Версия для печати

Мақолалар

Ватан ҳимояси муқаддас бурч

Ғурбатда ғариб шодмон бўлмас эмиш
Эл анга шафиқу меҳрибон бўлмас эмиш
Олтин қафас ичра гар қизил гул битса
Булбулга тикондек ошиён бўлмас эмиш

Ҳазрат Навоийнинг ушбу сатрларидан ақлсиз, забонсиз бир булбул учун олтиндан қафас қилиб, ичига боғнинг энг зўр гулини қўйиб берса ҳам ўзининг туғилиб ўсган жойидаги тикончалик бўлмаслиги тушинилар экан. Дунёдаги энг ақллик мавжудот бўлган инсон учун Ватан ва унинг ҳимояси муқаддасдир. Инсон ўз ватанини севиб уни асраб авайлаши керак. Чунки улуғ алломаларимиз айтганларидек, Ватанни севмоқ иймондандир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккадан Мадинага кўчиб кетаётганларида Макка шаҳрига қараб “Агар Макка мушриклари мени Маккадан чиқиб кетишга мажбур қилмаганларида эди, мен ўз ихтиёрим билан Маккани ташлаб кетмаган бўлар эдим” деганлар. Яна у зот Ватанни ҳимояси ҳақида шундай деганлар: “Икки кўзни (кўз эгаларини) дўзах ўти куйдирмайди. Бири Аллоҳдан қўрқиб ёш тўккан кўзни, иккинчиси Ватан ҳимоясида ухламай бедор бўлган кўзни”.

Ривоят: Салмон Форсий розияллоҳу анҳу Шураҳбийл исмли кишининг олдидан ўтдилар. Шураҳбийл ўша вақтда Форсларнинг бир қалъасини ҳимоя қилиб турган эди. Салмон Форсий розияллоҳу анҳу Шураҳбийлга айтдилар: Мен Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитганман: “Бир кун Ватан ҳимоясида бўлиш бир ой кундузи нафл рўза тутиб кечалари нафл ибодат қилгандан афзал” деганлар. Ушбу ҳадис ва ривоятлардан маълум бўладики Ватан ҳимояси ҳам ибодат саналади. Аллоҳга шукрлар бўлсинки жонажон Ватанимиз тинч, турмушимиз фаровон. Ушбу тинчликни ҳимоясида туну-кун тинмай хизмат қилаётганларнинг хурматлаш ва эъзозлашлик учун ҳар йили 14-январь санасини мамлакатимизда Ватан ҳимоячилари куни сифатида нишонланиши уларнинг кучига куч, ғайратига ғайрат қўшади.

Ватан тинчлигини ҳимоя қилишда хар бир одам ўз ҳиссасини қўшишлиги керак. Бунда ёшларимз илму-ҳунарлари билан, кексаларимиз дуолари ва ёшларга ибратли насиҳатлари билан тинчликни бардавом бўлишлигига хизмат қилишлари керак. Аллоҳ барчаларимизни она Ватанимизга бўлган муҳаббатимиз ва садоқатимизни бунданда мустаҳкам айласин.

 

Миркомил домла Ботиров,
Булоқбоши тумани бош имом-хатиби

2798 марта ўқилди