Мақолалар

Биз нега хотиржаммиз?!

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари адолат, ҳалоллик, ихлос, муҳаббат, итоат, солиҳ амалларга шошилишда барчага намуна эдилар. Уларнинг ҳар бирлари йўлчи юлдуз ҳисобланадилар. Исломга бўлган фидоийликлари, рағбатлари жуда кучли эди. Ҳаётларини ўқиган инсон баъзан “Шулар ҳам инсон бўлганмикин?!” деб ҳайратини яширолмайди.

Саҳобаларнинг ҳаётларини ўрганган инсон уларнинг ҳар бирлари қайсидир фазилатли амалда машҳур бўлганларини кўриши мумкин. Масалан, Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу мулойимлик, ихлос, саховат ва фидоийликда, Умар розияллоҳу анҳу адолат ва ҳақни баралла айтишда, Усмон розияллоҳу анҳу ҳаё, иффатда, Али розияллоҳу анҳу илму ҳикматда, Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу саховат, инфоқда, бошқа саҳобалар ҳам турли фазилатларда машҳур бўлганлар. Уларнинг ораларида ўн нафарлари борки, булар тириклигида жаннатга киришини эшитган бахтиёр инсонлардир. Улар қуйидагилардир:

  • Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу.
  • Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу.
  • Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу.
  • Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу.
  • Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу.
  • Талҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳу.
  • Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу.
  • Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу.
  • Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу.
  • Саид ибн Зайд розияллоҳу анҳу.

Ушбу зотлар мазкур хушхабарни эшитганларидан сўнг солиҳ амалларга янада кўпроқ эътибор беришган. Ибодатлардаги ихлосни, молу дунёдан инфоқ қилишни, етимларга ғамхўрлик кўрсатишни ва ҳоказо амалларни янада кучайтиришган.

Бизчи?

Бизга “Ўлим чоғида осон жон берасан” деб бирор киши айтдими?

Қабр азобидан қутилиб қолишимз ҳақида хушхабар келдими?

Ҳисоб-китоблардан эсон-омон ўтиб олишимиз ҳақида айтилдими?

 Жаннатга киришимиз ҳақида бирор киши хабар бердими?

Мазкур саҳобаларга келган хушхабар бизга келмади, тўғрими?

Нега унда хотиржаммиз?! Нега солиҳ амалларга шошилмаймиз? Нимамизга ишоняпмиз? Авлиёлар ҳам хотималаридан қўрқиб яшашган. Қандай жон бераркинман, калимамни айта олармиканман, руҳим танамдан осон чиқиб кетармикин деган қўрқувда бўлишган.

Бизнинг нимамиз бор? Иймонимиз бор! Иймон у зотларда ҳам бўлган, аммо қўрқишган. Ибодатларини ихлос билан адо этган бўлсалар-да, амалларим қабул бўлармикин деб қўрқишган.

Бизчи? Биз ҳам намоз ўқиймиз-у, хаёлимиз бозорда, пулда, ҳисоб-китобда. Яна худди ҳаммаёқни дўндириб қўйгандек хотиржаммиз. Одамлардан олган қарзларимиз бор. Шу ҳолимизда ўлиб қолсак нима бўлади? Уларни ким тўлайди? Фарзандларимизми? Қарзингизни улар тўлашига кафолат борми?! Агар улар ҳам тўламасачи?! Унда нима бўлади? Кимга қийин бўлади? Сизга, бизга, албатта!

Нега дунёга алданиб юрибмиз?! Ким дунёга устун бўлди?! Ким қолди бу зийнатли дунёда?! 100 йил олдинги одамлар қани?! 100 йилдан кейин сиз қаерда бўласиз?! Нега шуларни билиб туриб ҳам ибодатларга шошилмайсиз?! Қарзларни қайтаришга уринмайсиз?! Қазо намозларни ўқишга, қазо бўлган рўзаларни тутишга бел боғламайсиз?!

Азизлар, кўзимизни очайлик! Ҳаракатимизни қилайлик! Умр қисқа, ўлим ҳақ! Ўлим келганда довдираб қолмаслик, уни гўзал ва хурсанд ҳолда кутиб олиш учун тайёргарлик кўрайлик!

Аллоҳ таоло бизни кечирсин! Ибодатга бўлган ғайрату ҳимматимизни зиёда қилсин! Хотимамизни, оқибатимизни гўзал айласин!

 

Нозимжон Иминжонов

2660 марта ўқилди
Другие материалы в этой категории: « Шайтонга мағлуб бўлманг! Сиз яхши инсонмисиз? »

Мақолалар

Top