Мақолалар

Номаҳрам аёлга қараш хотирани пасайтиради

Нидерландияда бир университетнинг йигит ва қиз талабалари устида янги тадқиқот ўтказилди. Ўтказилган янги тадқиқотнинг таъкидлашича, ўзига оро бериб, зийнатланган аёлларга қараш ва улар билан гаплашиш эркакларнинг ички организмларида бузилиш, тарбисизликнинг юзага келишига сабаб бўлар, шунингдек, хотиранинг пасайиши ва бир ишни ақл билан бажариш қобилиятининг сусайишига олиб келар экан.  

Тадқиқотчи олимларнинг айтишича, аёлнинг зийнати ва жозибаси ортгани сайин эркакларга салбий таъсири шунчалик кучайиб боради.

Олимлар бу ҳолни шундай изоҳлашди: “Аёл кишининг юриши, эркакнинг унга қараши, у билан суҳбат қилиши эркак миясидаги маълумотларни таҳлил қилиш ва қарор қабул қилишга масъул бўлган ҳужайраларга салбий таъсир кўрсатади”.

Тадқиқотда аёлнинг ўзига оро бериши, зийнатланиши, жозибадорлиги ва очиқ-сочиқ юришининг таъсирини ўрганишга кўпроқ эътибор қаратилди. Танаси очиқ аёлга қараш – эркакнинг идрокини бузади, уни тўғри қарор қабул қилолмайдиган аҳволга солади.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган: 

   قُل لِّلْمُؤْمِنِينَ يَغُضُّوا مِنْ أَبْصَارِهِمْ وَيَحْفَظُوا فُرُوجَهُمْ ذَلِكَ أَزْكَى لَهُمْ إِنَّ اللَّهَ خَبِيرٌ بِمَا يَصْنَعُونَ

“Сен мўминларга айт, кўзларини тийсинлар ва фаржларини сақласинлар. Ана шу улар учун покдир. Албатта, Аллоҳ нима ҳунар қилаётганларидан хабардордир” (Нур сураси, 30-оят).

Ушбу оятда Аллоҳ таоло биз мўминларни аввало кўзимизни тийишга, кейин эса фаржимизни сақлашга амр этмоқда. Зеро, зино деб аталган фарж билан боғлиқ гуноҳ айнан кўзни тиймаслик ортидан келиб чиқади. Шунинг учун Роббимиз бизни зинонинг биринчи босқичидан тийилишга буюрмоқда.

Танасининг кўп қисми очиқ бўлган, юриши, кўз қараши билан ҳаммани ўзига қаратадиган аёлга назар солиш инсоннинг фикрлаш қобилиятини ишдан чиқариб, ақлига салбий таъсир қилади. Агар инсон дарҳол қарашдан тийилса, унинг мияси дуруст ишлашда давом этиб, тўғри қарор қабул қилиш қобилиятини йўқотмайди.

Оятнинг сўнггида “Албатта, Аллоҳ нима ҳунар қилаётганларидан хабардордир” деган жойига эътибор берайлик! Бу гап бизга Аллоҳ таолонинг доимий кузатиб туришини баён қилмоқда. Бу аёлларга назар солишдан тийилиш учун энг афзал йўлдир. Психологлар ҳам айтишадики, агар инсон ташқи кузатув ва назоратни ҳис қилиб турса, гуноҳга қўл уришдан тийилади.  

Номаҳрам аёлга қараш зино сари босилган илк қадамдир. Агар инсон шу назарни тийиб, номаҳрам аёлларга қарамаса, ажойиб ҳаловатни ҳис қилади. Имом Табарий Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси қудсийда: «Албатта, (номаҳрамга) назар қилиш иблиснинг заҳарланган ўқларидан биридир. Ким Мендан қўрқиб, у (назар)ни тарк қилса, бадалига бир иймон бераманки, унинг ҳаловатини ўз қалбида топади», дейилган.

Аёлларга шаҳват билан кўп қараш инсонни турли касалликларга мубтало қилади. Масалан, назар оқибатида юз берадиган доимий ҳаяжон ва қўзғалиш натиждасида артерия склерози (томирларнинг қаттиқлашиши), қон босимининг ошиши, асабларнинг бузилиши, руҳиятдаги ўзгаришлар, импотенция (жинсий заифлик) ва ҳоказо касалликлар келиб чиқади. Бу касалликларнинг белгилари, оғир кўринишлари кексайганда яққол сезила бошлайди.

Аллоҳ таоло бизга кўзимизни тийишни амр қилиш билан пок ва соғлом бўлишимизни ирода қилган. “Ана шу улар учун покдир” деган сўзи шуни англатади. Кўзини тийган одам турли фаҳш ишлардан пок бўлади ва саломатлиги ҳам яхши ҳолатда юради.

Танасини беркитиб юрган аёлларга шаҳват билан қараш деярли учрамайди. Аммо танаси очиқ аёлларга шундай назар солиш ҳар қадамда учрайди. Эркакларга айнан шундай кўринишдаги аёллар салбий таъсир ўтказадилар. Мана энди Ислом дини нега аёлларга очиқ-сочиқ юришни ҳаром қилганини, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам нега очиқ кийимда юрувчи аёлар жаннатнинг ҳидини ҳам ҳидламасликларини айтганларини тушуниб етдик. Агар ўша аёллар тавба қилиб, ўзларини тузатсаларгина жаннатга киришлари мумкин.

Ҳозирги кунда қаерга қарамайлик, Динимиз таълимотларига ва миллий қадриятларимизга зид равишда очиқ-сочиқ юрган аёллар кўзга ташланади. Телевизорда ҳам, интернетда ҳам, кўчада ҳам, ишхонада ҳам шундай аёллар бисёр. Барчамиз Аллоҳ таолонинг юқоридаги оятдаги кўрсатмасига амал қилиб, кўзимизни тийиб, фаржимизни асраб, пок ва соғлом ҳолда юришимиз лозимдир. Ана шунда Аллоҳнинг амрига бўйинсунган бўламиз, ана шунда савобга эга бўламиз ва қалбимизда ажиб бир ҳаловатни ҳис этамиз. Дунёда ҳам, охиратда ҳам саодатга эришамиз. 

 

Абдуддоим Каҳелнинг мақоласидан

Нозимжон Иминжонов таржимаси

 

3532 марта ўқилди

Мақолалар

Top