Мақолалар

Фирибгарнинг юзи – икки дунёда шувут

Ёмонликдан қайтариш 

Шу йил 9 январь куни Президентимиз “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига жамоат тартибини таъминлаш механизмларини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунни имзолади.

Мазкур ҳужжат маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ҳамда жиноят кодексларига тиланчилик учун жазо белгилашга оид ўзгариш киритди. Эндиликда пул, озиқ-овқат маҳсулотлари ва бошқа моддий қимматликлар беришни фаол тарзда сўраб, тиланчилик билан шуғулланиш жавобгарликка тортишга асос бўлади.

– Ушбу қонунга биноан жамоат жойларида тиланчилик қилганлик учун 2 хил: маъмурий ва жиноий жазо қўлланилади, – дейди ҳуқуқшунос Хушнудбек ХУДОЙБЕРДИЕВ. – Хусусан, биринчи марта содир этганлик учун энг кам иш ҳақининг 1 бараваридан 3 бараваригача миқдорда жарима солишга ёки 15 суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади. Агар шахс тиланчиликни давом эттирса, унга иккинчи марта жиноий жазо берилади. Бунда шахсга 240 соатгача мажбурий жамоат ишлари, 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари, бир йилгача озодликни чеклаш ёки бўлмаса бир йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Тиланчилик катта-кичик урушлар, парокандалик, қурғоқчиликлардан қолган асорат. Аммо бугунги тинч, фаровон замонда унинг моҳияти ўзгартиргандек. Яъни бир вақтлар уятли ҳисобланган, мажбурликдан қилинган бу ишни ҳозирда айрим фирибгарлар пул топиш манбайи деб қарамоқдалар.

“Қонунга кўра, нафақат тиланчилар, балки ўзга шахсларни тиланчиликка жалб қилган шахслар ҳам жавобгарликка тортилади. Уларнинг жазоси тиланчиларникидан оғирроқдир. Жумладан, вояга етмаган, кекса ёшдаги ва руҳий касалликлари, ногиронлиги бўлган ҳамда бошқа шахсларни (“исталган кишини”) тиланчиликка жалб қилиш мумкин эмас. Шунингдек, шахсларга алкоголли ичимликларни ёхуд гиёҳвандлик моддалари ёки психотроп моддалар бўлмаган, лекин шахснинг ақл-идрокига таъсир кўрсатувчи моддаларни мажбуран истеъмол қилдирган ҳолда уларни тиланчилик қилишга жалб этиш оғир жиноий жавобгарликка тортишга асос бўлади”, – дейди ҳуқуқшунос.

Аҳоли гавжум жойлар, жамоат транспорти, масжидлар ёнида тиланчиликни “касб” қилган тўрт мучаси соғлом, ишласа ўзи тугул катта рўзғорни тебратиш қобилиятига эга эркаклар, оддий тикиш-бичиш ҳунари орқали ёки бирор жойда фаррошлик қилиб бўлса-да кундалик эҳтиёжини қоплаши мумкин бўлган аёлларнинг борлиги ачинарли ҳолат.

Айниқса, ёш боласи билан тиланчилик қилаётган аёллар нури дийдасининг тарбияси бузулишига, соғлигига жиддий зарар етишга сабабчи бўлаётгани ачинарли ҳол. Бунинг устига болаларда носоғлом муҳит таъсирида ёлғончилик, кишилар олдида ўзини ночор сезиш, бировнинг ҳисобига яшаш каби иллатлар шаклланишига замин яратмоқдалар.

– Тиланчилик қилиш боқувчиси бўлмаган, кишилардан бирор нарса сўрашдан бошқа иш қўлидан келмайдиган кишилар учун ҳалол, аммо унинг ҳам чегараси бор, – дейди Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво бўлими бошлиғи Ҳомидбек ИШМАТБЕКОВ. – Яъни бу меъёр – бир кунлик ейиш-ичиш эҳтиёжини қондирадиган миқдордаги нарса топгунгача бўлган вақт. Ундан ортиғи ҳаром саналади. Эртанги кунга ҳам биратўла бугун топиб қўяй, дейилмайди. Кейинги кун Худо куч-қувват берса ёки бирор йўл кўрсатса, албатта, ишлаши, мабодо ҳеч иши ўхшамай, бошқа йўли қолмаса – яна кундалик эҳтиёжи учун тиланчиликка чиқиши мумкин. Мискин бўлиб, тирикчилигим шундан, дея шу ишга муккасидан кетиш фирибгарликдир. Бундайларнинг юзи икки дунёда шувут бўлади. Била туриб бу ишни қилиш очиқ-ойдин хорликдир. Ўзини майиб-мажруҳ кўрсатиб, гадой, тиланчи қиёфасига солиш ҳам айни товламачиликнинг бир тури. Динимиз бундан қатъий қайтаради.

Аллоҳ таоло Ўз Каломида садақа олишга ҳақли бўлган кишиларни баён қилган: “Албатта, садақалар фақирларга, мискинларга, садақа ишида ишловчиларга, кўнгилларини улфат қилинадиганларга, қул озод қилишга, қарздорларга, Аллоҳнинг йўлига ва йўл ўғлиларига берилиши Аллоҳ томонидан фарз қилингандир. Аллоҳ билгувчи ва ҳикматли зотдир” (Тавба сураси, 60-оят).

Ислом дини меҳнатга ярамайдиган, иши бору, ундан оладиган даромади эҳтиёжига етмайдиган, иш тополмаган кишиларга раҳнамолик қилишга чақиради.

Шариатимизда тиланчи отда келса, ҳатто қўлида тилласи бўлса ҳам садақа беришга тарғиб қилинади. Бунинг учун саховатли инсон савоб олади. Аммо садақа сўраган кишининг фирибгарлиги, алдаб одамларнинг пулини еяётгани аён бўлса, унга ҳеч нарса бермаслик керак. Сабаби бу орқали у текинхўрлик, дангасаликка одатланади.

Динимиз ризқ-насибани ўз меҳнати билан топишга буюради. Ўтган Пайғамбарлар ва набийлар, хотамул анбиё Муҳаммад алайҳиссалом ўз меҳнати орқали турмуш кечириб, уматларига ўрнак бўлганлар.

Дангасалик, ишёқмаслик, текинхўрлик мусулмон кишига ёт ҳолат. Динимиз ялқовлик, бировга қарам бўлишдан буткул қайтаради.

“Киши ризқланадиган энг ширин таом, ўз касби орқали еганидир”, дейилади ҳадиси шарифда (Имом Аҳмад ривояти).

Мўмин банданинг ўз меҳнати билан ҳалол ризқ топиши нафақат ўзи, балки оила аъзоларини ҳам икки дунё саодатига элтади.

Баҳриддин ХУШБОҚОВ

 тайёрлади.

 

2780 марта ўқилди

Мақолалар

Top