Мақолалар

Маййит чиққан хонада чироқ ёқиш мумкинми?

Юртимизнинг баъзи жойларида маййит ўлган хонадонда чироқ ёқилади. Халқ орасида “чироқ” дея зикр қилинадиган, пахтадан ясалган ва ёғга ботириладиган пилик ёки оддий шамни аёллар таъзия ўтгандан кейин маййит ўлган хонада 40 кун ёқиб қўйишади. Бу “чироқлар” маййитнинг руҳи учун ёқилар экан. “Маййит ўлган хонада чироқ ёқилишига муносабатингиз қандай?” деган саволга аёлларнинг 27% и “Маййитнинг руҳи учун чироқ ёқилади”, 38% и “Чироқ ёқиш керак деб ўйлайман”, деган жавобларни белгилашган. Тошкент шаҳрида яшовчи асли қорақалпоғистонлик бир аёлдан сўралганда шундай маълумотларни бердилар:  “Ёшим 48 да. Мен Қорақалпоғистонда туғилиб ўсганман. Ака-укаларим, опа-сингилларим, онам ўша ерда туришади. Ўтган йили отам қазо қилдилар. Отамнинг таъзиясида кўрганларим ва шу пайтгача таъзияхоналарда кўрганларим мени анчагина ташвишга солади. Авваламбор, бизда яъни Қорақалпоғистонда маййит уч кунгача кўмилмайди. Таъзиянинг биринчи куни қўй сўйилади.  Келганлар худди “тўёна” олиб келгандек пул, баъзилар мато, тўн кўтариб келишади. Олиб келинган пулларни ким қанча олиб келганини билиш ва уларнинг ҳам уйларида таъзия бўлганда олиб бориш учун рўйхат қилиб ёзиб қўйишади. Уч кун овқатлар пишириб, меҳмондорчилик қилишади. Бу орада маййит бирор хонага қўйилади. Қиш кунлари бўлса майли, аммо ёз кунлари маййитни ҳидланиб кетмаслиги учун махсус муз ичига солиб қўйишади. Ўз отамнинг жасадларига ҳам шундай муомала қилишди. Маййитни вақтида кўмиш кераклигини тушунтирмоқчи бўлдим. Аммо қулоқ солишмади. Уч кундан кейин маййит кўмиб келингач, ўша хонада чироқ ёқилади. 40 кун давомида “ис” чиқариб, қатлама пиширилади. Пайшанба куни аёл-эркак, ёш-қари аралаш, ҳатто ёш болалар билан бирга қабристонга боришади. Тоғораларда ҳар хил нарсалар пишириб олиб боришади. Аёллар очиқ-сочиқ кийинган, зиёрат одобларига риоя қилишмайди. Аввал қабр ёнига бориб тиловат қилишади, сўнгра қабристон қоровули ёки гўрковнинг хонасига кириб биргалашиб ўша нарсалардан ейишади. Қолган нарсаларни яна тоғораларига солиб, қайтариб олиб кетишади.

Ҳалиги йиғилган пуллардан қолганига қабр устига мақбара қурдиришади. Ушбу одатлар бизнинг оиламизда ҳам бор. Афсуски, бу ишларнинг нотўғри эканини уларга ҳечам уқтира олмайман...”.

Бу аёлнинг гаплари аввалига мени ҳайрон қолдирди. Кейинчалик  афсуски у айтган ношаръий ишлар бўлар экан.

Марҳумнинг дафнини кечиктириш таҳримий макруҳдир. Марҳум дафнини унга катта жамоат жаноза намозини ўқиши учун кечиктириш макруҳдир. Шундай экан, шунчаки кечиктириб ёки узоқ қариндошларни кутиш мақсадида дафн ва жаноза намозини кечиктириш ундан-да макруҳдир.

Афсус, бундай ва бунга ўхшаш ношаръий ҳолатлар, урф-одатлар Республикамизнинг бошқа ҳудудларида ҳам учраб туради.  

Сирдарё вилоятининг Гулистон туманидаги аёллардан бирининг гапига кўра, аксар аёллар чироқ ёқилиши керак деган фикрни билдиришган. “Нега?” деган саволга деярли бир хил – “Ўлган одамнинг руҳи учун ёқилади”, “Ота-боболаримиз шундай қилишган, чироқ ёқмасак бўлмайди-да!” каби жавоблар олинди. Баъзилар 40 кун ёқишини, баъзилар эса 40 кун ёқиб ўтирмасдан, бир кунда 40 та чироқ ёқишини маълум қилди.

Ислом шариатида чироқ ёқиш деган нарса йўқдир. Динда йўқ нарсани қилиш бидъатдир. Баъзи китобларда бу амал ширк дейилган.

“Мусибатга тоқатсизлик қилиб, юз ва қўлларини қорага бўяш, ёқа йиртиш, юзни тирнаб қон чиқариш, бошига тупроқ сочиш, сон ва кўкракларига уриб фарёд солиш, қабристонга чироқ ёқиш каби ишлар ботил ва жоҳилият одатларидандир”.  

Бошга бир синов келганида, иши юришмаганида, беморлик, тушкунликка тушганда кўпчилик берадиган маслаҳат шундай бўлади: “Фолбинга боринг, бирортаси амал қилиб қўйган бўлмасин”. Фолбин ҳам кутилган гапни айтади: “Амал қилишибди” ёки “Фотиҳа олишингиз керак”. Бунинг учун ҳафталик овқатларни қилиб юборишни тавсия этади. Бундай бидъатлар исрофгарчиликка олиб келиб, Аллоҳ асрасин, энг ёмони ширкка олиб боради.

Ҳафталик овқатлар борасида ҳам иримлар бор бўлиб, ҳар бир куннинг махсус овқати бор эмиш: Душанба куни эр-шерларга атаб норин; сешанба куни – қиймали мошкичири; чоршанба куни – чучвара (тугун оши), чучварани қозонга солишдан аввал ниятлари айтилиб, учта чучваранинг тугуни ечилади; пайшанба куни – қирқ битта нўхат солиниб ош, ҳолвайтар;  жума куни – қайсар париларга атаб қайла;  шанба куни – шавла билан сомса қилинади;  якшанба куни – дастурхонга тўққиз хил нарса қўйилади: мева, қанд, юпқа, чалпак, нон, шунингдек, калла-пойча солинади, чўзма, ҳолвайтар пиширилади. 

Фолбинлар инсонни бошига тушадиган ҳар қандай синовларни кетказишни таомга, егуликка боғлиқ деб билишади ва буни ҳузурига келганларга уқтиришади. Аслида, билиш лозимки, ҳар бир мусибат, ҳорғинлик, беморлик Аллоҳ таолонинг изни билан бўлади. Аллоҳ таоло бандасига муҳаббат қилгани учун ҳам синов беради. Ёлғиз Ўзидангина мадад сўралади.

Имом Табароний Восила ибн Асқаъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расули Акрам саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Ким фолбиннинг ҳузурига келиб, ундан бирор нарсани сўраса, қирқ кечагача тавбаси тўсилади. Агар фолбиннинг гапига ишонса, кофир бўлади”, деганлар.

Ҳижрий йил муҳаррам ойидан бошланади. Муҳаррам ойининг  ўнинчи куни Ашуро куни деб аталади. Ашуро сўзи “ўнинчи кун” деганидир. Аммо айримлар айнан муҳаррам ойини “ашир ойи” ёки “ширгуруч тарқатиладиган ой” деб нотўғри эътиқод қилишади. Таом қилиб қўни-қўшниларга тарқатиш, албатта, яхши одат, қўшничилик ҳаққи ҳам. Аммо муҳаррам ойини айнан ширгуруч пиширишга сабаб қилиниши хато тушунчадир. Бундан ташқари, олдинги вақтларда арафа кунлари савоб олиш мақсадида муҳтож кимсаларга, қўшниларга таом тарқатилган. Агар қўни-қўшнилар орасида муҳтожлар бўлса, биргина арафа куни эмас, бошқа кунлари ҳам қўшничилик ҳаққи учун таом берилса, савоби улуғ бўлади.

Таъзия маросимларида қилинадиган ҳолвайтар ҳам “маййит чиққан жойда ис чиқариш” маъносида қилинади. Ҳолвайтар “пайшанбалик”, “якшанбалик” ва бошқа маросимларда ҳам қилинади. Бу таомнинг асл моҳияти эса қуйидагича: Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “У киши ўз аҳлларидан бирон киши вафот этадиган бўлса, шу сабабли аёллар тўпланиб тарқагандан сўнг, фақат аҳллари ва хос кишилар қолганда бир декча талбийна қилишга амр этарди. Сўнгра уни нонли шўрва устига қуйиларди. Кейин у киши: “Эй аёллар, шуни еб олинглар. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “Талбийна беморнинг юрагини қувватли қилувчидир ва баъзи маҳзунликни кетказади, деганларини эшитганман”, дер эди (Имом Бухорий, Муслим ривояти). 

“Талбийна“ – ун, сут ва асалдан пишириб тайёрланадиган таом. Ушбу ривоятда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам тавсия қилган, юракни қувватлаб, хафаликни кетказадиган “талбийна” таоми ҳақида сўз кетмоқда. Ойша онамиз розияллоҳу анҳо Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан эшитганлари учун ўзлари иштирок этган таъзияларда мусибатзада аёлларга ўша таомни егизар эканлар.

Ҳозирги вақтда “ис чиқариш”, “пайшанбалик”, “якшанбалик”, ўтганларни “йўқлаш” мақсадида пишириладиган ҳолвайтар таркиби ва тайёрланиши жиҳатидан талбийнага ўхшайди. Кейинчалик сут ўрнига ёғ, асал ўрнига шакар ишлатилган. Ҳолвайтар ҳам ун, ёғ ва шакардан қилинади. Мусибатхонада маййит чиқарилмасдан олдин, “Бурнига ис кирсин учун” деб ҳолвайтар қилинади. Бу мутлақо нотўғридир. Ниятни ўзгартириб, “Одамларга қувват бўлади”, деб қилинган ҳар қандай таом тириклар учун фойдали. Ҳолвайтар ҳам танага қувват бағишлайди.

Халқимиз орасида егуликларга оид турли бидъат тушунчалар борки, буларни эшитиб, асл моҳияти нима эканлигига ҳайрон қоласиз.

- Шафтолини иккига бўлиб еб бўлмайди.

- Шомдан кейин оқлик: сут, қатиқ берилса, сигирнинг сути камаяди.

- Дастурхонга тоқ нон қўйилмайди, тоқ нарсалар аза бўлган хонадонда қўйилади.

- Пиёладаги чой устига чой қуйилса, эри ёки хотини ташлаб кетади.

- Қалампирни қўлга берса, уруш бўлади.

- Биров тишлаган нарсани еса, бошқа одамнинг насибасини еган бўлади.

- Чой устидаги пуфакчаларни суриш бойлик келтиради деб ишонилади.

- Ҳомиладор аёлларни тўлғоқ тутганда мошни қайнатса, тўлғоқ дарди енгиллашади деб ирим қилинади.

- Қозоннинг тагини ялаган ёки қирмочини еган қизнинг тўйида ёмғир ёғади.

- Марҳумнинг қирқи чиққунча таъзийа бўлган хонадон эгалари тухум емайди.

- Таъзия бўлган хонадонга лағмон ёки угра қилиб чиқилмайди, мусибат чўзилиб кетади.

- Чой ичидаги шамаларнинг туриши, меҳмон келишидан дарак беради.

- Қаҳванинг юқи, бировнинг тақдиридан дарак беради.

- Ноннинг ўртасини еса, шаҳарнинг ўртасига келин бўлади ёки куёв бўлади.

Шунга ўхшаш иримлар халқимиз орасида ҳанузгача учраб туради. Ҳар бир нарса Аллоҳ таолонинг изни билан бўлади. Ҳаётимизда учраб турадиган турли синовларда фақатгина Аллоҳдан мадад сўрашимиз, Қуръон оятларига, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларига оғишмай амал қилишимиз лозимдир.

 

Хадичаи Кубро аёл-қизлар

ўрта махсус ислом билим юрти Ахборот ресурс маркази раҳбари

М. Саиджалолова

733 марта ўқилди

Мақолалар

Top