Мақолалар

“Биродарингнинг қўлидан ушлаб, уни ҳам жаннатга олиб кир”

Анас ибн Молик ва Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳумо айтадилар: “Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга ўтирганимизда, у зот кулдилар, ҳатто тишлари кўринди. Шунда Умар розияллоҳу анҳу: “Ё Расулаллоҳ, ота-онам фидойингиз бўлсин, нима сабабдан кулдингиз?”, деб сўради.
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “(Қиёмат куни) умматимдан икки киши Роббул-изза (Аллоҳ) таборак ва таолонинг ҳузурида тиз чўкадилар. Улардан бири: “Роббим, биродаримдан ҳақимни олиб бер”, дейди. Аллоҳ таоло (иккинчи кишига): “Биродарингга ҳақини бер”, дейди. У: “Роббим, биронта ҳам савобим қолмади”, деганида, биринчиси: “Роббим! Унақада, гуноҳларимни олсин”, дейди.
Анас розияллоҳу анҳу айтади: “Шу пайт Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам йиғладилар, ҳатто кўзларидан ёш оқди. Сўнг: “Албатта, бу улуғ кундир. Одамлар ўзларининг гуноҳларини бўйнига оладиган кишиларга муҳтож бўладиган кундир”, дедилар.
Шунда Аллоҳ таоло биринчи кишига: “Бошингни кўтар ва жаннат боғларига қара”, дейди. У бошини кўтариб: “Роббим, кумуш шаҳарларни, марваридга тўла олтин қасрларни кўряпман. Бу қайси пайғамбарники? Ё қайси сиддиқники? Ё қайси шаҳидники?”, деб сўрайди. Аллоҳ таоло: “Бу (ўша жаннатнинг) ҳақини берган кишиники”, дейди. У: “Роббим, бунинг ҳақини ким ҳам бера олади?”, деганида, Аллоҳ таоло: “Сен бера оласан”, дейди. У: “Қандай қилиб, Роббим?”, деса, Аллоҳ таоло: “Биродарингни афв этиб”, дейди. У: “Роббим, мен уни афв этдим”, дейди. Аллоҳ таоло: “(Энди,) биродарингнинг қўлидан ушлаб, уни ҳам жаннатга олиб кир”, деб марҳамат қилади.

Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳга тақво қилинглар ва ўз ораларингизни ислоҳ қилинглар! Зеро, Аллоҳ таоло қиёмат куни мўмин бандаларининг ораларини ислоҳ қилади”, деб буюрдилар.

(Имом Байҳақий, “Ал-баъс”; Ибн Асокир, “Муъжамуш-шуюх” (1/324); Ҳофиз Абу Яъло Мувсилий, “Ал-муснад”; Хатиб Бағдодий, “Тарихи Бағдод” (4/245); Ибн Абуд-дунё, “Ҳуснуз-зонни биллаҳ” (116); Хароитий, “Макоримул ахлоқ”; Ироқий, “Ал-муғний”; Забидий, “Итҳофус-содатил-муттақийн” (6/267); Имом Ҳоким “Ал-мустадрак ъалас-саҳиҳайн” (4/576)да ривоят қилиб, “Исноди саҳиҳ”, деган. Абдул Азим Мунзирий “Ат-тарғиб ват-тарҳиб” (3/309)да ва ҳофиз Қасталоний “Ал-мавоҳибул-ладунийя бил-минаҳил-Муҳаммадийя” (3/660)да Ҳокимнинг гапини тасдиқлашган).

Абдул Азим Зиёуддин

2996 марта ўқилди

Мақолалар

Top