Версия для печати

Мақолалар

Рамазон ойидан бошқа кунларда рўза тутиш ва уларнинг ҳукмлари

Мана муборак рамазон ойи ҳам кўз очиб юмгунча ўтиб кетди. Бир ой давомида меҳмон каби ташриф буюрган бу улуғ ой барча учун сакинат, мағфират, раҳмат, қурбат, шифо бўлиши билан бир қаторда таълим-тарбия ойи ҳам бўлди, иншааллоҳ!

Агар эътибор қилсак, йилнинг ҳеч қайси ойида бунчалик кўп ва узун рўза тута олмаймиз. Рамазон бизни сабр ва ихлос билан рўза тутишга ўргатади. Бир ой давомида тутилган рўзанинг шираси кетмай туриб бошқа фарз бўлмаган рўзаларни тутиш ҳам ҳадиси шарифларда тавсия этилади. Қуйида Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам биз умматларга тавсия қилган ҳамда ўзлари тутиб юрган рўзалар, уларнинг ҳукмлари ва даражаларини Имом Термизийнинг ривоятлари асосида  баён қилиб ўтамиз.

  1. Муҳаррам ойида рўза тутиш

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Рамазон ойидан кейинги афзал рўза Аллоҳнинг муҳаррам ойидаги рўзадир”. (Ҳасан ҳадис)

Шарҳ: Муҳаррам ойидаги рўза Ашуро куни ва ундан бошқа кунларни ҳам ўз ичига олади. Бу ердаги фазилат жузъий бўлиб, унинг фазилати Арафа куни рўзаси фазилатига зид келмайди.

  1. Жума кунида рўза тутиш

Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам ҳар ойнинг бошида (энг яхши кунида) уч кун рўза тутар эдилар. Жума куни камдан-кам оғизлари очиқ бўлар эди”. (Ҳасан ҳадис)

Абу Ийсо айтади: “Аҳли илмлар жума куни рўзасини мустаҳаб санадилар. Унинг макруҳлиги олдидан ё ортидан қўшиб рўза тутмасликдадир”.

Шарҳ: Пайғамбаримиз алайҳис салом ҳар ойнинг аввалида, афзал кунида, ой кўринганида рўза тутганлар. У ҳар ойнинг “оқ кунлари” - 13-14-15 кунлар дея эҳтимол қилинади.

Жума куни рўза тутганлари эса олдидан ёки ортидан рўза бўлганлар дея таъвил қилинади. Жума кунининг ўзида рўзадан қайтариқ оммага қаратилган бўлиб, ушбу кунни ҳурмат қилишлари, улуғлашлари учундир. Яна ибодат кунининг ўзида рўза тутувчи яҳудийларга ўхшаб қолмасликка тарғиб бор. Бошқа ҳадисда ёлғиз шу куннинг ўзида рўза тутишдан қайтарганлар. Шундай бўлсада, жума куни ўзида рўза тутиб, олдидан ва ортидан рўза тутмасликнинг ҳеч қиси йўқ. Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ мутлақ жума куни рўза тутиш мубоҳдир, деганлар. Имом Шофеъий макруҳ санаганлар.

  1. Шанба куни рўза тутиш

Абдуллоҳ ибн Буср, у опасидан ривоят қилади: “Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Шанба куни рўза тутманг, илло сизларга фарз бўлган рўза бўлса майли. Сизлардан бирортангиз нарса топа олмаса узумнинг пўсти ёки дарахтнинг шохини бўлса ҳам чайнаб юборсин”. (Ҳасан ҳадис)

Шарҳ: фарз бўлган рўзадан мурод рамазоннинг қазоси, каффарот, назр каби рўзалар шу кунга тўғри келса, ҳеч нарса бўлмайди. Шанба куни рўза тутиш ҳудди жумага ўхшаб ёлғиз рўза тутишдан қайтариқ сингаридир. Оддий нарсани чайнаб бўлса ҳам оғиз очиш таъкидаланишининг сабаби – яҳудийлар шанба кунинигина улуғлайдилар.

  1. Душанба ва пайшанба рўзаси

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам душанба ва пайшанба рўзаларини тутиб юрар эдилар”. (Ҳасан-ғариб ҳадис)

Шарҳ: душанба ва пайшанба кунлари амаллар тепага кўтарилади. Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам бу икки кун рўзадор бўлишни яхши кўрганлар. Оиша онамиздан келтирилган бошқа ҳадисда Пайғабаримиз ҳар ойдан олти кун; якшанба, душанба; бошқа ойда эса сешанба, чоршанба ва пайшанба рўза тутганлари айтилган.

  1. Убайдуллоҳ ибн Муслим Қуроший отасидан, у киши Пайғамбаримиз алайҳис саломдан йил бўйи рўза тутишни сўради. Шунда У зот: “Албатта, сенда аҳлингнинг ҳам ҳаққи бор. Сўнгра дедилар: “Рамазон рўзасини тут, кейин унинг ортидан келадигани, ҳар чоршанба ва пайшанба рўзасини. Шунда сен йил бўйи рўза тутган бўлсан, оғзинг очиқ ҳам бўлади”. (Ғариб ҳадис)

Шарҳ: Рамазондан кейинги рўза Шавволдан олти кун, бошқа қовлга кўра Шаъбон рўзаси ирода қилинган дейилади. Шавволдан олти кун, Чоршанба ва пайшанба рўзаларини ҳам тутиб юрса, худди бир йил рўза тутгандек бўлади.

Ибн Нужайм Мисрий айтади: “Мандуб рўза ҳар ойдан уч кун, оқ кунларда рўза тутишдир”.

Ҳадиснинг кўрсатмасига кўра ҳисоблаб чиқамиз:

Рамазон 30 кун + шавволдан 6 кун + 11 ойдан уч кун жами 33 кун, уни ҳар бир амалга 10 савоб қоидасига кўра 10 га кўпайтирамиз =  330 + 30 + 6 = 366. Демак, шу тарзда рўза тутиб юрган одам йил бўйи рўза тутгандек бўлади, оғзи ҳам очиқ юради.

  1. Абу Қатода ривоят қилади: “Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Арафа кунининг рўзаси, уни Аллоҳ ўша йилдан аввалги ва кейинги йилдаги гуноҳларга каффорот қилади, деб ўйлайман”. (Ҳасан ҳадис)

Абу Ийсо айтади: “Аҳли илмлар арафа куни рўзасини мустаҳаб санаганлар. Илло Арафа куни Арафотда турганда рўза тутиш бундан мустасно”.

Шарҳ: Нававий “Саҳиҳул Муслим”нинг шарҳида айтадилар: “Гуноҳлардан мурод кичик гуноҳлардир. Агар кичик гуноҳлар бўлмаса, кабира гуноҳлар енгиллатилиши умид қилинади. Агар улар ҳам бўлмаса, даражаси кўтарилади”. Қози Иёз айтади: Гуноҳи кабиралар тавба ёки Аллоҳ раҳмати билан кечирилади. Кейинги йилдаги гуноҳдан мурод ўша йили гуноҳ қилишдан сақлаб қўяди. Ёки ўтган ва кейинги йилдаги гуноҳлар эвазига савоб ва раҳмат ато этади, деб тушунилади.

  1. Арофатда Арафа куни рўза тутиш

Ибн Аббосдан ривоят қилинади: “Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам Арофатда оғизлари очиқ эди, Умму фазл сут жўнатган эди, уни ичдилар”. (Ҳасан-саҳиҳ ҳадис )

Ибн Умардан ривоят қилинади: “Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам билан ҳаж қилдим, Арафа куни рўза тутмадилар. Абу Бакр билан ҳам ҳаж қилдим, у ҳам рўза тутмади. Умар билан ҳаж қилдим, у ҳам рўзани тутмади”.

Ибн Умар мен уни тутмайман ҳам, унга буюрмайман ҳам, ундан қайтармайман ҳам, деганлар.

Аксар аҳли илм Арафа куни (ҳаж пайтида) рўза тутмай, киши дуо ва ибодатга қувватли бўлиши учун оғиз очиқ бўлганини мустаҳаб санайдилар. Баъзи аҳли илмлар Арафотда арафа куни рўза тутганлар.

Шарҳ: бу борада жумҳурнинг мазҳаби бу кунда оғиз очиқ бўлгани мустаҳаб амалдир. Ато айтади: “Ким бу куни зикр қилишга қувватли бўлиш учун оғзи очиқ бўлса, рўзадорнинг савобини олади”.

Ибн Умарнинг гапларидан келиб чиқадики, Арафотда оғиз очиқ бўлиши мустаҳаб, вожиб эмас. Ким хоҳласа тутмасин, бу афзал. Ким хоҳласа тутсин, жоиздир.

  1. Ашуро куни рўза тутиш

Абу Қатода ривоят қилади: “Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Ашуро кунининг рўзаси, ун Аллоҳ таоло келаси йилга каффарот қилиб юборади, деб ҳисоблайман”.

Шарҳ: Ашуро куни Муҳаррам ойининг 10 куни. Ашуро кун рўза тутиш келаси йилги гуноҳларга каффорот бўлса, Арафа кунидаги рўза олдинги ва кейинги йилдаги гуноҳларга каффорот бўлади. Бунинг қандай фарқи бор? Ашуро Мусо алайҳис салом шариати рўзас, Арафа Набий алайҳис салом шариатига хос рўзадир. Бундан маълум бўладики, Арафа куни рўзаси афзалдир.

Ашуро куни рамазон фарз бўлмасидан аввал тутилган рўза бўлган. Рамазон фарз бўлгач, у тарк қилинган ва унинг мустаҳаблиги сақланиб қолинган.

Бошқа ривоятларда Пайғамбаримиз 10 куни рўза тутганлари, келаси йили Муҳаррамга етсалар, 9 кунни ҳам қўшиб тутишни ният қилганлари, аммо кейинги йилга етмай вафот этганлари, ёки 10 кунни ўзини тутмай, 9 кунни ҳам қўшиб тутиб, яҳудийларга хилоф қилишга буюрганлар.

Хўш, Ашуро қайси кун? Қайси кунлари рўза тутилади? Бунга жуда кўп фикрлар билдирилган бўлиб, шуларнинг хулосасига кўра, Ашуро Муҳаррамнинг 10 куни, луғат жиҳатдан ҳам тўғри келади. Арабча عاشر- “аъшир” 10 ни ифодалайди. Энди бу кунда рўза тутишга келсак, Абдулҳақ Диҳлавий “Ал-Лумаъат”да айтадилар: “Муҳаррамда рўза тутишнинг уч даражаси бор: 1.Ўнинчи кун, ундан олдин ва кейинги кун рўза тутиш – афзали шу. 2. Тўққизинчи ва ўнинчи куни рўза тутиш. 3. Ўнинчининг ўзида рўза тутиш”.

  1. Зулҳижжанинг 10 кунлигида рўза тутиш

Оиша розияллоҳу анҳондан ривоят қилинади: “Набий саллоллоҳу алайҳи васалламни ўн кунликда ҳечам рўза тутганларини кўрмаганман”.

Шарҳ: 10 кунликдан мурод Зулҳижжа ойининг аввалги 9 кунлиги. Унда рўза тутиш макурҳ эмас, балки кучли мустаҳабдир, айниқса 9-кун. У Арафа кунидир.

Набий саллоллоҳу алайҳи васалламнинг зулҳижжанинг 10 кунлигида, яъни 9 кун рўза тутмаганлари, сафар, касаллик ёхуд бошқа оризий сабаблар билан бўлган бўлиши мумкин. Оиша онамизнинг  У зотни рўзадор ҳолда кўрмаганлари, Пайғамбаримизнинг рўза тутмаганларини белгиламайди. Бошқа ривоятларда Абу Довуд бошқа оналаримиздан келтиришича, Пайғамбаримиз алайҳис салом Зулҳижжанинг тўққизинчиси ва Ашурода рўза тутганлари айтилган. “Рўза тутмаганлар” деган ривоят умматларига фарз бўлиб қолишидан қўрққанлар, деб таъвил қилинади.

Зулҳижжанинг 10 кунлигида қилинадиган амалларнинг савоби юқори. Ҳатто, Аллоҳ йўлида жиҳод қилгандан ҳам кўра Аллоҳга севимлироқдир. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда унинг бир кунидаги рўза бир йилги рўзага, бир кечасидаги бедорлик қадр кечасидаги бедорликка тенглаштирилган.

10. Шавволдан олти кун рўза тутиш

Абу Айюбдан ривоят қилинади: “Набий саллолоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Ким Рамазон рўзасини тутса ва Шавволдан 6 кунни унга эргаштирса, бу бир йиллик рўза бўлади”, дедилар. 

Абу Ийсо айтади: шавволда ҳам рўза тутиш мустаҳабдир. Ибн Муборак 6 кунни ойнинг аввалги кунлари деб билганлар. Яна у кишидан ривоят қилинишича, 6 кунни алоҳида-алоҳида тутиш жоиз.

Шарҳ: Абу Ҳанифа наздиларида бу кунлар ҳам мустаҳабдир. Асл айтилган савобни олиш учун уни бўлиб тутса ҳам бўладими ёки улаш шартми? дея ихтилоф қилганлар. “Роддул мухторда” Ибн Обидийн келтиришларича, Абу Юсуф бўлиб-бўлиб тутишни ихтиёр қилганлар.

Савол: рамазон ойида қазоси бор одам аввал қазони тутадими ёки шаввол рўзасини? Ҳадисда “Шавволдан олти кун” дейилган, аввалги “олти кун” дейилмаган. Шунга кўра, шавволнинг исталган 6 куни рўза тутса жоиз. Қазо фарз, шаввол рўзаси мустаҳаблигини инобатга олсак, аввал қазони тутиб, кейин исталган олти кунда шаввол рўзасини тутса бўлади, валлоҳу аълам!

 

Ҳабибур Роҳман Хойрободийнинг

“Мискуш шазий шарҳ Жомеъи Термизий”

китобидан Хадичаи Кубро аёл-қизлар билим

 юрти ўқитувчиси Нилуфар Саидазиз қизи таржимаси

23965 марта ўқилди