Версия для печати

Мақолалар

Дўстингиз хақида яхши гумонда бўлинг!

Толҳа ибн Абдурроҳман ибн Авф ўз замонасида Қурайшнинг энг саховатли кишиси эди.

 Бир куни унга хотини:

 - "Сизнинг биродарларингиздек пасткаш инсонларни кўрмаганман” - деди.

 У:

 - Нима учун бундай деяпсан?” - деди.

 Хотини:

- Агар сиз бойиб кетсангиз, улар сиздан ажралишмайди, агар сиз камбағал бўлиб қолсангиз, (хабар олиб) келишмайди” - деди.

Толҳа хотинига қараб:

 - Аллоҳга қасамки, бу уларнинг мукаррам хулқ соҳиблари эканидандир. Уларга саховат кўрсатишга имконимиз бор пайтда келишади, агар уларнинг ҳаққини адо қилишдан ожиз бўлиб қолсак, (бизни безовта қилиб, хижолатга қўймаслик учун) келишмайди” - деб жавоб берди.

Имом Мовардий ушбу қиссага қўшимча қилиб шундай дейди:

 - Унинг олийжаноблик билан қилган таъвилини қаранг! Биродарларининг хунук ишларидан яхшиликни гумон қиляпти, хиёнатларини эса вафо деб таъвил қиляпти. Аллоҳга қасамки, бу – соғлом қалбнинг дунёда роҳат, охиратда эса муваффақият эканига далолат қилади. Бу ҳам жаннатга кириш сабабларидан биридир!!!

 

Салаф солиҳлардан бири:

“Агар дўстларимдан бирининг соқолидан хамр (яъни вино) томиб турганини кўрсам, унга сепиб юборилгандир, деб ўйлайман, агар унинг тоғнинг тепасида туриб олиб: “أَنَا رَبُّكُمُ الْأَعْلَى” (яъни, мен сизларнинг олий Роббингизман), деётганини кўрсам, Қуръон оятини ўқиётган бўлса керак, деб гумон қиламан.” - деган экан. 

 

Уламолар айтадилар:

 “Аллоҳга қасамки, бандага ўзининг амалидаги ниятини билиши қийинку, қандай қилиб у халойиқнинг ниятини билишга имкон топа олади?”.

 

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу айтганлар: 

“Биродаринг оғзидан чиққан сўздан бирорта яхшиликни гумон қилишга имконинг бўлса, у сўздан ёмонликни гумон қилмагин!”.

 

Ибн Сийрин роҳматуллоҳи алайҳи айтганлар: 

“Биродаринг ҳақида бирон нарса эшитсанг, унинг узрини қидир. Агар унга узр топа олмасанг, “Балки мен билмайдиган узри бордир” - дегин”.

3136 марта ўқилди