Мақолалар

Нигоҳингизни оёғингиз учига қаратиб юринг!

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бу мақолани ёзилишига яқин бир дўстимнинг мулоҳазали саволи сабаб бўлди. Бир куни суҳбат чоғида гап назар ҳақида борар экан, у қатъий тарзда шундай деди: «Кўзни олиб қочиш, ерга қараб юриш ҳақида гапирасиз. Тўғри, лекин бугун ҳаёт ўзгариб кетди, кўча-кўйда аввалгидек эркаклар алоҳида, аёллар алоҳида томонда юрмайди, интернет кириб бормаган жой қолмади, телевизор ҳам аллақачон чегарасидан чиқиб кетди. Ҳаё пардаси кўтарилди, сиз айтаётган гапларга қулоқ соладиган инсонлар ҳам саноқлидир. Ким билади унга амал қиладиганлари аслида қанча?! Аҳвол шундай бўлганидан кейин айрим қоидалар ҳали ҳам иш беради, деб ўйлайсизми? Бошқа йўли бордир, балки ...»

Унинг бу гапларини маъқуллаган ҳолда қўшимча қилдим: «Сизнинг гапларингизда жон бор. Фақат замонни ва маконни яратган Аллоҳ шу замон ва маконда қандай қилиб Уни рози қиладиган тарзда яшаш қоидаларини ҳам ўргатиб қўйган. Физика-математика қонун-қоидалари вақт ўтиши билан ўзгармай турганидек, бу қоидалар ҳам ўзгармайди».

Хуллас, дўстимнинг биргина эътирози сабаб инсоннинг нигоҳи хусусидаги айрим мулоҳазаларни қоғозга туширишга жазм қилдим.

Ислом – ҳусни хулқ дини

Энг гўзал ахлоқни, энг мукаммал одобни фақат Исломдан топиш мумкин. Бутун оламларга раҳмат қилиб юборилган, қиёматгача келадиган барча умматларнинг энг сўнгги пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг рисолатлари охиригача инсоният ҳаёт тарзининг Аллоҳ наздидаги энг мақбул шаклу шамойилини кўрсатиб, ўргатиб кетдилар. Ана шу одоб-ахлоқ мажмуасининг муҳим бир кичкина жиҳати борки, аксарият ҳолларда бизнинг назаримиздан четда қолиб кетади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шамойилларини ўқиганимизда у зоти муборакнинг юрганларида виқор билан, худди юқоридан пастга тушаётгандек оҳиста қадам босганлари айтиб ўтилган. Яна шу изоҳлар орасида заруратсиз атрофга назар ташламай, нигоҳларини оёқларининг учига қаратиб қадам босишлари ҳам эслатиб ўтилади. Шу ердаги кишининг диққатини қарийб ўзига жалб этмайдиган «нигоҳ» масаласи аслида ахлоқ деб аталмиш норманинг энг марказида туради. Нега дейсизми? Бу саволга мақолани ўқиб чиққанингиздан кейин қисман бўлса ҳам жавоб топасиз, иншааллоҳ.

Аслида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бошқалар билан бирга ўтирганларида, дўстлари билан учрашганларида, нутқ сўзлаганларида, сафаргачиққанларида ва бошқа ҳолатларидаги нигоҳлари бир-биридан ўзининг мазмунига қараб ажралиб туради.

Аллоҳ таоло бу дунёда ҳамма нарсани сабабларга боғлаб қўйди. Бошқа илмларПайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга қай йўсинда ўргатилган бўлса, нигоҳни номақбул жойларга қаратишдан сақлаш одобини ҳам Аллоҳ таолонинг Ўзи ўргатди. Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади:

«(Эй, Муҳаммад!) Мўминларга айтинг, кўзларини тийсинлар ва фаржларини сақласинлар. Ана шу улар учун пок (йўл)дир. Албатта, Аллоҳ нима ҳунар қилаётганларидан ўта хабардордир» (Нур, 30).

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ мазкур оятни бундай тафсирқилганлар:

«Ушбу ояти каримада зинога сабаб бўлувчи энг бош омил – номаҳрам аёлларга эркакларнинг шаҳват назари билан қарашлари ман қилинмоқда. Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб қилиб, мўмин эркакларни номаҳрам аёлларга назар солишдан тийилишга ва фаржларни зинодан сақлашга буюришни амр этмоқда. Бу эркак киши аёлнинг қорасини ҳам кўрмасин, дегани эмас. Балки ҳожатдан ташқари қарамасин, деганидир. Мисол учун, бир номаҳрам аёлга назари тушиши билан бошқа томонга кўзини бурсин, унга қараб туравермасин, қараши шаҳват назарига айланиб кетмасин. Чунки аёл кишига бир муддат давомий қараш эркак кишида шаҳвоний туйғуни қўзғатади. Шаҳват билан қараш зинога олиб бориши ҳам мумкин. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай қарашларни «кўз зиноси» деб атаганлар».

Қалб эшиклари ҳамма нарса учун очиқ

Инсон учун ниманинг зарарли, ниманинг фойдали эканини Аллоҳдан бошқа ким ҳам билади? Аллоҳ таоло суюкли Пайғамабари соллаллоҳу алайҳи васлламга хитоб қилиб, кўзнинг хатти-ҳаракатини бошқариш, уни назорат қилиш зарурлигини таълим беряптими, демак, бу амалнинг натижаси Аллоҳ наздида катта аҳамиятга эга. Шариатдаги энг катта гуноҳлардан саналмиш зинонинг илк чегараси, айнан шу қарашдан бошланиши ояти карима билан маълум қилинмоқда.

Ислом тасаввуфига оид мўътабар манбаларда инсон танасидаги барча аъзо: кўз, қулоқ, қўл, оёқ, сезиш аъзоларидан олинган таъсиротлар назаргоҳи илоҳий бўлмиш қалбда жамланиши айтилган. Кўз билан нимани кўрсак, унинг акси ҳам қалбимизда ўз нақшини пайдо қилади. Нақшбандия тариқатининг етук шайхларидан Хожа Аҳрори Валий қуддиса сирраҳунинг «Рисолаи валадия» китобида худди шу нуқтага эътибор қаратилиб: «Инсон бу оламда нимага назар солса, унинг нақши қалбда намоён бўлаверади. Соликнинг асосий вазифаси мана шу нақшларни йўқ этиш», дейилган.

Демак, инсон кўзи худди камерага ўхшаб нимага назари тушса ўшани қалбда сақлаб бораверади. Уй, кўча, иш жойими қаерда бўлмайлик, назаримиз тушган барча нарсанинг акси, керакли-кераксиз, фарқи йўқ, қалбимиз хотирасига жойлашиб бораверади. Уйда телевизор кўрамиз, ҳар хил каналларга бирма-бир кириб чиқамиз, агар инсон тарбиясига салбий таъсир этмайдиган дастур бўлса яхши, агар акси бўлса-чи, масалан, жангари фильмлар, беҳаё тасвирлар... Кўчада кетаётиб табиатга назар солиш, унинг гўзаллигидан баҳра олиб Аллоҳга ҳамд айтиш қаерда-ю, номаҳрамларга назар солиб, хаёлни бузиш қаерда... Инсоннинг кўнгли, ҳатто нохуш нарсаларга назари тушганда ҳам беҳузур бўлиб, анчагача ўзига келолмай юради...

Хуллас, эрталабдан кечгача керак ва нокерак нарсалар билан тўлиб кетган қалб қандай қилиб уларнинг ичидан биз учун муҳимини ажрата олади? Уни ажратишга вақти етадими? Фойдасидан зарари кўп бўлган бу «нақш»лар инсоннинг ақлини, хаёлини банд қилиши, фикрларини шакллантириши нафс тарбияси ҳақида ёзилган мўътабар китобларимизда жуда кўп маротаба айтиб ўтилади. Инсон табиатида пайдо бўладиган паришонхотирлик, хаёлпарастлик, ишёқмаслик, баджаҳллик, қайсарлик, бепарволик, худбинлик каби салбий характерларнинг шаклланишида айнан кўзнинг ўрни катта. Шунинг учун нимаики бўлса ўзида жам этувчи қалбимиз «эшик»ларини назорат қилишимиз керак. Икки олам сарвари, меҳрибон Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам биргина «нигоҳ»ни назорат қилиш билан сизу биз умматларини қанчадан-қанча маънавий, қалбни булғайдиган зулматлардан, кулфатлардан сақлаб қолишни ўргатмоқдалар.

Ҳар ҳоллари ўрнак

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳар бир ҳоллари, хулқ-атворлари саҳоблар учун дарс эди. Саҳобалар бутун ҳаёт тарзларини ҳам зоҳиран, ҳам ботинан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ўхшатишга ҳаракат қилишарди. Ва бу интилишни ўзлари учун шараф деб билишган. Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳунинг «Кўзни ҳаромдан сақлаш, қандай чиройли шаҳват пардасидир», деган биргина гапидан муаллим Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тарбиялари бу саҳобийда қанчалик таъсир қилганини тушуниш қийин эмас. Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳудаги бу фаросат қаердан пайдо бўлди? Саҳобийда қайд этилган бу нозик қараш шубҳасиз, ахлоқнинг энг мукаммали билан хулқланган муборак зот – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тарбияларининг самараси эди.

Гарчанд биз «назар қилиш» одобининг умумий қоидалари ҳақида сўз юритаётган бўлсак-да, номаҳрамларга боқишдан кўзни сақлаш бу қоидаларнинг энг бошида туради. Айнан шу сабабдан ҳам бунинг нақдар хавфли эканини билган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бизни огоҳлантириб, нигоҳни номаҳрамлардан сақлаш борасида жуда ҳам кўп тавсияларини айтиб ўтганлар.

Жарир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан тўсатдан назар тушиб қолиши ҳақида сўрадим. Бас, У зот, кўзингни бошқа томонга бур, дедилар» (Имом Муслим, Абу Довуд, Термизий, Насоий ривоят қилишган).

Имом Термизий Бурайда розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Али, назарга назарни эргаштирма! Биринчиси фойда бўлса, иккинчиси сенга зарардир», деганлар (Имом Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган).

Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидагиларни айтадилар:

«Одам боласига зинодан бўлган насибаси ёзилгандир. Икки кўзнинг зиноси назар солишдир. Тилнинг зиноси гапиришдир. Икки қулоқнинг зиноси эшитишдир. Икки қўлнинг зиноси ушлашдир. Икки оёқнинг зиноси юриб боришдир. Нафс орзу ва иштаҳа қилади, фарж эса уни ё тасдиқлайди, ё ёлғонга чиқаради».

Абу Саъид Худрий (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади:

«Набий солаллоҳу алайҳи ва саллам: «Йўлларда ўтиришдан эҳтиёт бўлинглар», дедилар. «Эй Аллоҳнинг Расули, биз гаплашиб ўтиришга мажбур бўламиз», дейишди. «Агар ўтирсангиз йўлнинг ҳақини адо қилинг», дедилар. «Йўлнинг ҳақи нима, эй Аллоҳнинг Расули?» дейишди. «Кўзни тийиш, озор бермаслик, амри маъруфва наҳйи мункар», дедилар» (Имом Бухорий, Имом Муслим ва Абу Довуд ривояти).

Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эр киши эр кишининг авратига назар солмайди, аёл киши аёл кишининг авратига назар солмайди», деганлар.

Имом Абу Довуд Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига: «Тирикнинг ҳам, ўликнинг ҳам сонига назар солма», деганлар.

Иймон ҳаловати

Мўминни энг кўп ўйлантирадиган, энг кўп ташвишга соладиган нарса бажараётган ибодатларидан ҳаловат неъматини топиш, унга эришиш масаласи, десак муболаға бўлмайди. Ҳар бир ибодат қилаётган мўмин ўзининг ҳолини яхши билади. Гоҳида шунчалик кўп ибодатлар билан машғул бўлсак-да, кўнгил бажарган ибодатларимиздан таскин топмайди, хотиржамлик туймайди. Аксинча, шайтон васвасасидан қутилиш қийин кечади. Мана шундай таҳликали ҳолатлар баъзан мўмин устидан шайтон ва тарбия топмаган нафснинг ғалабаси билан якун топади. Яъни мўмин бажараётган ибодатларидан ҳаловат ололмаганидан кейин бора-бора ибодатларни тарк этишгача ҳам бориб қолади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам иймон ҳаловатини топиш борасида, унинг йўллари, қоидалари ҳақида жуда ҳам кўп тавсиялар берганлар. Масалан, ота-онага хизмат қилиш, уларни розилигини топишда ҳам қалб ҳузур топиши, хотиржам бўлиши ҳақида айтиб ўтилади. Қарангки, мўмин учун энг зарур бўлган иймон ҳаловатини топиш йўлларидан бири ҳам нигоҳни сақлаш одобининг ичига яшринган экан.

Имом Табарий Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси қудсийда: «Албатта, (номаҳрамга) назар қилиш иблиснинг заҳарланган ўқларидан биридир. Ким Мендан қўрқиб, у (назар)ни тарк қилса, бадалига бир иймон бераманки, унинг ҳаловатини ўз қалбида топади», дейилган.

Имом Аҳмад Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда эса Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қайси бир мусулмон бир аёлнинг гўзалликларига назари тушсаю, сўнгра кўзини олиб қочса, албатта, Аллоҳ уни шундай ибодатга алмаштирадики, унинг ҳаловатини топади», деганлар.

Аллоҳнинг меҳрибонлигини қарангки, бизнинг наздимизда оддий амал бўлиб туюлган кўзни номаҳрамлардан олиб қочишлик Аллоҳ томонидан жуда катта мукофот – «иймон ҳаловати» билан қарши олинмоқда. Демак, “нигоҳни сақлаш” қоидасининг қадр-қиммати ҳам жуда баланд экан. Бу масалада иккиланиш мўмин кишига ярашмайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “кўзингизни номаҳрамдан сақланг, шунда иймон ҳаловатига эришасиз!” дедиларми, демак бу ҳақиқат. Мўмин учун бу дунёда иймон ҳаловатини топишдан ҳам лаззатлироқ нима бўлиши мумкин? Бундай иймон ҳаловатига эга инсонларнинг ботиний ҳоллари ҳам нақадр гўзал ва шаффоф бўлишини Ислом тарихидаги машҳур сиймолар мисолида кўришимиз мумкин. Имом Қушайрий роҳимаҳуллоҳнинг «Рисолаи Қушайрия»сида Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу билан бўлиб ўтган воқеъа ривоят қилинади.

Бир куни Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳунинг ёнига кетиб туриб, кўзи кўчадаги бир номаҳрамга тушиб қолади. Унинг чиройи хаёлини банд қилади. Шу хаёл билан ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳунинг ёнига киради. Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу унинг бу ҳолатини кўриб:

– Эй Анас! Кўзларингда зино изларини кўряпман, – дейди.

Гап нимада эканини дарҳол тушунган Анас розияллоҳу анҳу ҳайрат ва хижолат оҳангда:

– Аллоҳнинг Расулидан кейин ҳам ваҳий келяптими? – деб сўрайди. Шунда ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу:

– Йўқ, бу басират ва фаросатдир, – дейди.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ён-атрофларида юриб, у зоти муборакнинг файзу барокотларидан қониб-қониб баҳра олган, одобу ахлоқларини камолотга етказган азиз саҳобийларнинг (Аллоҳ ҳаммаларидан рози бўлсин) ҳаёт тарзлари, одобу ахлоқлари кейин келадиган барча уммат учун энг намунали, энг ёрқин ўрнак бўлиб қолаверади.

Итоатда илоҳий ёрдам бор

Аллоҳ таолонинг «иффат» деб аталмиш нодир неъматни бандаларига инъом этиши қанчалик катта фазилат бўлса, унинг поймол этилиши билан банданинг тубанлашиб кетиши ҳам айни ҳақиқат. Нақшбандия тариқати шайхларидан Усмон Нурийнинг «Инсон қачон бу сифатни тарк этса, унинг даражаси бошқа махлуқотнинг даражасидан ҳам тушиб кетади. Аллоҳ Қуръони каримнинг 34 жойида Марям онамиз номларини зикр қилади. У зотни «Иффатини сақлаган Марям» (Анбиёсураси, 91-оят) деб бандаларига таърифлайди. Демак, аёл зотининг энг буюк иззати ва шарафи Марям онамиздек энг чиройли иффат соҳиби бўлишликдир».

Динимизда назарни номаҳрамлардан олиб қочишни эркагу аёлга бир хил буюрган. Бу борадаги буйруқ ва тавсияларга ҳар икки жинс вакиллари бап-баравар риоя қилишга мажбурлар. Ҳа, оддий деб билганимиз бир нигоҳ, бир боқиш аслида жуда ҳам катта кулфатларнинг дебочаси эканига шубҳа йўқ.

Нақшбандия тариқати таълимотидаги «Назар бар қадам» қоидаси айнан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мана шу «нигоҳ» шамойиллари асосида ривожлантирилади. Ушбу тариқат таълимотида солик (тариқат йўлидаги киши) нигоҳини ҳар доим назоратда ўшлаб туриши талаб этилади. Чунки солик мунтазам равишда қалбини мосиваллоҳдан поклаб туришга интилар экан, назарга бепарволик қалбга келиб турган илоҳий файзларнинг йўлини тўсиб, қалбнинг қорайиб кетишига олиб келади, дейилган. Шу сабабдан ҳам солик учун ҳар доим тавозу аҳлига ярашадиган одоб-ахлоққа мувофиқ иложи борича нигоҳларини ерга қадаб, зарур бўлмаган ҳолларда атрофига ҳуда-беҳуда назар ташлашдан тийилиш тавсия этилган. Бу қоидаларга амал қилиш асри саодатда ва Ислом дини ривожланган кейинги даврларда қанчалик аҳамият касб этган бўлса, «ҳаё пардалари» кўратилган шу кунларда уларга риоя қилиш ҳар қачонгидан ҳам зарурроқ бўлиб кўринмоқда. Агар биз динимиз буюрган ана шундай нодир кўрсатмаларга, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам тавсияларига итоатда қойим бўлсак, юқорида таъкидланганидек, Аллоҳ таолонинг илоҳий нусратларига ноил бўламиз. Риоя қилмасак-чи? У ҳолда катта фазилатлардан бенасиб қоламиз.

Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайи васаллам бир гуруҳ саҳобаларини эрта тонгда сафарга боришга буюрдилар. Уларнинг орасидан биттаси айтилган вақтда сафарга чиқмади ва оиласига:

– Аллоҳ Расули соллаллоҳу алайҳи васаллам билан пешин намозини бирга ўқиб, кейин салом бериб видолашамоқчиман, шунинг учун кеч қоламан. Ҳам дуоларини олмоқчиманки, бу дуо қиёмат куни менга шафоатчи бўлсин, – дейди.

Бу киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга намоз ўқиб бўлгач, У зотга юзланди ва салом беради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга:

 Биродарларинг сендан қанча узоқлашганини биласанми? – дедилар. Саҳобий:

– Ҳа, улар эрта тонгда кетганларидан бери узоқлашдилар, – деди.

Бунга жавобан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

– Нафсим қўлида бўлган Зотга қасамки, улар фазилат бобида сендан шарқ ва ғарб орасидаги энг узоқ масофачалик узоқлашдилар, – деб буюрдилар (Имом Аҳмад ривояти).

Бошқа бир ривоятда эса:

– Ер юзидаги ҳамма нарсани инфоқ қилсанг ҳам уларнинг эрта тонгда чиққанларидаги фазилатни қўлга кирита олмайсан, – деб буюрганлар (Имом Термизий, имом Аҳмад, Байҳақий ривояти).

Хулоса

Агар мақсадимиз одобу ахлоқимизни яхшилаш, ибодатларимиздан ҳаловат топиш, бир сўз билан айтганда, Аллоҳнинг севган қули бўлишдан иборат бўлса, ҳар қандай замонда, қаерда бўлмайлик, ҳар кору ҳолимизда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг барча тавсияларига мажбуран эмас, чин ихлос билан амал қилишимиз лозим бўлади. Зеро, шариатдаги ҳар бир буйруқ, ҳар бир тавсиянинг замирида инсонни икки дунё саодатига эриштирувчи йўллар яшириндир. Бу нарсаларга бепарво бўлмаслигимиз керак. Биргина “Нигоҳни сақлаш” қоидаси шунчалик қадру қимматга эга экан, унинг ўрнини бошқа нима ҳам боса олиши мумкин?

Ўқиган ояту ҳадисларимиз, муборак зотларнинг ҳолларидан ўзимиз учун керакли хулоса чиқариб олиш виждонимизга ҳавола. Динимиз пешволари, азиз устозларимиз сирлар макони бўлмиш қалб инсонни Аллоҳга яқинлаштиради, Унинг розилигига эриштиради деганлар. Худди шу тарзда Аллоҳдан узоқлаштирувчи нарса ҳам қалбдир.

Назаргоҳи илоҳий бўлмиш қалбимизни пок ҳолда сақлаш қўлимизда. Инсон хатолардан холи эмас. Лекин бу нарса ҳеч қачон хотиржамликка олиб бормаслиги керак. Аксинча, ҳар бир билиб-билмай қилинган хато ва гуноҳлар учун дарҳол ўзимизни қўлга олиб, уларни бартараф этиш чораларини кўришимиз энг тўғри йўл ҳисобланади. Бу борада ҳадиси шарифларда етарли тавсия ва кўрсатмалар берилган. Масалан, тавбаи насуҳ қилиш (қайтариб бажармаслик шарти билан қилинган тавба), гуноҳларнинг кечирилишини сўраб Аллоҳга ёлвориш, дарҳол бирорта савобли амални бажариш, рўза тутиш, нафила намозлар ўқиш шулар жумласидандир. Уламоларимиз қачон, қаерда бўлмасин ҳар бир суннатга амал қилишда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга маънавий боғланиш бор дейишган. Бу гап сизу биз яшаб турган шу тезкор ахборот асрига ҳам тааллуқлидир. Бу имкониятни қўлдан бой бермаслигимиз керак. Шундай экан, кўча-куйда юрганимизда ҳаддимизни билиб, нигоҳимизни ҳар хил бўлмағур нарсалардан сақлаб, тавозуъ билан юришга ҳаракат қилсак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ваъда берганларидек, Аллоҳ таолонинг ажру мукофотларига ноил бўлаверамиз, иншааллоҳ. Хато-ю саҳвларимизни Аллоҳ кечирсин. Валлоҳу аълам.

 

Улуғбек  Султон

Манба: https://islom.uz

 

3327 марта ўқилди

Мақолалар

Top