Мақолалар

Ерни ким ушлаб туради?

Бизга маълумки, Ер Қуёш атрофида бир йилда бир марта тўлиқ айланади. У Қуёш атрофида эллипссимон равишда ҳаракат қилади. Эллипс – тухумсимон шаклни англатади. Физика фанида тортишиш (гравитация) қонуни деган мавзу бор. Осмон жисмлари бир-бири билан шу қонун асосида муайян масофада жойлашади.

Тортишиш қонунининг асоси масофа ва массадир. Осмон жисмининг массаси қанчалик катта бўлса, унинг тортишиш кучи массаси кичик жисмга нисбатан шунча катта бўлади. Шунингдек, жисмлар орасида масофа қисқаргани сари уларнинг орасидаги тортишиш кучи ҳам ортиб боради.

Биз Ернинг Қуёш атрофидаги ҳаракати йўли, орбитаси тухумсимон шаклда дедик. Ушбу орбитанинг иккита қутби бор. Қуёшга энг яқин қутби ва Қуёшдан энг узоқ қутби. Ер Қуёшга яқин қутбга келганда, орадаги масофа жуда қисқаргани учун тортишиш кучи ортиб кетади. Мана шу пайтда Ернинг Қуёшга тортилиб, унга қулаб тушиш эҳтимоли бўлади. Агар Ер Қуёшга тортилиб кетса, олимларнинг айтишича, 1 сония ичида ёниб, буғланиб кетиши мумкин. Ердаги тоғлар борми, водийлар борми, барчаси буғланиб кетар экан. Чунки, Қуёшнинг ядросидаги ҳарорат 15-20 миллион даражани ташкил этади. Бундай иссиқликда барча нарса дарҳол буғланиб кетади. Қолаверса, Қуёшдан очиқ фазога учиб, отилиб турадиган “оловли тиллар”, яъни протуберанецларнинг узунлиги 1 миллион километрдан ортади.

Хўш, у ҳолда нега Ер шари Қуёшга яқинлашганда, унга қулаб тушмайди?

Ер ақлсиз нарса. Аммо у ўзининг ҳаракати давомида Қуёшга энг яқин қутбидан ўтаётганда, ҳаракатини тезлатади. Қуёшнинг тортишиш кучига тенг бўлган марказдан қочиш кучини ҳосил қилиш учун тезроқ ҳаракат қилади. Натижада, Қуёшга тортилиб кетмай, ўз орбитасидан чиқиб кетмай, йўлини давом эттиради.  

Ер шари Қуёшга энг яқин қутбдан ўтаётганда, тезлигини оширган эди. У шу тарзда катта тезликда Қуёшдан узоқлашиб боради. Агар у шу тезликда ҳаракатланаверса, орбитанинг узоқ қутбига етиб келганда, Қуёш билан Ер орасидаги масофа узоқлашгани, ўртадаги тортишиш кучи заифлашгани ва марказдан қочиш кучи ўртадаги тортишиш кучидан устун келгани учун Қуёшнинг тортишиш кучини енгиб, унинг тизимидан чиқиб, узоқ-узоқларга кетиб қолиши мумкин. Агар Ер Қуёшнинг тортишиш кучини енгиб, унинг тизимидан узоқлашиб кетса, Ер сайёрасидаги ҳарорат мутлақ 0° даражага тушиб кетади. Бунда ҳарорат −273,15 °C бўлади. Бундай об-ҳавода эса ҳаёт тугайди.

Хўш, у ҳолда нега Ер шари Қуёшнинг тортишиш кучини енгиб, узоқларга кетиб қолмайди.

Ер ақлсиз нарса деб айтдик. Аммо у ўзининг ҳаракати давомида Қуёшдан энг узоқ қутбидан ўтаётганда, ҳаракатини секинлатади. Ернинг марказдан қочиш кучи Қуёшнинг тортишиш кучига тенг бўлиши учун секинроқ ҳаракат қилади. Натижада, Ер Қуёш тизимидан чиқиб кетмай, ўз орбитасидан ҳеч бир тарафга оғмай, йўлини давом эттиради. 

Энди мана бу оятни диққат билан ўқийлик: 

إِنَّ اللَّهَ يُمْسِكُ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضَ أَن تَزُولَا وَلَئِن زَالَتَا إِنْ أَمْسَكَهُمَا مِنْ أَحَدٍ مِّن بَعْدِهِ إِنَّهُ كَانَ حَلِيماً غَفُوراً

 “Албатта, Аллоҳ осмонлару ерни қулаб тушишларидан ушлаб турур. Агар улар қулайдиган бўлсалар, Ундан ўзга ҳеч ким уларни ушлаб тура олмас. Албатта, У ўта ҳалим ва ўта мағфиратли бўлган зотдир” (Фотир сураси, 41-оят).

  • Энди ўйлаб кўрайликчи, Ерни Қуёшга тортилиб, ёниб кетишидан ким сақлайди?
  • Ерни Қуёшдан узоқлашиб, музлаб қолишидан ким асрайди?
  • Ерни ўз орбитасида ким мувозанатда ушлайди?
  • Ер Қуёшга яқинлашганда, қизиб кетмаслиги учун ким унинг ҳаракатини тезлаштириб, мўътадиллаштиради?
  • Ер Қуёшдан узоқлашганда, ким унинг ҳаракатини секинлаштиради? Албатта, Буюк ва Қодир Аллоҳ таолонинг Ўзидир!

Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч ким, ҳеч бир ташкилот, ҳеч қандай конференция қарори, ҳеч бир олим ўзидаги бор куч-қувват ва имкониятларини ишга солиб, Ерни ўз жойидан кўчириш ёки ўз жойига қайтаришга, унинг ҳаракатини тезлатиш ёки секинлатишга қанча уринсалар-да, бунга қодир бўлолмайдилар! Мутлақо!  

Фараз қилайлик, Ер сайёраси Қуёшдан узоқлашиб, унинг тортишиш кучини енгиб ўтди. Бир олим ўзича Ерни ўз орбитасига қайтариш фикрини ўртага ташлади. Шунда инсоният қалинлиги 5 метр бўлган триллион дона пўлат арқон тайёрлаши керак бўлади. Чунки, пўлат дунёдаги энг қаттиқ ва пишиқ моддадир. Бундай арқон 2 миллион тонна юкни кўтара олади. Қолаверса, ҳар бир арқоннинг орасидаги масофа беш метр бўлади. Агар бу ишнинг уддасидан чиқилса, унда дунёни улкан ва оғир арқонлар эгаллаб, шаҳар-у ўрмонларни ва тоғларни вайрон қилиб, натижада, ҳаёт тугайди.  

Азизлар, Аллоҳ таоло Латиф ва Роҳийм Зотдир. У Ер шарини арқонларсиз, устунларсиз ушлаб турибди. Биз мана шу сайёрада яшаймиз, нафас оламиз. Ҳеч қандай пўлат арқон ҳам, тоқат қилиб бўлмайдиган иссиқ ҳарорат-у чидаб бўлмас совуқ ҳарорат ҳам бизнинг яшашимизга тўсқинлик қилмайди. Чунки, Аллоҳ таоло Ерни мукаррам ва азиз бўлган инсоният учун қулай ва хавф-хатардан холи қилиб яратган.

Бизга чексиз неъматларни ато этган Аллоҳ азза ва жаллага ҳамду санолар бўлсин!

 

 

Муҳаммад Ротиб Набулсийнинг мавъизалари асосида

Нозимжон Иминжонов тайёрлади

3783 марта ўқилди
Другие материалы в этой категории: « Ҳамжиҳатлик Бойлик ва беморлик »

Мақолалар

Top