Мақолалар

Ислом – меҳр-оқибат дини

Динимиз ўзаро меҳр-оқибат устига қурилган. Аллоҳ таоло Қуръони каримда:

وَتَعَاوَنُوا عَلَى الْبِرِّ وَالتَّقْوَىٰ ۖ وَلَا تَعَاوَنُوا عَلَى الْإِثْمِ وَالْعُدْوَانِ

Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилинг”(Моида 2), деб марҳамат қилган.

Динимиз инсонларга кўмаклашишни ва уларнинг оғирини енгил қилишни тоат-ибодат даражасига кўтарди. Хусусан, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

والله في عون العبد ما كان العبد في عون أخيه

Агар банда биродарига кўмаклашадиган бўлса, Аллоҳ таоло унга ўзи кўмакчи бўлади”, деганлар (Имом Муслим).

Динимизнинг бу кўрсатмаси риоясини ўтмишда ўтган салафларимиз ўзларининг ҳаётларига татбиқ қилганлар. Абу Бакр розияллоҳу анҳу халифа бўлишларидан аввал ёрдамга муҳтожларнинг хизматларида қоим бўлар, қаровсиз қолган кишиларнинг уй юмушлари қарашиш, қўйларини соғиб бериш, таомларини тайёрлаб беришга одатланган эдилар. Халифа этиб тайинланганларидан кейин ўша кўмакка муҳтожлардан бири ташвишга тушиб ”Абу Бакр Сиддиқ халифа бўлдилар, энди бизга ёрдам беришга вақт ажратолмайдилар”, деб хаёл қилган эди. Эртаси куни тонг чоғида эшиги тақиллаб қолди. Ҳалиги кишининг қизчаси бор эди. Қизчасига: “Бориб қара, эшикни ким тақиллатяпти”, деди. Қизи эшикни очиб қараса, қаршисида халифа турар эдилар. Қизи хурсанд бўлиб кетиб: “Қўйларимизни соғиб берадган киши келибди, деб бақириб юборди. Халифа келибди эмас, балки қўйларимизни соғиб берадиган гўё хизматчимиз келибди деб хурсанд бўлиб кетган эди. Абу Бакр розияллоҳу анҳу ўша хизматларини халифа бўлганларидан кейин хам давом эттирдилар.

Ҳасан Басрий раҳматуллоҳу алайҳ шогирдларидан бир гуруҳини бошқа шаҳарда яшайдиган бир кишини ҳожатини раво қилиш учун жўнатмоқчи бўлдилар ва “Собит Баноийни ўзингиз билан бирга олинглар, у ана шу ишда сизларга ёрдамчи бўлсин” дедилар.

Баноийнинг ҳузурига борсалар у масжидда эътикофда ўтирган экан. Ҳасан Басрийнинг амрини у кишига етказганларида у: “Бориб айтинг, мен эътикофда ўтирибман, бу хизматни қила олмайман”, деди. Бу хабарни Ҳасан Басрийга етказганларида: “Бориб унга айтинг, билсинки, бир биродарининг ҳожатини чиқариш учун босилган қадамнинг савоби нафл ҳажнинг савобидан ҳам кўра афзалдир”, дедилар.

Ибн Умар шу хусусда: “Бир мўминнинг ҳожатини чиқаришим мен учун Масжидул Ҳаромда эътикоф ўтириб, бир ой рўза тутишдан маҳбубдир”, деган эканлар.

Биз ҳам ён-атрофимизга назар солайлик, бизнинг ёрдамимизга, меҳр-муруватимизга муҳтож инсонлар бордир. Ғафлатда қолмайлик, ушбу ажрлардан баҳраманд бўлишга ҳаракат қилайлик. Хусусан, бугунги кунда юртбошимиз раҳбарлигида олиб борилаётган ислоҳотлар ҳам ижтимоий тарафдан ҳимояланмаган  кишиларга, кам таъминланган оилаларга моддий-маънавий қўллаб-қувватлашга қаратилганини кўришимиз мумкин. Мисол ўрнида “Вақф” хайрия жамғармаси ана шундай хайрли ишлар билан шуғулланиб, кўплаб инсонларнинг хонадонларига хурсандчилик олиб кираётганини айтиш мумкин.

Аллоҳ таоло барчамизни ана шундай хайрли ишларда бардавом айласин.

Муллабоев А.Қ

Мунавварқори жоме масжиди имом-хатиби

3021 марта ўқилди

Мақолалар

Top