Мақолалар

Балиқ ови

Америкалик тадбиркорлардан бири кексайиб, умри охирлаб қолганда Мексика дарёларидан бирининг бўйидаги ҳашаматли уйида яшар, ҳар куни уйи олдидаги айвонда ўтириб, атрофни томоша қилар, тоза ҳаводан тўйиб нафас олар эди. Лекин унинг эътиборини уйи яқинида балиқ овлайдиган бир киши тортарди. Кекса киши уни кузатар, унинг қайиғи, балиқ тутадиган асбоблари ниҳоятда эски эканини, ёнида овланган балиқлар озгина эканини кўрарди. Бир куни балиқларни сотиб олиш учун овчини ёнига чақирди. Овчи тадбиркорнинг олдига келгач, ундан балиқларни сотиб олди ва: “Шу балиқларни овлаш учун қанча вақт сарфлайсан?” деб сўради.  

“Кўп вақт кетмайди” деди овчи.

“Кўпроқ балиқ овлаш учун нега кўп вақт сарфламайсан?” деб сўради тадбиркор.

“Шу овлаганларим оилам эҳтиёжларига етади” деб жавоб берди овчи.

“Қолган вақтингда нималар билан шуғулланасан?” деб сўради кекса тадбиркор. Бу саволга жавобан овчи шундай деди:

“Етарлича ухлайман, бир муддат балиқ овлайман, фарзандларим билан ўйнайман, вақтимнинг бир қисмини аёлим билан ўтказаман, кечқурунлари дўстларим билан қишлоқни сайр қиламан, улар билан бирга ўтираман, гаплашаман, хуллас, вақтимни шу зайлда ўтказаман”.

Бу гапларни эшитган кекса тадбиркор овчини истеҳзо қилгандек бошини сарак-сарака қилди ва унга: “Сенга баъзи насиҳатларни айтаман. Мен америкалик тадбиркорман.

Аввало, кўп балиқ овлаш учун овга кўп вақт сарфла.

Орадан бироз вақт ўтиб, моддий имкониятингни яхшилаб олганингдан сўнг янги қайиқ сотиб ол.

Моддий томондан аҳволинг анча яхшиланганидан кейин ов учун бир неча қайиқлар сотиб ол.

Кейинчалик сен балиқчилик бўйича каттагина ширкат очиб, унинг раҳбарига айланасан. Энди ўзинг балиқ овлаб ўтирмай, ширкат ходимлари овлаган балиқларни сотувчиларга тарқатиш билан шуғулланасан.

Охирида эса балиқни қайта ишлаш, консервалаш заводини қуриб, заводнинг раҳбарига айланасан, кўп даромадларга эга бўласан. Кейин кичкина қишлоқдан Мексика шаҳрига, у ердан эса Америкага кўчиб борасан. Ана шундай қилиб одамлар бармоғи билан ишора қиладиган миллионерга айланасан. Кўрдингми, дўстим, тўғри фикрлаш қандай бўлади?!” деди.

Овчи бироз жим турди. Кейин кекса тадбиркордан: “Бундай муваффақиятга эришишим учун қанча вақт керак бўлади?” деб сўради.

Тадбиркор: “Ўн беш йилдан йигирма йилгача кетади” деди.

Шунда овчи: “Йигирма йилдан кейин нима бўлади?” деб сўради.

Тадбиркор кулди ва: “Ана энди мавзунинг муҳим жойига етиб келдик. Ўшанда ширкатингни ва барча маҳсулотларингни сотасан. Ана ундан кейин дунёнинг энг бой кишиларидан бирига айланасан. Миллионлаб долларларинг бўлади” деди.  

Соддагина кийиниб олган овчи суҳбатдошининг кўзига тикилиб турди-да, “Миллионлаб долларга эга бўлганимдан кейин нима бўлади?” деб сўради.

Бу саволга кекса тадбиркор: “Табиийки, истеъфога чиқасан. Қолган умрингни дам олиб ўтказасан. Қишлоқдан катта дала ҳовли сотиб оласан-да, ўша ерда аёлинг ва фарзандларинг билан фароғатда яшайсан, аёлинг билан суҳбатлашасан, болаларинг билан ўйнайсан, дўстларинг билан қишлоқ айланиб, сайр қилиб, суҳбатлашиб ўтирасан, шунингдек, кўпроқ ухлаб дам оласан” дея жавоб берди.

Шунда овчи: “Демак, мен ҳозирги яшаб турган ҳаётимни яшашим учун йигирма йил тинмай ишлашим, оилам, фарзандларимга кам вақт ажратишим, чарчашим, соғлигимни йўқотишим керак эканда?! Насиҳатингиз учун раҳмат сизга!” деди-да, уйига жўнаб кетди.  

“Вазиятларни бошқариш санъати” китобидан

Нозимжон Иминжонов таржимаси

4190 марта ўқилди

Мақолалар

Top