Мақолалар

Абу Зуръа Розийнинг вафоти

Буюк муҳаддислардан бўлган Абу Зуръа Розий раҳимаҳуллоҳнинг вафоти яқинлашганда, унинг ёнида шогирдлари Абу Ҳотим Розий ва Муҳаммад ибн Муслим раҳматуллоҳи алайҳимо бор эдилар. Улар Абу Зуръага шаҳодат калимасини талқин қилмоқчи бўлишди, аммо олимнинг ҳайбатидан бу ишга ҳаё қилишди. Чунки Абу Зуръа уларга ҳадисдан таълим берган устоз эди. Шунинг учун икковлари устоз олдида “Кимнинг охирги гапи ЛАА ИЛААҲА ИЛЛАЛЛОҲ бўлса, жаннатга киради” деган ҳадисни ўзаро музокара қилишга келишиб олишди. Шояд устознинг эсларига келиб, шаҳодат калимасини айтсалар деган умидда эдилар. 

Кейин Абу Зуръа раҳимаҳуллоҳнинг ёнига кириб, Муҳаммад ибн Муслим раҳимаҳуллоҳ: “Менга Заҳҳок ибн Махлад ҳадис айтиб берган. У Абдулҳамид ибн Жаъфардан эшитган экан, у эса Солиҳдан...” деди-да, вазият оғирилиги, устознинг аҳволига маҳзунлиги ва ҳаё қилганидан тили тутилиб, дудуқланиб қолди.

Кейин навбат Абу Ҳотимга келди. У: “Бизга Бундор ҳадис айтиб берган. Унга Абу Осим Абдулҳамид ибн Жаъфардан ривоят қилиб ҳадис айтган, у эса Солиҳдан...” деди-да, у ҳам шериги каби тили тутилиб, давом эттиролмади.

Шунда Абу Зуръа раҳимаҳуллоҳ: “Мени ўтқизиб қўйинглар!” дедилар. У кишини ўтқизиб қўйишгач, қаддиларини ростлаб, гап бошладилар: “Бизга Бундор ҳадис айтиб берган. У Абу Осим Абдулҳамид ибн Жаъфардан, у эса Солиҳ ибн Абу Ғарийбдан, у Касийр ибн Мурра ал-Махзумийдан, у Муоз ибн Жабалдан ривоят қилган. У (Муоз) бундай деган: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимнинг охирги гапи ЛАА ИЛААҲА ИЛЛАЛЛОҲ” деди-ю, Аллоҳ лафзи жалоласининг охирги “ҳ” ҳарфини айтиш билан бирга муборак руҳи ҳам чиқиб кетди”.

Аллоҳ у кишини раҳматига олсин! Охирги гаплари ЛАА ИЛААҲА ИЛЛАЛЛОҲ бўлди.

Умрлари шу калима устида ўтди. Шу калима асосида яшадилар ва шу калима устида жон бердилар.

Бу қиссани Имом Заҳабий раҳимаҳуллоҳ ва бошқа алломалар ривоят қилишган.

 

 

Арабчадан Нозимжон Иминжонов таржимаси

2591 марта ўқилди

Мақолалар

Top