Мақолалар

Ҳаммод ибн Салама раҳимаҳуллоҳнинг қаноати

Муқотил ибн Солиҳ Хуросоний ҳикоя қилади: “Ҳаммод ибн Саламанинг ҳузурларига кирдим. Қарасам, уйларида ўзлари устида ўтирган бўйра, ўзлари ўқиётган қўлларидаги Мусҳаф, ичида илмлари (китоб, қалам, сиёҳ) солинган сумка, таҳорат оладиган обдаста бор экан.

Олдиларида ўтирсам, эшик тақиллади. У зот:

“Ҳой қиз, чиқиб қарачи ким экан?” дедилар. Қиз:

“Муҳаммад ибн Сулаймоннинг элчиси экан” деди.

“Унга айт, бир ўзи кирсин” дедилар устоз.

Кейин элчи кириб, қўлидаги мактубни узатди. У зот менга “Ўқи!” дедилар. Унда шундай деб ёзилган эди: “Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Муҳаммад ибн Сулаймондан Ҳаммод ибн Саламага. Аммо баъд. Аллоҳ таоло Ўзининг дўстлари ва тоати аҳлининг тонгини хайрли қилганидек, сизнинг ҳам тонгингизни хайрли қилсин! Бир масала чиқиб қолди. Олдимизга келсангиз, ўша масаланинг жавобини сиздан сўрасак. Вассалом”.

“Ҳой қиз, сиёҳ ва қалам олиб кел” дедилар. Кейин менга:

“Мактубнинг орқасини ўгир ва: “Аммо баъд. Аллоҳ таоло Ўзининг дўстлари ва тоати аҳлининг тонгини хайрли қилганидек, сенинг ҳам тонгингни хайрли қилсин! Биз уламоларни бирорта одамнинг олдига бормаганларини кўрдик. Агар бирор масала чиқиб қолган бўлса, ўзинг олдимизга келиб, сўрайдиган нарсангни сўра. Агар келмоқчи бўлсанг, бир ўзинг кел. Отинг ва аскарларинг билан келма. Акс ҳолда, сенга ҳам, ўзимга ҳам насиҳат қилмайман” деб ёз!” дедилар.

Бироз вақт ўтиб яна эшик тақиллади.

“Ҳой қиз, чиқиб қарачи, ким экан?” дедилар. Қиз:

“Муҳаммад ибн Сулаймон экан” деди.

“Унга айт, бир ўзи кирсин” дедилар у зот.

Кейин у кириб, салом бергач, устознинг олдиларига ўтирди. У зотга қараб: “Нега мен сизга қарасам, ичим қўрқувга тўлади?” деб сўради. Шунда имом бундай дедилар: “Мен Собит Бунонийдан эшитганман, у Анас ибн Моликдан эшитган, у эса: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Агар олим ўз илми билан Аллоҳ азза ва жалланинг розилигини ирода қилса, ундан ҳамма нарса қўрқади. Агар у (илми) билан бойлик тўплашни ирода қилса, унинг ўзи ҳамма нарсадан қўрқади” деяётганларини эшитганман” деган”.

Шунда Муҳаммад: “Мана бу қирқ минг дирҳамни олиб, ўзингизга ишлатмайсизми?” деди. Устоз: “Буни кимлардан олиб зулм қилган бўлсанг, ўша инсонларга қайтариб бер!” дедилар. Муҳаммад: “Аллоҳга қасамки, мен мерос қилиб олган пулларимдан сизга беряпман” деди. Имом: “Менинг бунга эҳтиёжим йўқ. Буларни мендан нари қил, Аллоҳ таоло гуноҳларингни кечирсин!” дедилар. Муҳаммад: “У ҳолда (фақирларга) бўлиб берарсиз” деди. Устоз: “Эҳтимол мен уни тақсимлашда адолат қиларман. Аммо шу пулдан насиба тегмаганлар “Адолат қилмади” дейишади. Буни кўзимдан нари қил, Аллоҳ таоло гуноҳларингни кечирсин!” деб, дирҳамларни олмадилар”.

 

Ҳоний Ҳожининг “Солиҳлар ва солиҳалар,

зоҳидлар ва зоҳидалар ҳаётидан минг бир қисса”

китобидан Нозимжон Иминжонов таржимаси

2465 марта ўқилди

Мақолалар

Top