Мақолалар

Зулм ва хиёнат – оқибати надомат.

Одамларга ҳамиша яхшилик қилиш, эзгулик йўлида ҳаракат қилиш Аллоҳнинг бандаларига раҳматидир. Одамларга зулм ва хиёнат қилиш, ёвузлик уруғини сепиш пушаймону-уқубатларга гирифтор қилади.

        

Абдулмажид Саноий айтадилар:  

Эгрилик ҳосили қабоҳат эрур,

Тўғрилик ҳосили саодат эрур.

        

Абулқосим Фирдавсий айтадилар:     

Тўғриликдан келмиш ҳамма яхши от,

Эгриликдан фойда кўрмади ҳеч бир зот.

        

Абу Бакр Варроқ айтадилар: “Иймон кўпинча қалбдан ўлим вақтида суғуриб олинади. Гуноҳлар ичида иймонни қалбдан энг тез суғуриб олувчиси бандаларга етказилган зулм экан”.

Иймон билан ўлса ҳар бир мусулмон,

Иймон бўлур унинг дардига дармон.

 

Бу дунёда иймон билан кетишлик инсоннинг барча дарду-аламларига, ғаму-ташвишларига дармон бўлар экан. Аксинча, бу дунёдан иймонсиз кетиш эса энг катта бахтсизлик, хасрату-надоматдир. Бу дунёда инсонларга қилинган зулм агар мазлумни рози қилинмаган бўлса, ўлим пайтида иймоннинг суғуриб олинишига сабаб бўлар экан.

Савбон (р.а.) ривоят қиладилар: Расулуллоҳ (с.а.в.): “Кишининг руҳи жасадидан ажраган вақтда у уч нарсадан кибр, хиёнат ва қарздан холи бўлса жаннатга киради” дедилар.

Ҳазрати Умар (р.а.)дан ривоят қилинади: “Ҳайбар куни бир неча саҳобалар Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳузурларига келиб, фалончи шаҳид бўлди, фалончи шаҳид бўлди деб яна бир кишини исмини айтиб, фалончи ҳам шаҳид бўлди дейишган эди. Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳаргиз шаҳид эмас, чунки бир чодирда ғанимат моллардан рухсатсиз яшириб олган экан, жаҳаннамда кўрдим” дедилар.

Ғанимат молдан рухсатсиз яшириб олишлик, Расулуллоҳ (с.а.в.) билан ҳамсуҳбат бўлиш ва шаҳид бўлишдек олий мақомдан тушириб жаннатдан маҳрум бўлишга сабаб бўлди.

Абу Ҳурайра (р.а.)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (с.а.в.) саҳобаларга: “Биласизларми муфлис кимдур? Саҳобалар бизда муфлис деб маблағи, рўзғор буюмлари бўлмаган кишига айтилади дейишди. Расулуллоҳ (с.а.в.) менинг умматимдан бўлган муфлис шундай кишики, қиёмат куни намоз, рўза, закотлари билан келади, лекин уни сўккан, бунга туҳмат қилган ва унинг молини еган ва унинг қонини тўкган ва буни урган бўлур. Кейин қилган яхши амаллар унга берилур, агар унинг яхши амаллари тамом бўлса, зиммада адо қилинмаган ҳақ бўлса, у холда ҳақдорларнинг гуноҳлари бунинг зиммасига юкланиб ўзи жаҳаннамга ташланур” дедилар.

Имом Муслим ривояти.

Алишер Навоий айтадилар:

Золимки шиор этди жафо поясина,

 Ўз воясин истаб олди эл воясини.

Қайдин топғай  ҳаёт сармоясини,

Ҳақ айлади қисқа умр соясини.

Жафо етказишни шиор қилиб олган золим ўз фойдасини кўзлаб одамлар ҳаққига хиёнат қилади. Бундай киши ўзоқ яшамайди - Ҳақнинг

ўзи золим умрининг соясини қисқа қилади.

 

Саъдий Шерозий айтадилар:

Эзилган чумолиман оёқ остида жим,

Аримасман захримдан нолимас ҳеч ким.

Бировларга озор бермоққа йўқдур кучим,

Шукрим қандоқ изҳор қилай бу неъмат учун.

Одамларга озор бермаслик, беозорлик ҳам шукур қиладиган неъмат экан.

 

 Тошкент шаҳар Шайхонтохур тумани

“Обидхон Махдум” масжиди имом-хатиби

Атамуродов Абдужалил

3096 марта ўқилди

Мақолалар

Top