Мақолалар

Дин ва давлат равнақи учун қўлни қўлга берайлик

Мубашшир АҲМАД 

Бу ҳақда ёзишни жуда узоқ ўйладим. Кўп мулоҳаза қилдим. Ёзганларим аксар томонни норози қилиши, шаънимга ёмон сўзлар айтилиши мумкин. "Сарой мулласи" ёки "давлат одами" десалар ҳам ажабланмайман. Бошқа томондан ҳам бунинг тескариси даъво этилиши ва норози бўлиниши мумкин. Лекин барибир фикрим ва мулоҳазамни баён қилишга қарор бердим. Чунки бу тўғрида сукут яхшиликка олиб бормаслиги ва соғлом фикрласак, холис бўлсак, ҳамда ўзаро тушуниш позициясини олдинга сурсак, бутун жамият ютиши мумкинлигига амин бўлдим.

Икки-уч йил олдинги ҳаётимиз, давлат ва мусулмонлар муносабатига тўхталиб ўтирмайман. Ҳаммамиз яшадик ва кўрдик. Кейин кўп соҳаларда ислоҳотлар бошланди. Ислоҳотлар молиявий-иқтисодий соҳаларда кўпроқ кўзга ташлана бошлади. Уларнинг муваффақиятига ҳали бу ислоҳотлар тугагач баҳо берилаверади. Аммо айрим муваффақиятлар тезда кўрина бошлагани бор гап. Масалан, миллий валютамиз бўйича ютуқлар ҳозирданоқ қўлимизда. Биздан олдинлари пластик билан нақд пул ўртасидаги фарқ масаласи жуда кўп сўраларди. Чет элларда бундай муаммо айтарли бўлмагани учун унинг шаръий ечимлари борасида кўп тер тўкишга тўғри келарди. Алҳамдулиллаҳ, ҳозир бу муаммо барҳам топиб, саволлар ҳам тўхтади. Бундай силжишлар ва илдамлаш талайгина.

Энди мақсадга ўтсам. Мамлакатимизда бўлаётган ислоҳотлар диний соҳани ҳам четлаб ўтмади. Олдинги баҳсли постимда бунга тўхталганман. Бу борадаги энг катта ютуқ мусулмон қатламга давлатнинг муносабати ўзгаргани ва сиёсат юмшагани бўлди. Бунга кўз юмиш мумкин эмас. Мен ўз танамда ҳис қилиб турганим учун ҳам буни эътироф қиляпман.

Давлат шундай қилишга мажбур, ҳадеб шукроналик қилавериш шарт эмас, дейдиганларга айтаман. Пайғамбаримиз алайҳиссалом: "Ким одамларга шукр қилмаса, Аллоҳга ҳам шукр қилмайди", деганлар. Ибн Боз раҳимаҳуллоҳ: "Бу саҳиҳ ҳадис. Кимнинг табиати ва хулқида одамларнинг яхшилик ва олийжанобликлари учун шукр қилмаслик ва миннатдор бўлмаслик сифати бўлса, демак у Аллоҳ таолога ҳам шукр қилмайди ва рози бўлмайди. Ёмон тасарруф ва жафосидан ғолибо Аллоҳга ҳам шукр айтмайди", дейдилар. Мен Ибн Бознинг шарҳларидан иқтибос келтирганим сабаби, айримларимиз фақат шу кишининг мулоҳазаларига суянишади. Бинобарин ҳақиқат айнан шундай эканини улар ҳам билишларини хоҳладим. Чунки бундан бошқа оят ва ҳадислар ҳам ушбу маънони кўп таъкидлайди.

Тўғри, диний соҳада ислоҳотлар секинроқ боряпти. Аммо соҳа ўта ҳассос бўлгани учун бу ҳолатни мен тушинишни хоҳлардим. Ва секин аста бошқа муаммолар ҳам ҳал бўлади, деб ўйлайман ва шуни истайман.

Бу сатрларни ёзишимга икки ҳолат сабаб бўлди. Биринчиси, мен ўзим ҳурмат қилганим Фазлиддин домланинг "Америка овози" радиосига берган интервьюси ва айримлар томонидан ёшлар орасида радикаллашувга мойиллик ҳақидаги хавотирлар сабаб бўлди.

Фазлиддиннинг интервьюсида айрим ҳақиқатлар айтилган. Лекин шу билан бирга нотўғри ва мақсадли маълумотлар ҳам зикр қилинди. Жумладан, хонадонма-хонадон юрилиб, рўмолга қарши тарғибот ишлари юритилди ва кўпларнинг соқоли олдирилди, дейилиши нотўғри. Рўмол масаласида мен бундай хабар эшитмаган бўлсам, соқол масаласида бошланишида бироз муаммо пайдо бўлган бўлса, ҳозир ҳаммаси жойида. Мақсадли, деганим сабаби, суҳбатдан Фазлиддин нима қилиб бўлмасин, сиёсий бошпана сўраш ҳаракатига тушиб қолибди, деган таассурот қолди менда. Менимча, муаммоларни бунчалик шиширмай ва бўрттирмай ҳам, бошпанага эга бўлиш мумкин бўлса керак. Ва сиёсий бошпана олмай ҳам киши чет элда рисоладагидек яшаши мумкин, деб ўйлайман. Мухбир ҳам "Кейинги икки йилда биринчи маротаба" деб янги қарама-қаршилик даврига старт бергиси келгандек гапирди.

Нега мен одатимга хилоф равишда буларга кенгроқ тўхталганим сабабини энг охирида баён қиламан.

Иккинчи ҳолат, ёшларнинг радикаллашуви масаласи. Англашимча, ёшлар диний соҳада ислоҳотлардан умидвор бўлиб, кейин ҳафсалалари пир бўлган. Уларга айтмоқчиман. Биринчидан, ҳолат ижобий томонга ўзгарган, яхшилик аломатлари бор. Иккинчидан, ёшсиз, шижоатлисиз, лекин кўп ишларнинг моҳиятини тушунмайсиз ва тажрибангиз етишмайди. Динда ҳам, ҳаётда ҳам шижоатнинг ўзи кўп нарсани ҳал қилавермайди. Учинчидан, дунё ҳаёти имтиҳон ва синов ҳаёти. Ҳамма нарса яхши ва рисоладагидек бўлиб кетса, унинг имтиҳонлиги қолмайди. Қийинчиликка сабрли ва шунга қарамай саботли бўлиш Аллоҳнинг ҳузуридаги савобни кўпайтиради. Сиз орзу қилаётган мамлакат ва жамиятларда ҳам Аллоҳнинг синовларига кўп бора дуч келасиз.

Мисоллар айтаман. Швецияда ота-она бола ҳуқуқини бузса, бола тортиб олиб қўйилади. Мактабларида мусулмон тарбиясига зид жинсий тарбия мажбурий равишда ўқитилади. Бундан хавотирга тушган айрим кишилар у мамлакатни тарк этишга ҳаракат қилишаётганимдан хабарим бор. (Швецияда яшаётган ҳамюртларимиз бунга аниқлик киритиб, бу тўғрида батафсилроқ маълумот беришларини сўрардим).

Ёки Америкада инсон ҳуқуқларига риоя қилиниши ва мусулмонларга муносабат таҳсинга лойиқ. Аммо у ерда яшаётган мусулмонлар диний ўзига хослигини сақлаб қолиш учун доимий ҳаракатда. Чунки муҳитнинг яхши эмаслиги муҳожирларнинг иккинчи-учинчи авлодини ўзининг диний ўзига хослигидан анча узоқлашишига, айримларини ундан бутунлай воз кечиб кетишига сабаб бўлмоқда. Бундай муаммо мусулмонлар камчиликни ташкил қиладиган ҳамма мамлакатларга хос. Демак, бу давлатлардаги мусулмонлар ҳам ўзига хос муаммоларига эга ва буни ечишга мажбур. Демак, улар ҳам синовдалар.

Ёхуд мусулмон мамлакатларни олайлик. Масалан, Саудияда ҳурфикрли ва ихлосли мусулмонлар, хусусан, олимлар тазйиқ остида, баъзилари қамоққа ташланган. Мисрда сиёсий фаол мусулмонлар қаттиқ таъқиб қилинмоқда. Айрим маълумотларга кўра, ўн минглаб фаоллар қамоқда. Тунисда эркин сайловлар билан ҳокимиятга келган мусулмон партия мухолифатга ўтишга мажбурланди. Жазоирда ўттиз йиллар олдин исломий уйғониш қонга ботирилган бўлиб, давлат бу инқироздан ҳали-ҳануз чиқиб кетолмаган. Яман, Сурия, Фаластин ва Ливия каби уруш давом этаётган мамлакатлардаги мусулмон аҳоли бошига тушаётган синов ва имтиҳонларни гапириб ўтирмайман. Буни ҳамма кўриб турибди. Ҳатто ҳамма ҳавас билан қарайдиган БАА ва Қувайт каби мамлакатлардаги бойлик ва фаровонлик ҳам бандалар учун ўзига хос синов ва имтиҳон ҳисобланади. Чунки бу учун туғёнга кетмаслик ва неъматни ўз ўрнида сарфлаш каби ишлар бошқа имтиҳонлардан ҳам оғирроқ саналади. Қолаверса, уларда ҳам турли кўринишлардаги тазйиқ ва қийинчиликлар мавжуд.

Мен бу синовларни санаш билан ёшларни бепарволик ёки фақат сабр қилишга чақирмоқчи эмасман. Аммо синов ва имтиҳон бу дунё ишларига хос эканини, ҳар бир нарсадан норози бўлавермаслик кераклигини ва дунёга теран назар ташлаш лозимлигини эслатиб қўймоқчиман.

Энди юқоридаги иккита ҳолатдан келиб чиқиб ўз қарашларимни баён қилсам. Фазлиддин орқали ўзбек давлатчилигининг ҳозирги нозик даврида яна эски саҳифани очишга бўлган уринишларга қатъиян қаршиман. У нодир воқеа ва натижаси Фазлиддиннинг ўзига тегишли бўлиши керак. Бунга омманинг эътиборини тортиб, сиёсий мақсадларда фойдаланишларига йўл қўймаслик лозим.

Фазлиддин, нима қилган бўлсангиз Аллоҳ учун қилдингиз, савобини Аллоҳдан умид қилинг! Олдинги ҳикмат ва фаросат ҳақидаги гапларим сизга тегишли эмас эди, энди бўлса сизни ҳам шунга чақираман. Гарчи сизнинг тасарруфингиз жуда катта фалокатга олиб боради, деб ўйламасам-да, шунга туртки бўлиб қолишидан хавотирдаман ва сиз ҳам масъулиятни ҳис қилинг! Ғанимлар томонидан мана яна Ўзбекистонда тазйиқлар бошланди, дея сизни бунга восита қилишларига йўл қўйманг. Илм олинг, беринг. Халқни Аллоҳнинг динига чақиринг. Аммо асло кимларнингдир сиёсий мақсадлари қурбонига айланманг!

Динига ғаюр, ихлосли укажонлар! Мамлакатимиз мусулмон мамлакат. Раҳбарларнинг биз таниганларимиз ҳаммалари мусулмон. Бундай давлатда давлатга қарши чиқиш, беқарорлик юзага келтириш жоиз эмас. Мункар ва ношаръий ишлар бўлса, улар даъват, насиҳат ва бу йўлдаги қийинчиликларга сабр қилиш билан бартараф этилади. Бунда чиройли сўз ва ҳикмат услубимиз бўлади (Эй, бу услуб ғашингизни келтираётганлар, тилингизни тишланг! Чунки улар Аллоҳнинг амри бўлади).

Давлат ва ҳокимият мақсадингиз бўлмасин! Чунки диннинг тарқаш воситаси ҳам, ниҳоий мақсади ҳам ҳокимият бўлмаган. Пайғамбар алайҳиссаломга Макка мушриклари томонидан ҳокимият таклиф қилингандаги жавобларини эсланг, сизга шунинг ўзи кифоя. Сиз ўзингизни ислоҳ қилсангиз, мен ўзимни ислоҳ қилсам ва у ўзини ислоҳ қилса, жамият ислоҳ қилинганлар ва давлат ислоҳ бўлган давлат бўлади-ку. Мақсад шу эмасми асли?

Исломга ғайратингиз, ихлосингиз ва бундаги шижоатингиз дин хизмати учун етарли эмас. Балки илм, ҳикмат йўлчи юлдузингиз бўлиши шарт. Бўлмаса, алданасиз, хато қиласиз.

Сизга давлатингизни куфр давлати, раҳбарларингизни тоғут дейдиганларга қулоқ тутманг! Бу йўл билан улар жуда кўп мамлакатларни вайрон, аҳолисини сарсон қилишган. Бундан уларнинг мақсадлари кўпчиликка аён. Сиз ҳам ўқисангиз, илмга ошно бўлсангиз ёхуд содиқ уламоларга қулоқ тутсангиз, буни жуда яхши билиб оласиз.

Ғашингиз келса-да, Сурия мисолида бир гап айтаман. Жафокаш шу мамлакатда ҳозирга қадар давом этаётган урушда юздан ошиқ исломий жамоат қатнашган. Ҳаммаси мусулмонлик даъвосидаги, ҳокимиятни кофир ё золим дея қўлига қурол олган мусулмонлардан иборат. Улар ичида содда ва илмсиз юртдошларимиз ҳам бор эди. Аммо мақсад ҳокимият бўлгани учун улар бир-бирлари билан уришиб кетишди. "Ал-Жазира" каналининг ибораси билан айтганда "Сулҳ хоҳламаслик ва келишмаслик борасида авлодларга дарс берар даражада иш қилишди". Ҳаммалари ўзаро қирғин қилаётганда "Аллоҳу акбар" дея ўт очишди. Ва охирида мағлуб бўлишди. Йўл тўғри бўлганда мағлуб бўлишмасди. Лекин ёмон томони қанча бегуноҳ одам қирилди. Мамлакат хароб бўлганини айтмайман, шунча инсоний ҳалокат ва фалокат олдида. Уламолар, фозиллар, солиҳлар ҳам ўлдирилди, қолганлари бошқа юртларга сочилиб кетишди. Масжидлар вайрон бўлди, обрўлар, шаънлар топталди. Бу ташқаридан умуман қараган пайтдаги тасвирлар эди. Энди шахслар, тақдирлар узра бу уруш яна қандай аянчли манзараларни чизган экан?! Шу ҳақда ўйлаб кўринг.

Мамлакатдаги ҳолат ёқмаётган бўлса, норози бўлсангиз, айбни бошқалардан қидирмай аввало ўзингизга боқинг. Динингиз, амалингиз, ахлоқингиз ўзингиз ўқиганларингиз ва билганларингизга мувофиқми? Бошқаларда ҳам бўлишини истаётганларингиз аввало ўзингизда борми? Ўзингизни рисоладагидек мусулмон ҳисоблайсизми? Пайғамбар алайҳиссалом мадрасаларини кўрган саҳобийлардек деб ўйлайсизми? Ундай бўлмаса, ўзингизни айтганларим миқёсида ўнгланг! Акс ҳолда даъвоингиз пуч ва йўлингиз нотўғри.

Энди, чет элдан туриб оғзига эрк бераётганларга айтар гапим. Сиз мамлакат ичида яшамайсиз, воқеъликни билмайсиз, англамайсиз. Ҳатто фатво учун керакли бўлган ҳамма илмларни жамлаган олим ҳам, агар воқеъликдан узоқда бўлса ва вазиятни идрок этолмаса, фатво бериши мумкин эмас. Шундай экан ичкаридаги воқеаларга ҳукм қилиш маъносида аралашманг. Таълим, тарбия маъносида, динга чақириш, ахлоқни ҳимоя қилиш маъносида ва халқнинг оғирини енгил қилиш маъносида ўз ҳиссангизни қўшинг, шу миллат аравасини тортишида ва белини кўтариб олишида ўз улушингизни аяманг! Ўзимни эрмак ва масхара қилишингиз мумкин, аммо 33 миллионли мамлакатнинг тақдирини қил устига қўйишга, масъулиятсизлик билан муносабатлар таранглашишига сабабчи бўлишга ҳаққингиз йўқ. Бошқа стандартлар, ўзга қаричларни ўлчов қилиб, бизга йўлимизни чизиб берманг!

Энди, давлатимга мурожаатим!

Биз ҳаммамиз мусулмонмиз! Бундай бўлмаганларни ҳам ватандошларимиз, ватан биродарларимиз дея ҳисоблаймиз! Бизга ҳам мамлакатимиз иқтисодий равнақ топиши, ахлоқий юксалиши ўта муҳим. Шу билан бирга динимиз, яъни ота-боболаримиз дини - ислом ҳам қувватланиши, ривожланишини истаймиз!

Шундай экан шу мамлакат раийятлари ўлароқ, дин ва давлатимиз ривожи учун қўлни-қўлга бермоқ истаймиз. Биргаликда, ҳамкорликда мамлакат тараққиётига ўз ҳиссамизни қўшишни хоҳлаймиз.

Бизга ҳам турли фобиялар, урушлар ва муаммолар керакмас. Қайсидир мамлакатларда бўлаётган асабийлик ва тарангликларни хоҳламаймиз. Уруш ва қирғинбаротларга-ку биринчилардан бўлиб қарши чиқамиз.

Шунинг учун алоҳида шахслар ёки тоифаларнинг ё илмсизлиги, ё ихлоссизлиги ё ғаразлилиги ва ё алданганлиги туфайли содир бўладиган ножўя ҳаракатларни оммавий хоҳиш ё режа деб билинмаслигини истаймиз. Асосий истагимиз ҳам шу.

Қолаверса, ҳамма жамият ва ҳамма соҳада муаммо бор ва у муаммолар ечилса, унга алоқадор ҳамма томон манфаат кўради. Уларни аниқлаш ва бартараф этишга ҳаракат қилиниши табиий ҳолат. Жумладан, диний соҳада ҳам муаммолар бор. Айримлари ўз ечимини топмоқда, алҳамдулиллаҳ. Қолганлари секин-аста ҳал бўлишидан умидвормиз. Диний соҳа ўта ҳассос ва ўта нозик бўлгани учун бу муаммоларни дўмбира қилишни истамаймиз.

Бу тўғрида икки бора Президент порталига мурожаат қилдим ва олдинроқ эса аввалги президентга ҳам мактуб ёздим. Мен бу ишларни динда насиҳат ўлароқ амалга оширдим, агар натижа бўлса Аллоҳдан, натижасиз қолса, савобидан умидворман. Азбаройи таъна эшитаверганим учун булар ҳақида ёздим. Қолган тафсилотлар соҳа нозиклиги ва риё гуноҳлиги сабабли Аллоҳ билан орамизда қолсин.

----------------

P.S. Мақолада кўтарилган мавзуни узоқ вақт ўргандим. Бунда устозимиз шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг таълимларидан, суҳбатларида бўлганимиз шайх Муҳаммад Аввома, шайх Аднон Дарвиш каби устозларнинг ўгитларидан ва шайх Юсуф Қарзовий, шайх Муҳаммад Саид Рамазон Бутий ва шайх Муҳаммад Ғаззолий каби олимларнинг китобларидан кўп истифода қилдим.

Бу мақола хамир учидан патир. Юқорида мазкур зотларнинг таълимотлари асосида "Исломда жиҳод", "Ҳижрат, куфр ва такфир" каби китоблар устида ишлаяпмиз, бу хусусда Аллоҳдан тавфиқ сўрайман. Зеро, бу мавзуни ҳам дин асосларини ўрганиш даражасидаги муҳим иш дея ҳисоблайман.

Манба:  https://azon.uz

3068 марта ўқилди

Мақолалар

Top