Мақолалар

Мажлис одоби

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим

Инсон ижтимоий махлуқдир. Шу сабабли хар бир инсон хаёти давомида турли давраларда ва турли мажлисларда иштирок этади. Албатта, мажлислар турли хил бўлади. Уларни иккита асосий тоифага ажратадиган бўлсак, биринчиси; хайрли, фойдали бўлган мажлислар. Иккинчиси; бефойда, зарарли бўлган мажлислар. Мусулмон киши қилаётган хар бир ишида Аллоҳнинг розилигини кўзлаши лозим. Шундай экан, иштирок этаётган мажлислари ўзининг фойдасига бўлиши ва Аллоҳнинг розилигини топиши учун мажлисларда ўзини тутишда шариат кўрсатмаларига амал қилиши лозим бўлади. Мажлиснинг бир нечта одоблари мавжуд.

  • Мажлисни Аллоҳнинг зикри билан обод қилиш. Яъни, бирорта даврада ўтирса, ўша даврада, албатта Аллоҳнинг зикри бўлишлиги керак. Имом Амад ибн Ҳанбал ривоят қилади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: “Қайси бир қавм бирор мажлисга ўтирса-ю, унда Аллоҳни эсламаса, мана шу мажлисини қиёмат кунида хасрат ва надомат эканлигини кўради”.
  • Яхши ҳамсуҳбатни танлаш. Имом Термизий ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Киши дўстининг динида бўлади. Ҳар бир инсон кимни дўст тутаётганига қарасин”.
  • Мажлисга кириб келганида ва ундан кетаётганида салом бериш. Имом Термизий ва Абу Довуд ривоят қилади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: “Сизлардан бирортангиз бир мажлисга келса, салом берсин. Агар ўтиришга фурсат бўлса, ўтирсин. Қачон мажлисдан турса, салом берсин. Биринчи салом иккинчисидан кўра ҳалироқ эмас. (яъни, биринчи салом қанчалик муҳим бўлса, иккинчиси ҳам шунчалик муҳимдир)”.
  • Қўл бериб кўришиш. Имом Абу Довуддан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллҳоу алайҳи ва саллам айтдилар: “Икки мусулмон учрашиб, бир-бири билан қўл бериб кўришса, Аллоҳга ҳамд айтиб, истиғфор айтса, уларнинг гуноҳлари кечирилади”.
  • Уй эгаси кўрсатган жойга ўтириш. Имом Термизийдан ривоят қилиади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: “Ким бир қавмнинг уйига кирса, унга кўрсатилган жойга ўтирсин. Чунки ўша қавм уйининг авратини бошқалардан кўра яхшироқ билади”. Кўрсатилган жойга ўтирмаса, меҳмоннинг бехосдан исталмаган нарсаларга кўзи тушиб қолиш мумкин.
  •  Мажлисга келиб ўтирганида иккита одамнинг ўртасига уларнинг изнисиз ўтириб олмаслик. Имом Абу Довуддан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Икки кишининг орасига уларнинг изнисиз ўтирилмайди”.
  • Ўтирган кишини ўрнидан турғизмаслик. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу айтади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бир кишини турғизиб ўрнига ўтиришдан қайтардилар”.
  • Чап қўлни орага қилиб, ерга таяниб ўтирмаслик. Умар ибн Шарикдан ривоят қилинади: “Мен чап қўлимни орқага қилиб ерга таяниб ўтирганимда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мени олдимдан ўтиб қолдилар ва менга: “Устига ғазаб тушганларни ўтиришидай ўтирмагин”, дедилар”, деди.
  • Мажлисга келган киши бўш жойга ўтиришлиги. Жобир ибн Сумра (розияллоҳу анҳу) айтади: “Биз Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг олдига кирсак, мажлиснинг охири қаерда бўлса, ўша ерга ўтирар эдик”.
  • Мажлисда уч киши бўлса, ундаги икки киши учинчи одам олдида пичир-пичир қилмаслик. Чунки бундай ҳолатда, учинчи одам мен ҳақимда гаплашишяпти деган гумонга бориб қолади. Мажлисда уч кишидан кўп одам бўлса, икки кишининг пичирлашишида кароҳият йўқ.
  • Ёнидаги суҳбатлашаётган одамларнинг гапини пойламаслик. Имом Бухорий ривоят қилади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: “Ким бир қавм гаплашётганида уларнинг гапига қулоқ солиб турса, ваҳолангки, улар буни эшитишини хоҳламаётган эдилар. Бундай одамнинг қулоғига қиёмат кунида қўрғошин қуйилади”.
  • Мажлисдан бир киши бирор ҳожати учун ўрнидан туриб мажлисдан чиқса, қайтиб келгач, ўша жойга ўтирадиган энг ҳақли одам унинг ўзидир. Имом Муслимдан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: “Бирортангиз мажлисдаги жойидан турса, сўнгра қайтиб келса, шу жойга бошқалардан кўра ҳақлироқдир”.
  • Мажлисдан кетиш учун изн сўраш. Чунки меҳмоннинг уй эгаси кўрсатишни истамаган нарсаларга кўзи тушиб қолиши мумкин. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтганлар: “Изн сўраш кўз учундир”, яъни, кўз бирор нарсани ногаҳон кўриб қолмаслик учун сўралади.
  •  Мажлис омонатини сақлаш. Яъни, мажлисдаги гапларни ташқарига олиб чиқмаслик, фақатгина мажлисдагиларга зарар етмайдиган ва эшитганларга манфаати бор гаплар бундан мустасно. Чунки Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтганлар: “Мажлислар омонатлари билан бўлади”.
  • Дуо мажлиснинг каффоротидир. Пайғамбаримиз соллаллоу алайи ва саллам мажлисда содир бўлган гуноҳлар ва камчиликларга каффорот бўладиган дуони бизга ўргатганлар. У зот мажлис тугаганида шундай дуо қилар эдилар: “Субҳанака Аллоҳумма ва биҳамдик, ашҳаду аллаа илааҳа илла анта астағфирук ва атувбу илайк”.

Мана юқорида санаб ўтилган одобларга риоя қилсак, дунёда ҳам охиратда ҳам бизга фойда берадиган мажлислар бўлади, иншоаллоҳ!

Ҳусниддин Бойниёзов,

Тошкент вилояти Оҳангарон

туман бош имом-хатиби

 

5468 марта ўқилди
Другие материалы в этой категории: « Ота-она ҳақи Фарзанд бебаҳо неъмат »

Мақолалар

Top