Мақолалар

Садақани ошкора бериш афзал-ми ёки махфий?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга дуруду салавотлар бўлсин 

Садақани ошкора бериш афзал-ми ёки махфий?

Бир оят тафсири

«...Биз ризқ қилиб берган нарсалардан хуфёна ва ошкора эҳсон қилган ҳамда ёмонликка яхшилик қайтарадиган зотлар, айнан ўшалар учун дунё оқибати бордир» (Раъд сураси, 22-24 – оятлар). 

“Биз ризқ қилиб берган нарсалардан хуфёна ва ошкора эҳсон қилган”.

Ибодатларнинг энг афзали махфий қилинганидир. Чунки бундай амал риёдан узоқ бўлди. Аммо тоатни ошкор қилишдан одамларга яхшиликни тарғиб қилиш, уларга намуна бўлиш ният қилинса бундай амал ҳам афзал ҳисобланади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Маҳфий қилинган иш ошкора қилинган ишдан афзал, агар ошкора қилинган иш унга эргашишлари учун қилинган бўлса, у афзалдир”, дедилар (Ҳаким Термизий ривояти).

Аллоҳ таоло бошқа оятда бундай марҳамат қилади: “Садақаларингизни агар ошкора берсангиз, жуда яхши. Борди-ю, камбағалларга пинҳона берсангиз – ўзингиз учун янада яхшироқдир ва (У) гуноҳларингиздан ўтар. Аллоҳ қилаётган (барча) ишларингиздан хабардордир” (Бақара сураси, 271-оят).

Демак, садақани ошкора берса ҳам, махфий берса ҳам яхши. Чунки Аллоҳ таоло банда қилаётган барча ишларни кўриб, билиб туради. Муҳими ният холис Аллоҳ учун бўлсин. Зеро, уламолар: “Одамлар учун амални тарк қилиш риё ва одамлар учун амал қилиш ширк”, дейишган.

Аллоҳ таоло ҳар бир амалимизни холис Ўзининг ризолиги учун адо этишимизга тавфиқ ато этсин.

 

Даврон НУРМУҲАММАД

3627 марта ўқилди

Мақолалар

Top