Версия для печати

Мақолалар

Ўзини эмас гуноҳини ёмон кўраман…

Ижтимоий тармоқларни кузатар экансиз, мусулмонларнинг ачинарли ҳолини кўриб ич-ичингиз эзилиб кетади. Қаерга қараманг, арзимас айб билан бир-бирига қора чаплаган, обрўсини тўккан, сирини ошкор этган, кимнингдир устидан кимгадир ёки қаергадир арз қилган ва ҳоказо мусулмончиликка мутлақо зид иллатлар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир ҳадисларида шундай деган эканлар: “Мўминлар ўзаро муҳаббат, раҳм-шафқат ва меҳрибонликда мисоли бир жасаддир! Жасаднинг бир аъзоси дарддан шикоят қилса бошқа аъзолар ҳам уйқусизлик ва иситма билан унга қўшилиб кетишадику…”

Боши ёрилган одамнинг боши эмас кўзи ёш тўкади! Юзга йўналган муштга қўл қарши чиқади! Кўзга сочилган қумга киприк қалқон бўлади! Мусулмонлар ҳам худди шундай бўлиши керак. Бир-бирини ҳамиша асраб авайлаб, дардига шерик бўлиши керак.

Саҳобалардан Абу Дардо розияллоҳу анҳу Мадина даврида Бадр жангидан кейин Исломга кирган бўлсада, қисқа фурсат ичида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан жуда кўп нарса ўрганади. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу халифалик даврида Абу Дардо розияллоҳу анҳуни Дамашққа таълим ишларига бошлиқ қилиб юборади. Мадиналик Абу Дардо розияллоҳу анҳу Дамашқ кўчаларида айланиб юраркан, тўпланиб турган бир тўда одамларни кўрди. Қараса бир жиноятчини ушлаб олиб ҳар томондан уриб, сўкиб, тепиб азоб беришяпти. Абу Дардо розияллоҳу анҳу: Нима гап? –деди. Оломон ҳалиги одамнинг қилган гуноҳини айтдида яна уни жазолашда давом этди. Абу Дардо розияллоҳу анҳу уларни тўхтатди ва уларга қараб: “Агар шу одам қудуққа тушиб кетса, чиқариб олармидингиз ёки устидан сув қуйиб чўктирармидингиз?” – деди. Одамлар: “Чиқариб олардик, нега сўраяпсиз?” — дейишди. Абу Дардо: “Ундай бўлса буни ҳам уриб сўкишни бас қилинглар. Балки унга насиҳат қилинглар, хатосини англашига кўмаклашинглар. Унинг ўрнига сизларни тушириб қўймаган Аллоҳга ҳамд айтинглар” — деди. Оломон: “Эй Абу Дардо, сиз бу одамни ёмон кўрмайсизми?”— деб таажжубланди. Шунда Абу Дардо розияллоҳу анҳу: “Мен унинг ўзини эмас, қилган гуноҳини ёмон кўраман. Агар тавба қилса, у менинг биродаримдир!”— деди.

Бу гап ўша ерда турган барчага сабоқ бўлди. Ундан тегишли хулосани эса биринчи бўлиб ҳалиги жиноятчи чиқарди. Дарҳол тавба қилиб, қилмишидан афсусда эканини ошкор айтди. Азизлар, мана айбдорни йўлга солишнинг энг осон йўли. Айбдорни уриб сўкишдан, камситиб таҳқирлашдан асло фойда йўқ. Биз қачонки бир тану бир жон бўлсак, яқинларимизнинг дардига шерик бўлсак, хато ва камчиликларни биргалашиб бартараф этиш ҳақида бош қотирсак нур устига нур бўлади.

 

Фурқат ФАЙЗУЛЛАЕВ
Сирдарё вилояти Сардоба тумани

«Янги қишлоқ» жоме масжиди имом-хатиби

2654 марта ўқилди