Мақолалар

Айб кимда?

Эр аёлининг эшитиш қобилияти пасайиб бораётганидан хавотирда эди. Бир куни шифокорга бориб, маслаҳат сўради. Табиб унга: “Ҳар бир муаммонинг ечими бор. Ҳолатни яхшироқ англашимиз учун бир тажриба ўтказиб кўрайлик. Уйингизга боринг-да, аёлингиздан қирқ метр узоқликда туриб, оддий овозда унга гапириб кўринг. Агар у сизга жавоб қайтармаса, ўн метр олдинга сурилиб, гапириб кўринг. Агар яна жавоб бермаса, орадаги масофани яна ўн метр қисқартириб, гапириб кўринг. Бордию аёлингиз шунда ҳам жавоб қайтармаса, унга яна ўн метр яқинлашинг-да, гапириб кўринг” деди.

Эр уйига келиб, қараса, аёли ошхонада экан. Аёлидан қирқ метр узоқликда туриб: “Хоним, бугун кечга нима овқат қиляпсиз?” деб сўради. Аёл жавоб бермади. Эр яна яқинлашиб, “Хоним, бугун кечга нима овқат қиляпсиз?” деб сўради. Аёли яна жим. Эр яна ўн метр олдинга сурилиб, аёлидан: “Хоним, бугун кечга нима овқат қиляпсиз?” деб сўради. Негадир аёл яна жавоб бермади. Эр асабийлашиб, яна олдинга сурилди ва юқоридаги саволини такрорлади. Аёли ҳам индамасди. Охири эр аёлининг ёнига келиб, баланд овозда “Хоним, бугун кечга нима овқат қиляпсиз?” деб сўради. Аёлнинг ҳам аччиғи келиб, “Сизга бешинчи марта айтяпман: “Товуқ пиширяпман” деди”.

Ҳа, азизлар! Муаммо эркакда эди. Унинг ўзи эшитмаётганди. Бизда ҳам бундай ҳолат тез-тез учраб туради. Ўзимизда айб бўла туриб, негадир ўша айбни бошқалардан излаймиз. Ўзимизники эса кўзимизга кўринмайди.

Азизлар, аввало ўзимизни тузатишга, ислоҳ қилишга уринайлик! Ҳар бир одам ўзини тузатишга уринса, аввал оилалар, кейин маҳалла, туман, вилоят ва охирида бутун юрт, жамият ислоҳ бўлади.

 

“Вазиятларни бошқариш санъати” китобидан

Нозимжон Иминжонов таржимаси

457 марта ўқилди

Мақолалар

Top