Мақолалар

Муҳаммад Тақий Усмонийнинг рамазон ҳақида айтганлари

Танловга!

Рамазон – Аллоҳнинг ойи

Рамазон Аллоҳнинг улуғ неъмати. Албатта бирор нарсанинг ҳақиқий қадрини руҳонияти моддий оламдан юқори ҳамда ризо ва яқинлик оламига талпинган кишигина билади. Раҳмат ва мағфират ёмғиридан, эҳсон ва яхшилик шамолидан нималар рўй беришини уни тушунган, ҳис қилган одамгина англаб етади. Шунинг учун Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам Ражаб ҳилолини кўрганларида дуони кўп қилар эдилар: “Аллоҳим, бизларга ражаб ва шаъбонни барокатли қилгин ҳамда рамазонга етказгин!” [1]

Бу муборак ойнинг ташриф буюришини катта завқу шавқ билан кутар, унинг ҳақиқий маъносини, Аллоҳнинг ойи эканлигини яхши билар эдилар.

Бизнинг зоҳирий кўзларимиз рамазонни фақат кундузи рўзадор, кечалари қоим бўлиш деб билади. Лекин ҳақиқат бундан олийдир. У Аллоҳнинг ойидир. Аллоҳ таоло бу ойда бандаларини Ўзига яқин бўлиш, моддият кишанларидан халос бўлиш, руҳиятимиз тақозо қилган қилган амаллардан куну тун бизларни чалғитиб қўйган дунёвий ишлардан қутулиш каби неъматлар ила икром қилади.

Инсон нима учун яратилган?

Зарият сурасида айтилганидек: “Жин ва инсонларни фақатгина Ўзимга ибодат қилишлари учун яратдим” (56). Ушбу оят очиқдан-очиқ инсоннинг яратилиш сабаби уни яратган Роббга ибодат қилиши эканлигини кўрсатиб бермоқда.

Тўғри, фаришталар ҳам ибодат қиладилар. Лекин уларнинг хилқатлари ва табиатлари фақат ибодатга хосланган, унга зид келувчи нарсалардан холидир.

Инсоннинг фитрати эса мураккаб – бошқа нарсалардан ҳам таркиб топгандир. Ўзи ва ибодатига халқит берадиган ҳавойи нафси, қийинчиликлар, маъсият ва гуноҳга ундаб турувчи ишлар, тирикчилик учун қиладиган ҳаракатлари билан бир қаторда ибодатга мукаллаф – буюрилгандир. Шунча ишлардан ибодатни афзал билиши, устун қўйиши уни малоикалардан ҳам юқори қилади.

Ибодат икки қисмдир

Ибодатнинг икки қисмини кўпчилик нотўғри тушунгани боис, ўзича талқин қилади.

Ибодат аслида икки қисмдир:

  1. Воситасиз, асли ўзи бўлган ибодат. Яъни фақат ибодат учун хосланган, шунинг учун жорий қилинган, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло учун бандалик ва хорликни юзага чиқариш учун қоим қилинган ишлар. Масалан, намоз, рўза ва ҳаж кабилар.
  2. Бошқалар сабабидан ибодатга айланадиган ишлар. Яъни, бунда асл мақсад бандаликни рўёбга чиқариш бўлмайди. Лекин бирор ҳожат ва дунёвий мақсадлар ила бу ишларни амалга оширувчи шариат чегараларига риоя қилса, Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам суннатларига эргашса ҳамда қилаётган ишидан Аллоҳ таолонинг розилигини кўзласа – барча ишлари ибодатга айланиб, ажрга эга бўлади. Масалан, ҳалол касб. Одатда инсон ўзи ва аҳлининг ҳожатлари юзасидан ҳалол касб қилади. Аммо, ўша ҳалол касбни ҳам ўзи ва аҳлининг шаръий ҳақлари деган ниятда амалга оширса, қилинган тўғри ният ишларини ибодатга айлантириб юборади.

Биринчи қисм афзал ва олийдир. Шариат уни иккинчи қисм билан тўқнаш келган ҳолатларда тарк қилишга изн бермаган. Мисол учун, бир табиб ёки шифокор халқни даволаш учун хизмат қилади. У халқни даволагани, уларга хизмат қилиши, муҳим иш билан банд бўлгани – асли ўзи ибодат бўлмиш намозни тарк қилишига, уни кечиктиришига сабаб бўлолмайди, узр ўрнига ўтмайди.

Инсон ибодат ва  дунё орасида бўлади

Инсон турли машғулотлар ва қийинчиликлар орасида туриб ҳам ибодат қила олиши ила синалади. Аслида биз ибодат учунгина яратилганмиз. Аллоҳ таоло бизнинг нафсларимзни жаннат эвазига сотиб олган, шу боис ҳаётимизнинг ҳар бир лаҳзасини ибодатга хослаб қўйса ҳам бўларди, лекин У Зот бизларга раҳм қилиб, ҳам ибодат, ҳам касбу корни ёнма-ён амалга оширишга рухсат берди. Агар зироат ва тижорат билан шуғалланиб, ўзини Яратган Робб борлигини унутса, бебаҳо жаннат эвазига нафсини сотиб олган Молик борлигини ёддан чиқарса, ўзининг Аллоҳ олдидаги вожиблари, аҳду паймонларига риоя этмаса – дунёси ибодатларидан устун келган бўлади.

Рамазон Аллоҳга яқин бўлиш ойи

Ибодатларнинг табиати инсонларни Аллоҳга яқин қилиш бўлса, дунёвий ишлар эса – агар шаръий ҳақларга риоя этилмаса, - руҳоният оламидан узоқ қилади, маъсиятларга олиб боради. Ўн бир ой инсонни моддий ҳаёт Аллоҳга бўлган яқинлигини заифлаштиради. Аллоҳ таоло ўзнинг меҳрибончилигидан рамазонни тушириб, уни “шаҳруллоҳ” деган. Ибодат, қурбат ойи деб белгилаган. Инсонни яна Ўзига боғланишга, хиралашган қалбини сайқаллашга фурсат қилиб қўйган. Бошқа ибодатларга қараганда рўзани юқоридаги мақсадларни амалга оширишда етакчи дея эълон қилган. Рамазоннинг барча лаҳзаси, фурсати ва онларини тоат ва ибодатга айлантирган.

Муборак меҳмонни қандай қарши оламиз?

Отам роҳимаҳуллоҳ айтар эдилар: “Муборак ойни кутиб олишнинг энг яхши йўли – у келишидан аввал эътиборинг ва ишларингни унга мослашингдир. Яъни қиладиган ишларингни рамазонда тарк қилишинг ёхуд ундан кейинга суришинг керакки, сен рамазоннинг барчасини ибодат ила ўтказишга эриш”.

Ким ишхонасидан рамазон учун йиллик таътилни олишга имкон қилса, таътил сўрасин, агар бунга қодир бўлмаса, ҳар бир лаҳзаси ва вақтларини биринчи қисм бўлмиш ибодатга хослаш учун тартибга солсин, режалаштириб қўйсин.

Набий саллоллоҳу алайҳи васалламнинг ҳар бир соатлари, ҳаётлари ибодат, тақво, нафсни тарбиялаш, даъват, ҳамда Аллоҳнинг динини тарқатиш йўлида курашлар билан ўтган бўлсада, у зотни ибодатга ажраб чиқишга буюрган!

Бу ойда инсонни турли-туман дунёвий ишлари, халқнинг хизмати сабабидан ибодатдан чалғитувчи шайтонга бирор йўл қолдирилмаган. Кимнинг ҳаёти Набий саллолоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлари, ибодатларига ўхшайди?!

Биз айтган мақсадларни рўёбга чиқариш учун рамазон ойида қуйидаги ишларни амалга оширишимиз лозим:

  1. Намозларни кўпайтириш. У мўминнинг меърожи ва Набий саллоллоҳу алайҳи васалламнинг кўзлари қувончи бўлиб, инсонни айниқса сажда ҳолида Аллоҳга яқин қилади. Қирқ кун таровеҳ намозларида мўмин бахтиёр бўлади.
  2. Қуръон тиловати кўп қилиш. Намоз ва рўза билан бир қаторда қандай қилиб Қуръони карим тура олмасин? Ахир у рамазон ойи билан боғлиқ-ку. Шу ойда нозил бўлган. Жаброил алайҳис салом рамазон ойида Пайғамбаримизга Қуръонни талқин қилган, ундан таълим берган. Бошқа ойларга қараганда салафи солиҳларимиз унинг тиловатини кўп қилганлар. Ривоят қилинишича Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ бу ойда ҳар куни икки маротаба – кечаси ва кундузи хатм қилар, бундан ташқари таровеҳда ҳам бир хатм қилар эдилар. Натижада бир ойда 61 та хатм бўлар эди.
  3. Нафл намозларини ўқиш. Одатда ўқиёлмайдиган нафл намозларимиз учун рамазон ойи осон йўлдир. Масалан, саҳарликка эрта уйғонсак, таҳажжуд, бундан ташқари кундузи зуҳо, шомдан кейин аввобин намозларини адо қилишимиз мумкин бўлади.
  4. Нафл садақалар қилиш. Бу ой саховат, яхшилик, кенгчилик ва мурувват ойидир. Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам рамазонда эсган шамолдан ҳам сахийроқ бўлар эдилар. Сўрганга берар, фақирга ато қилар, уларни ноумид қўймасдилар.
  5. Зикрни кўпайтириш. Бу ойда хоҳ юрган, хоҳ турган, хоҳ ёнбошлаган, хоҳ бирор ишга уннаган, бажараётган бўлсакда, тилимиз Аллоҳга тасбеҳ, таҳлил, “ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳ”, истиғфор ва саловат ила хўл бўлиши нақадар яхши.
  6. Дуода бўлиш. Рамазон яхшилик ва барака ойидир. Қабул ва ижобат шамоли эсиб туради. Раҳмат ва мағфират булутлари кезиб юради. Ал-Малик Ас-Сомад зот нидо қилур: “Истиғфор айтгувчи борми, уни мағфират қиламан. Сўровчи борми, сўрагани бераман”. Афсус, Аллоҳга муҳтож банда ғафлатда қолади. Мавлойингиз Аллоҳ таолодан кечаси, кундузи, тонгда, тунда сўранг. Сиздан саховат ва карамини дариғ тутмагай. Гуноҳингизни кечиргай, сўрганингизни бергай. Қандай қилиб Малик зотнинг нидосига “лаббай” деган бандага сўраганини бермасин, албатта бергай!

Муршидим Шайх Орифий роҳимаҳуллоҳ бунинг маъносини ниҳоятда чуқур англаган инсон эди: Аср намозидан сўнг масжидда қолар, бироз тиловат ва тасбеҳ қилиб, то қуёш ботиб, ифтор маҳали келгунича Аллоҳга дуо қилишдан тўхтамас эди. Келинг, биз ҳам дуо ва сўрашга юзланайлик. Ўзимиз, яқинларимиз, умматимиз ва диёрларимиз учун барчамиз бирга дуо қилайлик!

“Мақолатул Усманий” китобидан Н.Саидакбарова таржимаси

 

[1]“ Муснади Баззор”

617 марта ўқилди

Мақолалар

Top