Мақолалар

Мана бу оятни қандай тушунамиз?

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган:

وَالسَّمَاء ذَاتِ الرَّجْعِ

“Қайтувчи (ёмғир) соҳиби бўлган осмон билан қасам” (Ториқ сураси, 11-оят).

Бу оятдаги “рожъ” (الرَّجْعِ) сўзи қайтувчи, қайтарувчи деган маънони, “затир рожъ” (ذَاتِ الرَّجْعِ) жумласи қайтиш соҳиби, қайтариш соҳиби деган маъноларни ифода этади.

Хўш, осмон нимани қайтаради?

Саҳобаи киромлар ва улардан кейинги инсонлар бу оятни ўқиганларида, сув буғланиб юқорига кўтарилишини ва ёмғир бўлиб яна қайтишини тушунганлар. Ҳа, шундай. Осмон ердан кўтарилган буғни ёмғир, қор, дўл кўринишида ерга қайтаради. Бу жуда ажойиб ҳодиса.

Орадан бир қанча муддат ўтгач, олимлар бу оятнинг яна бир тафсирини кашф этдилар. Ердан юқорига, ташқи фазога йўналган электромагнит тўлқинлар бироз вақтдан кейин яна ерга қайтади. Буни қайтарган нарса атмосферанинг юқори қатламларида жойлашган эфир моддасидир. Агар шу модда бўлмаганда, телевидения, радио каби воситалар бўлмас эди. Ердан юборилган телевидения, радио станцияларининг электромагнит тўлқинларини эфир қатлами яна ерга қайтаради. Шу тариқа телевизион дастурлар, кўрсатувлар, радио эшиттиришлар бутун дунёга узатилади. Ушбу фикрлар юқорида оятнинг янги тафсиридир.

Яқин йилларда яна бир янгилик кашф этилди. Коинотдаги барча сайёралар, юлдузлар ва бошқа ёритгичлар ўзидан каттароқ осмон жисми атрофида айланади. Айланганда ҳам берк орбита бўйлаб ҳаракатланади. Яъни ҳар бир айланаётган осмон жисми ўзининг аввалги жойига, айланишни бошлаган нисбий нуқтасига қайтиб келади. Бу орбита хоҳ доирасимон (копток каби) бўлсин, хоҳ эллипссимон (тухум каби) бўлсин, фарқи йўқ. Шу тариқа сайёралар ва юлдузлар ўз орбитасидан чиқиб кетмайди. Коинотдаги барча юлдузлар, сайёралар ва ҳоказо осмон жисмлари айнан шундай тарзда ҳаракатланади. Бу эса юқоридаги оятнинг яна бир янги тафсиридир.

 

وَالسَّمَاء ذَاتِ الرَّجْعِ

“Қайтувчи (ёмғир) соҳиби бўлган осмон билан қасам” (Ториқ сураси, 11-оят).

Оятга яхшилаб назар солайлик! Аллоҳ таоло бу оятда “буғни ёмғир қилиб қайтарувчи осмон” ёки “электромагнит тўлқинларни эфир билан қайтарувчи осмон” ё бўлмаса, “ҳар бир осмон жисмининг айланишни бошлаган нуқтасига қайтиб келиши” демади, балки, “затир рожъ” (ذَاتِ الرَّجْعِ) – “қайтиш соҳиби”, “қайтариш соҳиби” деди. Бу жумла юқоридаги тафсирларнинг барчасини қамраб олади. Яъни буғнинг ёмғир бўлиб қайтишини ҳам, электромагнит тўлқинларнинг эфирга етиб бориб, яна ерга қайтишини ҳам, сайёраларнинг ўз айланишини бошлаган нуқтасига яна қайтиб келишини ҳам ўз ичига олади.

Бу оятни диққат билан ўқиб, унда ишлатилган сўзлар, жумлалар ҳақида тафаккур қилсангиз, Қуръони Карим Аллоҳ таолонинг нозил қилган Каломи эканини янада теранроқ англайсиз.

 

 

Муҳаммад Ротиб Набулсий раҳимаҳуллоҳнинг мавъизаларидан

Нозимжон Иминжонов таржимаси

400 марта ўқилди

Мақолалар

Top