Версия для печати

Мақолалар

Савол берувчилар неча хил бўлади?

Кузатувлар натижасида маълум бўлдики, савол берувчилар қуйидагича бўлар экан.

  1. Билмаганини билиш учун сўровчилар.

         Бундай инсонлар чиндан ҳам ниманидир билмайди ва ўша нарсани билишни истайди. Ана шунда аҳли илмлардан сўрайди.

  1. Домланинг билимини синаш учун сўровчилар.

Айримлар домланинг илми, савияси қай даражада эканини синаш учун савол беради.

  1. Жавобни бошқа домланинг жавоби билан солиштириш учун сўровчилар.

Бу тоифадагилар олдин қайсидир илм аҳлидан ўзининг саволини сўраган бўлади. Кейин “Қани, мана бу домладан ҳам сўраб кўрайчи, буниси нима дер экан?!” деган мақсадда ўша саволни бошқа домладан сўрайди.

  1. Қайсидир масалада енгилроқ жавоб, рухсат олмагунча кўплаб домлалардан сўровчилар.

Бу тоифадаги сўровчилар бирор масала юзасидан аҳли илмларнинг бирига савол беради. кейин у домланинг жавоби савол берувчининг нафсига оғирлик қилиб, енгилроқ жавоб берувчи домлани излаб, то ўзи истагандек жавоб топилгунича савол сўраб юраверади.

  1. Бошқалар эшитиб, билиб олсин деган мақсадда сўровчилар.

Бундай инсонлар муайян масалани ўзлари билсалар ҳам, бошқалар билиб олсин деган ният билан ўша масалани меҳмондорчиликларда ўтирганда домлалардан сўрайдилар. Натижада у ерда ўтирганлар ҳам унинг жавобини билиб оладилар.

  1. Домлани қийин вазиятга тушириш учун ихтилофли, фитнали саволларни сўровчилар.

Маросимларда, одамлар тўпланиб турган жойларда, бир тоифа инсонлар домлалардан фитнали, ихтилофга сабаб бўладиган саволларни сўрайдилар. Бу билан домлани қийин аҳволга солишни ёки “Ана, домла берган саволимга жавоб беролмади” деган гапни тарқатишни кўзлаган бўладилар.

  1. Ўртада туриб сўраб берувчи, воситачи сўровчилар.

Бирор масалани сўрашга ийманиб турган, бориб сўрашга уяладиган ёки хижолат бўладиган кишиларнинг саволини домлалардан сўраб берувчилар ҳам бўлади.

  1. Реал воқеликда содир бўлмаган нарсаларни сўровчилар.

Ҳаётда учрамаган, бирор инсоннинг бошига тушмаган нарсалар ҳақида савол сўрайдиганлар ҳам бўлади.

  1. Ўзига фойдасиз нарсалар хусусида сўровчилар.

Баъзилар шундай саволни сўрайдиларки, у саволнинг жавобидан на ўша одамнинг ўзига, на атрофдагиларга фойда бўлади.

  1. Сўрайдиган зарур нарсасини масжидга бориб сўраш ўрнига, кўчаларда, машинада домлага дуч келиб қолсагина сўровчилар.

Айримлар бирор масалада қийналиб турган бўлса-да, ўша масаланинг жавобини билишни хоҳласа-да, илм аҳлини истаб, масжидларга боришга эринадилар ёки ийманадилар. Ўша домлани кўчада, автобусда, таксида кўриб қолишганда, сўрамоқчи бўлган нарсаларини сўраш эсларига тушиб қолади. 

 

Нозимжон Иминжонов тайёрлади

3208 марта ўқилди