Мақолалар

Жаннатнинг калити сабр

Зайтунни сиқсангиз, мусаффо ёғ тортиқ қилади. Меваларни сиқсангиз, лаззатли шарбатлар тортиқ қилади. Демак, ҳаёт машаққатларини ҳис қилсанг ва у ғам-ташвишлари билан сенга босим қилиб, қалбингни сиқса, асло ғамгин бўлма! Чунки Аллоҳ ажр-савобга эришишинг учун сендаги энг ёқимли нарсаларни юзага чиқаришни хоҳламоқда. Шундай экан, сабрдан ёрдам ол!
Агар бало ва қийинчилик бўлмаганида, Юсуф алайҳиссалом оталарининг қўйнида эркатой, арзанда ўғиллардан бири бўлар эдилар. Лекин
қийинчилик сабаб Мисрнинг подшоси бўлдилар. Сабрдан сўнг сизни қандайдир ютуқ кутаётганига аниқ ишонинг. Бу – сабр қилувчилар учун Аллоҳнинг ваъдасидир.
Сабр ҳам ҳар бир мўмин-мусулмон эркак-аёлга лозиму лобуд сифатдир. Бу улкан хислатсиз инсон мўмин-мусулмонлик таклифларини, буйруқларини адо эта олмайди. Инсон бошига тушган мусибатларга бардош бериши керак. Орзу қилгани олий мақомларга етиш йўлидаги ишларда сабрли бўлиши лозим. Турли синовлардан, машаққатлардан фақат сабр ила ўтилади.
Аллоҳ таоло яна:
«Ва Исмоил, Идрис ва Зул-кифлни эсла. Уларнинг ҳар бири сабр қилгувчилардандир», деган (Анбиё, 85).
Ушбу оятда эслатилган зотлардан Исмоил алайҳиссалом маълум ва машҳурдирлар. У кишининг қиссалари бошқа сураларда батафсил келган. Бу оятда у зотнинг сабр-тоқатларига алоҳида урғу берилмоқда. Исмоил алайҳиссалом ҳақиқатда юқори даражада сабр намуналарини кўрсатганлар. У киши ўсимлик ўсмайдиган саҳроларда сабр қилиб ўсганлар. Байтуллоҳни қуришда оталари Иброҳим алайҳиссаломга сабр ва матонат билан ёрдам берганлар. Ўзларини қурбонлик учун сўйиш амри келганида ҳам сабр қилганлар.
Идрис алайҳиссалом ҳақида маълумотлар оз. Марям сурасида ҳам зикрлари ўтади. Унда қавмларининг кирдикорларига сабр қилганлари ҳақида сўз кетган. Ушбу оятда эса, у кишининг сабр сифатлари ёд этилмоқда.
Зул-кифл алайҳиссалом ҳақида маълумотлар яна ҳам оз. Ҳатто баъзилар у зотни Пайғамбарлар сафига қўшмайдилар ҳам. Лекин Анбиё сурасида машҳур Пайғамбарлар билан бирга зикр этилиши у зотнинг Пайғамбарлардан бўлганини кўрсатади. Шу билан бирга, ушбу оятда у киши ҳам сабр қилгувчилар қаторига қўшилмоқдалар.
Аллоҳ таоло яна:
«Магар сабр қилганлар ва яхши амаллар қилганлар, ана ўшаларга мағфират ва катта ажр бор», деган (Ҳуд, 11).
Ушбу ояти каримада солиҳ бандаларнинг иккита сифати алоҳида таъкидланмоқда; сабр ва яхши амаллар қилиш. Сабр доим керак. Яхшилик етганида ҳам, ёмонлик етганида ҳам, зарар-камчилик пайтида ҳам, фойда-борчилик пайтида ҳам. Йўқчиликка сабр қилиш осон. Аммо борчилиқ тўқчиликка ҳамма ҳам сабр қила олмайди. Аслида эса, банда оғир пайтда бардош билан, неъмат етганида шукр ва яхшилик билан сабр қилиши керак.
Ҳам енгил, ҳам оғир пайтларда: «яхши амалларни қилганлар, ана ўшаларга мағфират ва катта ажр бор».

Хадичаи Кубро аёл-қизлар
ўрта махсус ислом билим юрти Ахборот ресурс марказм раҳбари
М. Саиджалолова

3044 марта ўқилди

Мақолалар

Top