Мақолалар

Танқидни қандай қаршилайсиз?

Ризқ берувчи Холиқ яккаю ягона Аллоҳ таолони ақлсиз тентаклар сўкиб ҳақорат қилишади-ю, сиз ва биз каби осий бандаларни нечук айблашмасин?! Сиз ҳаётингиз давомида шундай аёвсиз курашларга дуч келасиз, уларни таъна-маломат қилганингиздан фойда йўқ. Сиз қанчалар мева бериб, бунёд этиб, таъсирингизни ўтказиб, гуллаб-яшнаган сарингиз, атайин сизни хўрлаб, синдиришни қасд қилувчилар чиқаверади. Сиз то чуқур қазиб ерга кирмагунингизча ёки осмонга шоти қўйиб чиқиб кетмагунингизча ундайлар ҳеч қачон сиз ҳақингизда жим турмайди. Доим улар орасидамисиз, демак, ҳали ёмонлик қилишларини, кўзингиздан ёшлар оқизишларини ва устингизга ахлатлар ағдаришларини кутиб яшанг.
Ерда ўтирган киши ҳеч қачон қуламайди. Одамлар ўлик итни ҳеч ҳам тепмайди. Лекин улардан салоҳият, илм, одоб ёки мол-дунё бобида устун турибсизми, сизга ғазабларини сочишади. Сиз Аллоҳ бераётган ана шундай неъматларни тарк қилиб, барча мақтовга лойиқ хусусиятлардан халос бўлмас ёки ҳеч нарса тушунмайдиган аҳмоқ, синган, эзилган кимсага айланмас экансиз, улар наздида тавбаси йўқ гуноҳкор бўлиб қолаверасиз. Уларнинг хоҳиши бундан бошқача эмас. Демак, одамларнинг танқидига, маломатига қарши Уҳуд тоғи каби мустаҳкам, ҳарсанг тош каби қаттиқ бўлинг. Тош мустаҳкам бўлгани учун ҳам устига ёққан дўллар парчаланиб кетади.
Бордию одамларнинг сўзларига қулоқ тутиб таъсирланадиган бўлсангиз, уларнинг "қимматбаҳо" орзуларини ҳаётингизни барбод этиш эвазига юзага чиқарасиз. Сиз улардан чиройли юз ўгиринг, қилаётган макрларидан ҳам сиқилманг, аҳмоқона танқидлари сиз учун яхшигина таржимаи ҳол бўлсин. Чунки ҳаётидаги вазнингиз, ўрнингиз даражасида таъна-дашномларга қоласиз.
Албатта, сиз ўша маломатчиларнинг оғзини ёпиб тилини боғлаб қўя олмайсиз. Лекин уларнинг танқидларини жим туриш эътиборсизлик ва совуққонлик билан кўмиб ташланг, гап-сўзларини "...Шу аччиқларингиз билан ўлиб кетинг!.." деб тарк қилинг.
Демак, фазилатларингизни кўпайтиришингиз, яхши тарбиянгиз, хатоларини тўғрилашингиз билан уларнинг тилини кеса оласиз. Агар сиз ўзингизни барча бирдай қабул этишини, ҳамма суйишини, айбсиз бўлишини хоҳласангиз, эҳтимолдан йироқ нарсани талаб қилиб, ушалмас орзуларга берилибсиз.

"Ўкинма" китобидан

804 марта ўқилди

Мақолалар

Top