Мақолалар

Эркакларнинг соч олдириши ҳақида

Савол: Ҳозирги кунда кўпчилик ёш йигитлар орасида сочининг икки ён томонини олдириб, тепа қисмини қолдириш мода бўлган. Баъзилар бундай қилиш жоизмас дейишяпти. Динимизда бу жоиз эмасми?

Жавоб:  Эркак киши сочини баъзи жойларини олиб, баъзи жойларини қолдириши араб тилида – “қазаъ”, дейилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундан қайтарганлар.

عَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِىَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ " أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ نهَى عَن القَزَعِ ". قَالَ عُبَيْدُ الله: قُلْتُ لِنَافِعٍ: "مَا القَزَعُ؟" قَالَ: "حَلْقُ بَعْضَ رَأسِ الصَّبِيِّ ، وَيُتْركَ بَعْضٌ". مُتَّفق عَلَيْهِ .

Бу ҳақда Нофеъдан ривоят қилинади: “Ибн Умар розияллоҳу анҳу: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қазаъдан қайтардилар”, деган”, деди. (Ҳадисни ровийси) Убайдуллоҳ айтади: “Мен Нофеъдан: “Қазаъ нима?”, деб сўрадим. Шунда Нофеъ "У – ёш боланинг сочини баъзи жойларини олиб, баъзи жойларини ўз ҳолича қолдириш", деди (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Уламолар ҳадисда зикр қилинган тарзда соч олдириш макруҳ эканига иттифоқ қилишган. Ҳадислардаги қайтариқ ёш болалар ва катталарга баробар эканини таъкидлашган.

Имом Нававий роҳимаҳуллоҳ “қазаъ”нинг шариатда нима учун манъ қилингани борасида уламолар турлича фикр билдирганларига ишора қилиб, бундай деган:

وَالْحِكْمَةُ فِى كَرَاهَتِهِ أَنَّهُ تَشْوِيْهٌ لِلْخَلْقِ وَقِيْلَ لِأَنَّهُ أَذى الشَّرِّ وَالشَّطَارَةِ وَقِيْلَ لِأَنَّهُ زَيُّ اليَهُودِ

“Сочни баъзи жойларини олиб, баъзи жойларини қолдириш макруҳ эканининг ҳикмати шуки, у яратилган ташқи қиёфани бузиш ҳисобланади. Баъзилар: у айёр ва ёмон одамларнинг азият беришига ўхшашлиги учун манъ этилган, дейишган. Яна баъзи аҳли илмлар эса: Унда яҳудийларнинг ташқи кўринишига ўхшашлик бўлгани учун мумкин эмас, деганлар” (Манба: “ал-Минҳож шарҳу Саҳиҳи Муслим ибн Ҳажжож”).

Соч олдиришда ҳаммасини бирдек қолдириш ёки бирдек олдириш керак. Ҳатто Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам инсон танасининг ярми сояда, ярми қуёш нурида бўлиб ўтиришдан ҳам қайтариб: “Танасининг ҳаммаси сояда ёки ҳаммаси қуёш нурида ўтирсин”, деганлар.

Демак, сочни олдирганда ёки қисқартирганда ҳар тарафидан бир хил қилиб калталатиш мақсадга мувофиқдир. Минг афсуски, ҳозирги кунда баъзи ёшларимиз ўртасида ғарбда кенг тарқалган одатларга эргашган ҳолда, сочнинг бир қисмини бутунлай олдириб, бир қисмини эса қолдириш урф бўлмоқда. Мусулмон киши бундан эҳтиёт бўлиши лозим. Валлоҳу аълам.

 

ЎМИ фатво ҳайъати

565 марта ўқилди

Мақолалар

Top