Мақолалар

Истиқлол шукронаси

Мамлакатимизнинг истиқлолга эришуви халкимизнинг азалий орзу истаклари бўлган. Бугун шундай улуғ кунга етишган эканмиз бунёдкорлик тараққиёт йўлидан адашмай дадил келажак сари интилмоқдамиз. Бинобарин ҳозирги кунда жамиятимизнинг иктисодий, маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий ва саноат ишлаб чиқариш каби турли соҳаларда ривожланишлар катта. Бу эса тараққиётнинг «Ўзбек модели» нақадар пухта ва инсон манфаати, фаровон ҳаёти учун йўналтирилганининг тўла исботидир.

Истиқлол туфайли юртимизда барча таълим соҳасига ҳам алоҳида эътибор берилди. Ёшларимиз учун илм масканлари очилиб, барча шароитлар яратилди.

Шунингдек диний маърифий  соҳада ҳам кенг имкониятлар яратилди. Бу йўналишда мустақиллик йилларининг ҳар бир кунига солномалар битса арзийди.

Мустақилликдан илгари вилоятимизда 4 тагина масжид бўлган бўлса, бугунги кунда 198 та масжид фаолият кўрсатиб, барчаси замон талабига мувофиқ мўъмин-мусулмонларга хизмат қилмоқда. Барча масжид имом-хатиблари диний ўқув юртларини битирган бундан ташқари халқимиз ва миллатимзнинг онгу шуури маънавий илмий мероси асосчилари бўлган юртимиздан етишиб чиққан мутафаккир алломаларимиз ҳакиму авлиёларимизнинг юбилейлари муҳтарам Юртбошимиз ташаббуслари билан халқаро миқиёсида тантанали равишда нишонланмокда. Мен ғурур ва ифтихор билан эътироф этаманки қомусий олим ғарбда “Алфраганус” номи билан машҳур Аҳмад Фарғоний, Ислом оламида муҳаддислар султони деб шарафланган Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий, Фиқҳ илмининг улуғ имоми Али ибн Абдужалил Бурҳониддин Марғиноний Калом илмининг асосчиси “Имамул-Ҳуда” номи билан улуғланган Абу Мансур Мотуридий, валийлик денгизининг марвариди бўлган Баҳоуддин Нақшбанд каби ўнлаб олим фузалоларимизнинг таваллуд саналари муносабати билан улар қолдирган бой маънавий-илмий асарлар қайта-қайта нашр этилмоқда. Уларнинг ҳоки пойлари мангу қўним топган қадамжолар қайта тикланди, таъмирланиб зиёратгоҳларга айлантирилмоқда. Вилоятимизнинг ўзида табаррук масканлардан Ҳазрат Али Шоҳимардон, Хўжамназар Ғоибназар ўғли Ҳувайдо, Зиёвуддин тўра Хазиний, Биби Убайда, Пошшопирим каби мутафаккир ва авлиёларимизнинг тарихан мавжуд меъморий мажмуа ва обидалари қайта тикланиб таъмирланди. Энг муҳими улар тўғрисида асоссиз равишда бузиб тарғиб этилган тарихий ҳақиқатлар илмий жиҳатдан холисона тадқиқ этилди.

Бундай залворли меҳнат ва ютуқлар халқимизнинг эртанги кунга ишонч, энг асосийси ёшларимизнинг баркамол авлод этиб тарбиялашимизда маънавий ва маданий озуқа бўлиб, ҳал этувчи омиллардан биридир. Зероки, бугунги таҳликали, ахборот алмашинуви изчил бўлган глобаллашув даврида маънавий-маърифий ишларни янада ривожлантириш, миллий ўзликни англашдек масъулиятли вазифа ҳар биримизнинг фуқаролик бурчимиздир.     

Мен истиқлол шарофати билан эришган ютуқларимизни ўз соҳам мисолида баҳоли қудрат камтарона битдим холос. Қувонарлиси шуки халқимизда Ватан тақдири билан ўз тақдирида дахлдорлик ҳисси ва масъулияти шаклланди. Бу эса маънавий-маърифий ишларимизнинг улкан самарасидир.

Юртбошимизнинг фармонлари билан Тошкент  Ислом университети ташкил этилиши айниқса, катта тарихий воқеа бўлди. Диёримиз мусулмонларининг Ҳаж ва Умра ибодатларини эмин эркин адо этиб келмокдалар. Бу борада ҳажга борувчилар учун яратилган қулайликлар барчаси Мустақиллигимиз шарофати эканини билмоғимиз зарур.

Биз Мустакиллик неъматини авайлаб асрашимиз, кўз қорачиғидек эҳтиёт қилишимиз керак. Зеро, Аллоҳ таоло муборак каломида “Мен берган неъматга шукр қилсаларингиз неъматимни кўпайтириб бераман”, деган муборак каломига мувофиқ доимо ҳушёр доимо шукр қилиб, бу неъматни қадрига етайлик.

 

Т. Эрбўтаев,

Фарғона вилоят бош имом-хатиби

5446 марта ўқилди
Мавзулар

Мақолалар

Top