Мақолалар

Тақвонинг ҳақиқий синови

Инсон табиатида гуноҳ, хато ишларни омма олдида қилишдан уялиш ҳисси бор. Шунинг учун у гуноҳларни беркитиб қилишга, бирор киши билиб қолмаслиги учун яширишга уринади. Кўп инсонлар одамларнинг олдида ўзларини гуноҳлардан тиядилар. Чунки уларнинг кўзида ёмон инсон сифатида гавдаланиб қолишдан, уларнинг ўзларига бўлган ишончлари йўқолишидан қўрқиб шундай қиладилар. Шу боисдан ҳам инсоннинг тақвоси қай даражада эканлиги ҳамманинг ичида турганида эмас, ёлғиз ўзи холи қолганида аниқланади. Омма олдида ўзини тақволи тутиш кўпчиликнинг қўлидан келади. Аммо холи қолганда тақволи бўлиш жуда кам сонли инсонлар эришган бахтдир.

Хўш, тақвонинг ўзи нима?

Тақво – Аллоҳ таолонинг буюрганини қилиб, қайтарганидан қайтишдир.

Агар инсон ҳамманинг ичида турганда ҳам, ёлғиз ўзи ўтирганда ҳам ҳаромга боқмаса, ҳаром иш қилмаса, гуноҳларга қўл урмаса, ибодатларни вақтида адо этса, чинакам тақволи ҳисобланади.

Бунинг учун нима қилишимиз керак? 

Бунинг учун Аллоҳ таоло доим бизни кузатиб турганини, У Зот бизга ҳаммадан яқин эканини ҳис қилишимиз керак! У Зот Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган:

 

وَلَقَدْ خَلَقْنَا الْإِنسَانَ وَنَعْلَمُ مَا تُوَسْوِسُ بِهِ نَفْسُهُ وَنَحْنُ أَقْرَبُ إِلَيْهِ مِنْ حَبْلِ الْوَرِيدِ

“Албатта, инсонни Биз яратганмиз ва унинг нафси нимани васваса қилишини ҳам биламиз. Ва Биз унга жон томиридан ҳам яқинмиз” (Қоф сураси, 16-оят).

Ҳа, У Зот бизга яқин, қаерда турган бўлсак ҳам бизни эшитиб, кўриб туради. Масжидда, бозорда, ишхонада, кўчада, ошхонада, ҳовлида, тўйда, мотам маросимларида, хуллас, ҳамма жойда бизнинг амалларимиз ва сўзларимизни ҳисоб-китоб қилиб туради. Роббимиз Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган:

مَا يَلْفِظُ مِن قَوْلٍ إِلَّا لَدَيْهِ رَقِيبٌ عَتِيدٌ

“У бирор сўз айтмас, магар ҳузурида (фаришта) ҳозиру нозир” (Қоф сураси, 18-оят).

Агар инсон Аллоҳ таоло уни кузатиб турганини, қилаётган ишларидан хабардор Зот эканини ҳис этса, ёлғиз қолганда ҳам ўзини гуноҳдан тиядиган бўлади. Чунки охиратда унга одамлар ёрдам бера олмаслигини, ҳамма бир-биридан қочишини тушуниб етади, шу боис уларнинг орасида турганда ҳам, ёлғиз қолганда ҳам маъсиятга қўл урмайди. Бу ҳақида Аллоҳ таоло Қуръони Каримда бундай марҳамат қилади:

يَوْمَ يَفِرُّ الْمَرْءُ مِنْ أَخِيهِ وَأُمِّهِ وَأَبِيهِ وَصَاحِبَتِهِ وَبَنِيهِ لِكُلِّ امْرِئٍ مِّنْهُمْ يَوْمَئِذٍ شَأْنٌ يُغْنِيهِ

“У кунда киши қочадир; ўз ака-укасидан. Ва онаси ва отасидан. Ва хотини ва бола-чақасидан. У кунда улардан ҳар бир шахсни овора қилувчи ўз иши бор” (Абаса сураси, 34-37-оятлар).

Ёлғиз қолганда гуноҳга қўл урмай, ўзини тийиб туриш осонмас. Аммо тақвонинг ҳақиқий синови мана шу пайтда бўлади: сизни бирорта одам кўрмаётган бўлса ҳам тоатларни бажариб, гуноҳдан қўлингизни тортасизми ёки бирорта одам кўрмаяптику деб маъсиятларга қўл урасизми? 

Ҳозир ҳамманинг қўлида интернетга кира оладиган телефонлар бор. Интернетда эса ҳамма нарсани кўриш имкони бор. Битта тугмани босилса, кифоя. Аммо ўша битта тугмани босмай, Аллоҳдан қўрқиб, тақво қилиб, беҳаё расмлар ва видеоларга кирмай, ўз иффатингизни сақлаб тура олсангиз, демак, сиз ҳақиқий тақво соҳиби экансиз.

Бордию одамлар ичида ўзингизни иффатли тутиб, ёлғиз қолганингизда фаҳш ва гуноҳ иш қилаётган бўлсангиз, у ҳолда қалбингизни ислоҳ қилинг, Аллоҳ таоло сизни кузатиб, шу ишларингиз учун охиратда ҳисобга тутишини асло ёддан чиқарманг!

Инсон авлиё бўлиши – Аллоҳнинг дўсти бўлиши учун тақволи бўлиши керак! Аллоҳ таоло бу ҳақида Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган:

 

أَلا إِنَّ أَوْلِيَاء اللّهِ لاَ خَوْفٌ عَلَيْهِمْ وَلاَ هُمْ يَحْزَنُونَ الَّذِينَ آمَنُواْ وَكَانُواْ يَتَّقُونَ

“Огоҳ бўлингким, Аллоҳнинг дўстларига хавф йўқдир ва улар хафа ҳам бўлмаслар. Улар иймон келтирганлар ва тақво қилганлардир”. (Демак, Аллоҳнинг дўсти бўлиш жуда ҳам осон экан. Бунинг учун аввало, У зотга иймон келтириш; иккинчидан эса, тақводор бўлиш, яъни, Аллоҳнинг айтганини қилиб, қайтарганидан қайтиб яшаш лозим экан. Кимнинг иймонида заррача хато бўлса ёки Аллоҳнинг кўрсатмалари асосида эмас, ўзганинг йўлида ҳаёт кечирса ёхуд ўзи ўзига йўлланма тузиб олса, у одам Аллоҳга дўст бўлиш бахтидан маҳрумдир.) (Юнус сураси, 62-63-оятлар).

Аллоҳ таоло барчамизни чинакам тақволи бандаларидан қилсин! Ҳамманинг ичида турганимизда ҳам, ёлғиз турганимизда ҳам тақвони маҳкам ушлаб, Тўғри Йўлда бардавом бўлишимизни насиб этсин! Омин!

 

Нозимжон Иминжонов тайёрлади

484 марта ўқилди
Другие материалы в этой категории: « Фикр фалсафаси Энг қимматбаҳо маҳр соҳибаси »

Мақолалар

Top