Мақолалар

Ким бошқалардаги оғриқни ҳис қилса...

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:

«Ким бир мўминдан дунё ғамини аритса, Оллоҳ ундан қиёмат куни ғамини аритади. Ким қийналганга ёрдам берса, Оллоҳ унга дунё-ю охиратда ёрдам беради. Ким бир мусулмоннинг айбини яширса, Оллоҳ уни дунёю охиратда сатр қилади, айбларини яширади. Банда модомики биродарига ёрдам берар экан, Оллоҳ унга ёрдам бераверади». (Муслим ривояти).

Динимизда инсонлар бир-бирига моддий ва маънавий ёрдам беришининг савоби жуда улуғдир. Бу билан жамиятда ўзаро меҳр, муҳаббат, самимийлик ва инсонийлик каби фазиллатлар тарқалиб, нафрат, адоват, ҳасад каби иллатлар барҳам топади.

Бир ҳикояча келтирсак: “Масхарабоз биргина ўғлини дафн этгач, циркка етиб келиб, саҳнага чиқди. Томошабинлар уни кулиб кутиб олдилар. Қўлида тупроқ қолдиқлари қолганди. Ўшани қоқиб ташлади. Томошабинлар янада баландроқ овозда кулдилар. Ўғлининг вафотидан ва томошабинлар уни ҳис қилмаётганидан таъсирланган масхарабоз хўнграб йиғлаб юборди, яна ҳар тарафдан кулгу садолари эшитилди. Мана шу пайт унинг жони узилиб саҳнага йиқилди. Ҳамма ўрнидан туриб, қарсаклар билан олқишлади”.  

Ҳа, азизлар, ҳикоя шундай якун топди. Одамларни кулдиришга, хурсанд қилишга одатланиб қолганингда, улар сенинг ичингдаги оғриқ ва аламларни сезмайдилар.

Ҳикматларда шундай дейилган: “Агар ўзингдаги оғриқни ҳис қилсанг, демак, тириксан. Агар бошқалардаги оғриқни ҳис қилсанг, демак, инсонсан”.

Одамларнинг оғриқларини ҳис этишга, уларга ёрдам беришга, тасалли билан кўнгилларини кўтаришга ва оғирларини енгил қилишга уринайлик!

 

Нозимжон Иминжонов тайёрлади

3060 марта ўқилди

Мақолалар

Top