Мақолалар

Бир гуруҳ шахсларнинг Ўзбекистонда рус тилига расмий тил мақомини бериш таклифи билан чиқиши кейинги кунларда ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

Ўзбекистон — кўп миллатли давлат. Республикамизда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари истиқомат қилади. Юртимиз аҳолисининг 80 фоиздан ортиғини ўзбеклар ташкил этиб, уларнинг умумий аҳоли сонидаги улуши мунтазам ошиб бормоқда. Шунингдек, бошқа миллатларнинг кўп сонли жамоалари ҳам мавжуд. Уларнинг 10 фоиздан ортиғи — Марказий Осиё халқлари вакилларидир. Рус ва бошқа славян халқлари вакиллари республика аҳолисининг 10 фоизини ташкил қилади.

Бугунги кунда республикамизда таълим 7 тилда (ўзбек, рус, қорақалпоқ, қозоқ, қирғиз, туркман, тожик тили) олиб борилади. Таълим ўзбек тилида олиб борилмайдиган икки мингдан ортиқ мактаблар фаолият олиб бормоқда.

Бизнинг қадимий ва саховатли заминимизда кўп асрлар давомида турли миллат ва элат, маданият ва дин вакиллари тинч-тотув яшаб келган. Меҳмондўстлик, эзгулик, қалб саховати ва том маънодаги бағрикенглик бизнинг халқимизга доимо хос бўлган ва унинг менталитети асосини ташкил этади.

Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларимизда Ўзбекистон Республикасининг барча фуқаролари миллати, тили ва динидан қатъий назар, тенг ҳуқуқ ва эркинликларга эга экани мустаҳкамлаб қўйилган. Уларга ўз миллий маданияти, анъана ва урф-одатларини сақлаш ҳамда ҳар томонлама ривожлантириш учун барча имкониятлар яратилган. Мамлакатимизда 16 та конфессияга мансуб диний ташкилотлар эркин фаолият юритмоқда. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ўз кўрсатувларини 12 тилда намойиш этмоқда, ўндан ортиқ тилда газета ва журналлар нашр этилмоқда.

Миллатлараро муносабатларни янада уйғунлаштиришда 137 та миллий маданий марказнинг алоҳида ўрни бор. Улар ўзларининг маданияти, анъана ва урф-одатлари, тили, халқ ҳунармандчилигини ривожлантириб, турли маданиятларнинг бир-бирини ўзаро бойитишига, ҳар биримизда кўп миллатли ягона оила туйғусини мустаҳкамлашга салмоқли ҳисса қўшмоқда.

Аллоҳ таоло муборак китобида “Эй одамлар! Биз сизларни бир эркак ва аёлдан яратдик ва сизларни ўзаро танишишингиз учун халқлар ва қабилалар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳнинг ҳузурида энг ҳурматлигингиз энг тақводорингиздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир” (“Ҳужурот” сураси, 13-оят), деб марҳамат қилган. Демак, одамларнинг ҳар бири бир ота-онанинг фарзандларидир. Уларнинг турли халқлар ва қабилаларга бўлинишининг сабаби эса, ўзаро танишиш, маърифат ҳосил қилишдир.

Яратганга беадад шукрлар бўлсинки, юртимизда ҳар бир миллат ва элат вакилларининг ўз она тилида мулоқот қилиши, маданияти, миллий анъана ва қадриятларини асраб-авайлаши ва давом эттириши учун барча имкониятлар мавжуд. Бунинг ҳуқуқий асослари Конституция ва қонунларимизда белгилаб берилган. Ана шундай пайтда айрим кишиларнинг кимларгадир хушомад ёки бошқа манфаат илинжида рус тилига расмий тил мақоми берилишини даъво қилиши ҳеч бир мантиққа тўғри келмайди. Аксинча, улар бу хатти-ҳаракатлари билан миллатлар ўртасидаги самимий, ўзаро ҳурматга асосланган муносабатларга соя солиши мумкин.

Бугунги глобаллашув даврида кўп тил билиш барчамиз учун ҳаётий зарурат. Шунинг учун ҳам болаларимизга ёшлигидан она тили – ўзбек тили билан бирга бир неча чет тилларни, хусусан, рус тилини ҳам ўргатишга ҳаракат қиламиз. Бу ҳар бир инсоннинг эркин танлови асосида амалга оширилади. Бунга бировни мажбурлашнинг ҳожати йўқ. Ҳар ким ўз эҳтиёжидан келиб чиқиб, истаган хорижий тилини ўрганади. Бас шундай экан, халқ гаплашадиган, муомала қиладиган асосий тилдан бошқа тилга давлат тили ёки расмий тил мақомини беришни даъво қилиш фақат айрим куч ва тоифаларнинг манфаати учун қилинган ҳаракатдир.

 

Зайниддин ЭШОНҚУЛОВ,

вилоят бош имом хатиби

612 марта ўқилди
Другие материалы в этой категории: « Рамазон ҳикматлари Тош – қалбдан юмшоқ »

Мақолалар

Top