Мақолалар

Муаммолар ва уларнинг ечими

Ғамлар уни қийнаб қўйди. Доим ғамнок, сиқилган ҳолда юрарди. Муаммоларига бирор ечим тополмасди. Охири олимлардан бирининг олдига боришга қарор қилди. Шояд ўша олим ғамлардан чиқиш йўлини кўрсатса!

Кейин бир олимнинг олдига бориб, унга:

“Устоз, ғамларим, муаммоларим кўп, аммо ечим тополмаяпман. Йўл кўрсатинг деб сизнинг олдингизга келдим” деди. Олим унинг юзига синчиклаб назар солгач шундай деди:

“Сенга иккита савол бераман, менга жавоб беришинг керак”.

“Қандай саволлар экан?” дея сўради бояги одам. Олим ундан:

“Бу дунёга шу ғамлар билан келганмидинг?” деб сўради. Ҳалиги киши: “Йўқ” деди.

“Дунёдан кетаётганингда, шу муаммоларни ўзинг билан олиб кетасанми?” деб сўради олим. Бояги одам яна “Йўқ” деб жавоб берди.

Шунда олим “Ўзинг олиб келмаган ва сен билан бирга кетмайдиган иш ғам чекишга арзимайди. Сен нигоҳингни ерга эмас, кўпроқ осмонга қарат. Осмонга қаратиб, қўлларингни дуога оч! Аллоҳ таолодан мушкулларингни осон қилишини, ғамларингни аритишини сўра. Ана шунда сен истаган ечимга ва енгилликка эришасан” деди.

Бу гапларни эшитган одам қувониб, юраги хотиржам ва сокин ҳолда у ердан чиқди.

 

 

“Вазиятларни бошқариш санъати” китоби асосида

Нозимжон Иминжонов тайёрлади

3983 марта ўқилди

Мақолалар

Top