Мақолалар

Абу Зуръа раҳматуллоҳи алайҳ

Тўлиқ исми: Убайдуллоҳ ибн Абдул Карим ибн Язид ибн Фаррух ар-Розий. Куняси Абу Зуръа. Ҳижратнинг 200 йили Эроннинг Рай шаҳрида дунёга келди. Абу Зуръа раҳматуллоҳи алайҳ 13 ёшида илм излаб Куфа шаҳрига бориб, у ерда ўн ой истиқомат қилиб, ўз юртига қайтиб келган. Иккинчи бор илм сафарига чиқиб, ўн тўрт йил Ватанидан йироқда яшаган. У ўттиз икки ёшда одамларга ҳадис айтиб, ҳадис илмидан дарс бера бошлаган.

Сийрати: Буғдойранг, қора соқолли, озғин ва гавдаси ўртачадан келган, зеҳни ўткир эди. Сийрат ва тарих манбаларида Абу Зуръа раҳматуллоҳи алайҳнинг зеҳни кучли бўлгани учун «Саййидул Ҳуффоз» яъни “ҳофизлар (ёд олувчилар) саййиди” деб келтирилган.  

Илм йўлида: Ҳадис ва араб тилини мукаммал ўрганиб, шу соҳада олимга айланди. Муҳаммад ибн Муслим раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Найсабур шаҳрида Исҳоқнинг ҳузурида эдим. Ироқлик бир киши: “Мен Аҳмад ибн Ҳанбалнинг: “Ўзи етти юз мингдан кўпроқ саҳиҳ ҳадис бор. Мана бу йигит – Абу Зуръа олти юз мингта ҳадисни ёд олган”, деяётганини эшитдим”, деди”.

Макка, Мадина, Ироқ, Шом, Хуросон ва Миср каби ўша даврнинг илм марказларида илм излаб, буюк муҳаддислардан ҳадислар ривоят қилган. Жумладан, Муслим ибн Иброҳим, Аҳмад ибн Юнус, Халлод ибн Яҳё, Муҳаммад ибн Саид ибн Собиқ, Абу Собит Маданий, Ҳакам ибн Мусо, Яҳё ибн Абдуллоҳ ибн Букайр каби буюк зотлардан ҳадис ривоят қилган.

Шогирдлари: Муҳаммад ибн Муслим, Абу Исо ат-Термизий, Имом Насоий, Ибн Можа, Исҳоқ ибн Мусо ал-Ансорий, Ҳармала ибн Яҳё, Рабиъ ибн Сулаймон каби машур муҳаддислар Абу Зуръа раҳматуллоҳи алайҳининг шогирди бўлиб, у зотдан кўплаб  ҳадислар ривоят қилишган.

Асарлари: Абу Зуръа раҳматуллоҳи алайҳ илм талаби, ҳадис ривоят қилиш билан бир қаторда «Китобул-муснад», «Ал-Фавоид», «Ал-Фазоил», «Китобуз-Зуҳд», «Китобул-жарҳ ват-таъдил», «Китобус-Савм», «Китобул-одоб», «Китобул-фароиз» ва «Китобул-атъима» каби  кўплаб асарлар таълиф этган.

Уламолар эътирофи: Абу Бакр Хатиб раҳматуллоҳи алайҳ: “Абу Зуръа раҳматуллоҳи алайҳ раббоний илм соҳиби, ҳадисларни пухта ўзлаштирган ҳофиз, муҳаддисдир. У Аҳмад ибн Ҳанбалнинг дарс ҳалқасида қатнашган буюк олимдир”, деган.

Абу Бакр Фазл ибн Аббос Розий раҳматуллоҳи алайҳ  айтади: “Мен Мадина шаҳридаги Абу Мусъаб роҳимаҳуллоҳнинг уйига бордим. Абу Мусъаб роҳимаҳуллоҳ чиқиб, “Қаердан келдинг?, деди. “Рай шаҳридан”, дедим. Абу Мусъаб роҳимаҳуллоҳ: “Абу Зуръани ташлаб, менинг олдимга келдингми? Мен Имом Молик ва ундан бошқа кўплаб олимларни кўрдим. Лекин икки кўзим ҳали Абу Зуръага ўхшашини кўрмаган”, деди.

Имом Муслим раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Мен ҳар бир ёзган китобимни Абу Зуръа Розий раҳматуллоҳи алайҳига кўрсатганман. У зот бирор ҳадисни бу иллатли деса уни қўйиб, саҳиҳ деганини китобимга киритганман.

Буюк муҳаддис Абу Зуръа Розий раҳматуллоҳи алайҳнинг фоний дунёдан кетар вақтлари яқин, ҳузурида шогирдлари Абу Ҳотим Розий ва Муҳаммад ибн Муслим раҳматуллоҳи алайҳимолар бор эди. Икки шогирд Абу Зуръа раҳматуллоҳи алайҳига шаҳодат калимасини талқин қилиб турмоқчи бўлдилар. Лекин устознинг ҳузурида шаҳодат калимасини овоз чиқариб айтиб туришга ҳаё қилдилар. Чунки Абу Зуръа раҳматуллоҳи алайҳ иккисига ҳам ҳадис ўргатган устоз эди. Икки шогирд устознинг олдида, “Кимнинг охирги гапи “Ла Илаҳа иллоллоҳ” бўлса, жаннатга киради”, деган ҳадисни музокара қилишни келишиб олдилар. Устознинг олдига кириб, Муҳаммад ибн Муслим раҳматуллоҳи алайҳ: “Менга Заҳҳок ибн Махлад Абдулҳамид ибн Жаъфардан ривоят қилган эди. У Солиҳ”, дедию, ҳолатнинг оғирлиги ва Абу Зуръа раҳматуллоҳи алайҳининг қийин аҳволда қолганига маҳзун бўлиб, тили тутилиб, бирор сўз айтолмай қолди.

Энди навбат Абу Ҳотим раҳматуллоҳи алайҳига келди. У: “Бизга Бундор айтган, унга Абу Осим Абдулҳамид ибн Жаъфардан ривоят қилган, У Солиҳ”, деди-да, у ҳам шеригидек, тўхтаб қолди.   

Шунда Абу Зуръа раҳматуллоҳи алайҳ: “Ўтиришимга ёрдам беринглар!”, деди. Ўтириб олгач, ўзини тутиб, қоматини тиклаб, олди-да: “Бизга Бундор айтган, унга Абу Осим Абдулҳамид ибн Жаъфардан ривоят қилган, У Солиҳ ибн Абу Ғарибдан, у эса Касир ибн Мурра Ҳазрамийдан, у Муоз ибн Жабалдан ривоят қилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Кимнинг охирги гапи “Ла илаҳа иллаллоҳ”, дедию Аллоҳ лафзининг “ҳ” ҳарфини айтишда қориндан чиқувчи ҳаво оқими билан бирга муборак руҳи ҳам чиқиб кетди. Аллоҳ раҳмат қилсин. Дарҳақиқат, унинг сўнги гапи “Ла илаҳа иллаллоҳ” бўлди. Бутун умр шу муборак калимага садоқат билан ҳаёт кечирган эди. Шу калима билан вафот этиш ҳам насиб қилди. Шу калимани ҳаммага ўргатиб, тавҳид эътиқодига чин ихлос ва муҳаббат билан яшаб, сўнги нафасда ҳам муборак каломни тилда айтиб туриб вафот этди!

Абу Зуръа раҳимаҳуллоҳ 264 ҳижрий йили вафот этган. 

 

“Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси мудири

Баҳодир БАҲРОМЖОН ЎҒЛИ  

 

 

2796 марта ўқилди

Мақолалар

Top