Мақолалар

Кўз ёши билан боғлиқ мўъжиза

Олимларнинг “Кўз ёши сирлари ва йиғининг фойдалари” ҳақида олиб борган тадқиқотлари хулосасида айтилишича, йиғи инсондаги баъзи руҳий изтиробларга ижобий таъсир қилиб, тушкунлик ва депрессияга қарши курашда самарали таъсир кўрсатар экан. Шунингдек, кўз ёши кўзни чанг ва бактериялардан тозалайди, юқори ва пастки қовоқларнинг эркин ҳаракатланишига ёрдам беради, кўзни мунтазам намлаб, қуриб қолишининг олдини олади, кўз қорачиғининг шаффофлигини таъминлайди, кўриш равшанлиги ва қувватини оширади. Бундан ташқари танадаги оғриқни камайтиришда ҳам кўз ёшининг ўрни бор.

Аллоҳ таоло бизга Ўзидан қўрқиб йиғлаш неъматини ато этган. Агар инсон Аллоҳ таолодан қўрқиб йиғласа, хотиржамлиги ва ихлоси зиёда бўлар экан. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деган: 

وَيَخِرُّونَ لِلأَذْقَانِ يَبْكُونَ وَيَزِيدُهُمْ خُشُوعاً

“Ва юзлари ила йиқилиб йиғларлар ва у хокисорликларни зиёда қилур” (Исро сураси, 109-оят).

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Аллоҳдан қўрқиб йиғлаган киши, то сут елинга қайтгунича, дўзахга кирмайди”. Термизий ривояти.

Маълумки, туя, сигир, қўй каби ҳайвонлардан соғилган сут ҳеч қачон елинга қайтмайди. Демак, Аллоҳ таолодан қўрқиб йиғлаган киши дўзахга кирмайди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Икки кўз борки, уларга дўзах ўти тегмайди. Булар: Аллоҳдан қўрқиб йиғлаган кўз ва Аллоҳ йўлида қўриқчилик қилиб, бедор ҳолда тонг оттирган кўз”. Термизий ривояти.

“Кўзга дўзах ўти тегмайди” дегани ўша кўзнинг соҳибига дўзах олови тегмайди деганидир.

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо шундай дедилар: “Аллоҳдан қўрқиб кўз ёши тўкишим мен учун минг динорни садақа қилишимдан яхшироқдир”.

Буюк саҳобийнинг бу ҳикматлари ҳам Аллоҳ таолодан қўрқиб йиғлашнинг савоби, фазилати қанчалик улуғлигини кўрсатиб турибди. Аллоҳ таолодан қўрқиб кўз ёши тўкиш минг дона тилла тангани садақа қилишдан яхшироқ экан.

Аллоҳ таоло бизни Ўзидан қўрқиб йиғлайдиган ва бунинг натижасида иймон нури, хушуъси зиёда бўладиган бандаларидан қилсин, омин!

 

Интернет маълумотлари асосида

Нозимжон Иминжонов тайёрлади

1224 марта ўқилди

Мақолалар

Top