, на мол дунёси билан ва на хайр – эҳсон ёки яхшилиги билан мақтанади. Лекин, улар оғзини тўлдирганча, қилган ГУНОҲИ! билан мақтанади. Ажабланманг, ҳа, айнан гуноҳи билан, Аллоҳга бўлган маъсияти билан, илмсизлик ила қилган хатоси билан мақтанади. Оғзидан бол томганча, ҳузур қилганча, гўё ҳеч ким уддалай олмаган ишни бажариб қўйгандай, айнан қилган гуноҳини ошкор қилиб оғзига қаратади. Улар ўзларига “Худодан беркитмаган бандасидан беркитасанми?” деган гапни шиор қилиб олишган.  Бу эса, нафақат яхши одат эмас, балки, динимиз қаттиқ қоралаган ёмон ва хатарли одатдир.  

Аллоҳ таоло бандаларига ниҳоятда меҳрибон Зотдир. Инсонларнинг гуноҳларини кечаю кундуз яшириб, ҳар дақиқада кечириб, уларга имкониятлар, муҳлатлар бериб туради. Бироқ, ўз айбини ошкор қилиб, ўз гуноҳи ила мақтанганлар Аллоҳ таолонинг бу марҳаматларидан фойдаланмасдан, илмсизлик ила гуноҳ устига гуноҳ орттирадилар. Чунки, гуноҳ қилишнинг ўзи бир гуноҳ бўлса, уни ошкор этиш, у билан мақтаниш, гуноҳни эслаб ҳузурланиш иккинчи бир гуноҳдир.

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Умматимдан ҳар бири афв қилингандир. Фақат мужоҳирлар бундай эмас. Мужоҳир шундай бир кишики, у тунда бир амални қилади-да, сўнг тонг оттиради. Аллоҳ эса унинг гуноҳини беркитган эди. Бас, у: “Эй фалончи, ундай ва бундай қилдим”, дейди. Ваҳоланки, Роббиси уни беркитган эди. У эса Аллоҳнинг ёпиб қўйган пардасини очиб юборади”. (Муттафақун алайҳ)    

Аслида банданинг гуноҳи ошкор бўлмаганлиги, инсонлар оғзига тушиб гап-сўз бўлмаганлиги кишининг ўз ишини зўр уддалаганидан, инсонларнинг  халойиқнинг кўзига чўп суқиб уддабуронлик қилганидан эмас, балки, Аллоҳ таоло Ўзининг Саттор сифати ила банданинг гуноҳини беркитиб, у гуноҳ билан халойиқнинг ўртасига кўринмас парда тортиб қўйганлигидандир. Бу ҳам катта неъматдир. Чунки, Аллоҳ таоло кимнинг гуноҳини бу дунёда яширса, Қиёмат кунида ҳам беркитиши ҳақида ҳам Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ишончли ҳадислар келган. Шундай экан, Аллоҳ беркитган гуноҳни ўз тили билан ошкор қилган киши  гуноҳнинг кечирилмаслиги учун сабабчи бўлиб қолади.

Асарларда келтириладики: “Агар банда Аллоҳга қайтса, бир нидо қилувчи осмон ва ер аҳлига шундай нидо қилади: “Фалончини муборакбод этинглар. Батаҳқиқ, у Роббиси билан келишиб олди, Аллоҳга қайтди”. Яна келтириладики: “Агар банда насух тавба қилса, Аллоҳ таоло шу бандани устидаги икки фариштага ва ернинг аҳолисига унинг қилган гуноҳларини унуттириб юборади”.

Демак, инсон билиб-билмай гуноҳга қўл урганда  уни одамларга ошкор қилмаслиги, балки,  гуноҳига тавба қилиши лозим бўлади. Қолаверса, қачондир  у гуноҳни эслаганда ҳузурланиши ёки мақтаниши эмас, балки, қалбида пушаймонлик ҳисси ила кечирилишидан умидворлик туйғуси бўлиши керак.

 НУКТА: Ўз гуноҳини ошкор қилмасликка, ўз хатосини яширишга буюрган динимиз ҳаргиз ўзгалар гуноҳини, айбини ва хатосини оммага жар солишга ҳаргиз рухсат бермайди. Балки гуноҳидан хабаринг бордир, бироқ, қилган тавба ва истиғфорини билмассан. Балки, у Роббиси билан келишиб олгандир. Сен эса Аллоҳ ва банданинг ўртасида ёмонотлиқ бўлиб қолмагин.

 

ОЛМАЗОР ТУМАНИДАГИ  “МЕВАЗОР” МАСЖИДИ ИМОМ НОИБИ: ИСЛОМОВ ЁРБЕК

3109 марта ўқилди

Мақолалар

Top