Мақолалар

Гўзал, лекин одобли эмас!

Танловга!

Биринчи Тошкент тиббиёт институтининг стоматолигия бўлими. Рўза ойи бўлишига қарамай талай кишилар шифокорга навбат кутишмоқда. Кимдир тиш олдиргани, кимдир тиш солдиргани, яна кимдир фарзанди ёки набирасини етаклаб ҳамроҳ бўлиб келган. Дам институт ўқувчилари, дам шифохона ходимлари йўлакдан у ер-бу ерга юриб, навбат кутаётганларни чалғитгандай бўлади. Навбат кутиш, турли-туман дориларнинг ҳиди, ғиз-ғиз ишлаётган аппаратларнинг тўхтовсиз овози, рўзадорлик, куннинг иссиғи баъзиларнинг юзига чарчоқ солган, бетоқат қилган. Кимдир эса енгил мудроқ уйқуда. Ҳеч ким биров билан ортиқча гаплашишга тоқати ҳам, хоҳиши ҳам йўқ. Иши битса-ю, тезроқ шу зерикарли маскандан кета қолса...

“Шарақ” этиб йўлак эшиги очилди. Бир хилликдан безиб турган беморлар дарҳол ўша томонган қаради: Ораста кийинган, ҳусни жамоли ўзига ярашган ўрта ёшлардаги бир келин қайсидир кабинет шифокори етовида кириб келди. Ҳақиқатда гўзал ва хушбичим бу аёл кўпчиликнинг эътиборини тортди. У “кутиб туриши” кераклиги ишорасини олгач, шифокорининг хонаси олдидаги ўриндиққа оҳиста ўтирди. Аммо, ёнидаги ёши катталарга салом бермади. Чиройли сумкачасини очди. Катта телефонини қўлига олиб, тинмай жиринглаётган қўнғироққа жавоб қилди: “Алло, ҳа, нима двурасиз? Ўзи ҳози келдим. Қаттан етиб бораман, очерд кутвомман. Шунақа даҳмазалариз боракан, олдинроқ этмисми?! Бопти-бопти, нервим чиқди уже, неварезга телефонни беринг! Алло, Малишка, манга қара, бувинг кечга ифторга опа-сингилларини чақирибди. Ҳаммаёқни ялаб чиқ, айвон, меҳмонхона, коридорни пелесос қил. Баняларни уборка қил. Хўўш, брусчаткаларни геллаб юв. Бувингмас, ўзинг столни накриват қиб қўй. Сервисларни ишлат, додам замонидаги тарелкаларни обчиқиб таша. Овқатни ўзим бориб қиламан. Сан компот қайнатиб қўйсанг бўлди. Нима-а? Мактабим? Этган ишларимга улгурсанг, кетавер. Пока что, уйда бўласан. Ман-ми? Зубнойдаманку дура! Бўттан чиқиб, бир-икки ишим бор. Потом уйга бораман. Всё! Бувингга эътибор қима, билиб-билиб ишини қил!” Кўринишидан мулойим ва латофатли кўринган бу келинчакнинг дағал овози-ю, қаттиқ зардалари кўпчиликни лол қолдирди. Очиғи буни кутмаганди. 

Келинчак асабийлашганча телефонини ўчирди. Сумкачасидан кичкина “coca-cola”ни олди. “Писсс” этиб гази чиққан ичимликка кўпчилик қараб қўйди. Индамай бошига кўтарганча ичимликни сипқирди, унга ҳам қониқмади шекилли, “криешки” қарсилдоғини олди. “Қасур-қусур” қилиб қотган нонларни атрофдагиларга безрайиб қараганча ея бошлади. Ичкаридан шифокор ҳамшираси чиқиб, “Киринг, синглим”, деди. У шошганча, қолган ичимлигини тикка туриб ғарғара қилганча, ичиб олди. Доктор хонасига кириб кетди.

Ёши катталар бош чайқаганча: “Афсус, гўзал аёл, аммо бетарбия ва одобсиз экан. Рўза тутмасанг ҳам, рўзадорларни, рўза ойини, ўзингдан катталарни ҳурмат қилса бўларди... Ким табия берган экан-ааа?!” дея ачиниб қўйишди.

Ҳақиқий гўзаллик ва фусункорлик Аллоҳнинг буйруқларига бўйинсуниб, шариатга амал қилишдадир. Зеро, қанчадан-қанча хурлиқо ва таманнолар борки, турмуш ўртоқлари уларнинг бадфеъллари, итоатсизликлари ва ёмон хулқлари учун суймайдилар, аксинча кўнгиллари безиллаб туради. Уларнинг мисоли далада чиройли очилган сассиқ гулларга ўхшайди. Алҳол, қанчадан-қанча чиройи у даражага етмаган, вазни, қомати хушбичим бўлмаган солиҳа аёллар борки, жуфти ҳалоллари уларни кафтиларида тутадилар, меҳр аямайдилар. Ширинсўз ва итоаткор аёллари ёнига шошиладилар. Бу каби аёллар жамбулни эслатади. Ўзи жозибадор бўлмасада, мазаси ва фойдаси учун қишин ёзин рўзғордан аримайди.

 

Хадичаи Кубро аёл-қизлар билим

юрти ўқитувчиси Н.Саидакбарова

1085 марта ўқилди

Мақолалар

Top